ҚАРИНДОШГА ҚИЛИНГАН САДАҚА ИККИ ЯХШИЛИКДИР
Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Силаи раҳм динимиз моҳиятини кўрсатиб берувчи буюк бир ибодатдир. У Қуръони карим оятларида Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш баробарида зикр этилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى
яъни: “Аллоҳга ибодат қилинглар. Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онангизга ва яқин қариндошларга яхшилик қилинг” (Нисо сураси 36-оят).
Ушбу амал мўмин-мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли амаллардан бири бўлгани учун Қуръони карим оятларида қайта-қайта такрорланади. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло силаи раҳмни ўзи буюрганини таъкидлайди. Ваҳоланки, динимиздаги барча амалларни Аллоҳ таоло буюрган. Барча буйруқларни берган зот айнан силаи раҳмга буюрганини таъкидлагани ушбу ибодат нақадар муҳим амал эканини билдиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деди:
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам силаи раҳмни намоз ва зикр ибодатига тенглаштирганлар: “Бир аъробий Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга ибодат қиласиз. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсиз. Намозни адо қиласиз. Закотни берасиз. Силаи раҳм қиласиз”, –дедилар”.
Силаи раҳм инсонийликнинг юксак кўриниши ҳисобланади. У кишининг аслиятини очиб берувчи гўзал бир хислатдир. Буни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида бўлганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ўқинг!” деб “Алақ” сураси нозил бўлган машҳур воқеадан ҳам англашимиз мумкин. Ушбу воқеадан кейин Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари титраб-қақшаб, уйларига қайтдилар. Хадича онамизнинг олдиларига кирганларида: “Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!” дедилар. У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадича онамизга хабарни айта туриб: “Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим”, – деганларида Хадича онамиз: “Ундай емас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Мусибатга учраганларга ёрдам берасиз”, дедилар. Ушбу ҳадисда силаи раҳм Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг буюк ахлоқлари қаторида зикр этилмоқда. Шунингдек, ушбу ҳадисдан мазкур ахлоқлар, жумладан силаи раҳм билан сифатланган инсонларни ҳеч қачон Аллоҳ таоло шарманда қилмаслигини ҳам билиб олишимиз мумкин. Зеро, бу сўзларни инсоният тарихида энг буюк аёллар сафида зикр етиладиган, енг биринчи бўлиб Ислом неъмати билан шарафланган ва ўта кучли фаросат соҳибаси бўлган онамиз Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо айтмоқдалар ва бу сўзлар Исломнинг енг ишончли манбаларида бугунги кунгача нақл этилиб келинмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк кунлариданоқ силаи раҳмга чақиришни бошлаганлари ҳам ушбу иш нақадар аҳамиятга эга амал эканини билдиради.
Силаи раҳм ўзига хос бўлган жуда кўп ажрларга эга қилувчи ибодат ҳисобланади. Амр ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ: “Билингларки, фарзга босилган қадамдан кейин қариндош томон босилган қадамдан кўра каттароқ ажр келтирувчи амал йўқдир”, – деганлар.
Силаи раҳмнинг ўзига хослиги шундаки, унинг мукофоти дунёда ҳам ўта тез берилади ва охират учун ҳам катта захира бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда:
яъни: “Ибодатлар ичида энг савоби тез келадигани силаи раҳмдир”, –деганлар.
Динимиз кўрсатмаларида яхшилик қилишни аввало яқин қариндошлардан бошлаш лозим эканлиги таъкидланади. Зеро бу ҳолатда қилинган яхшилик икки баробар ажр олишга сабаб бўлади. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
الصَدَقَةُ عَلَى الْمِسْكِيْنِ صَدَقَةٌ، وَعَلَى ذِي الرَّحْمِ ثِنْتَانِ، صَدَقَةٌ وَصِلَةٌ
яъни: “Мискинга қилинган бир садақадир. Қариндошга қилинган садақа икки яхшиликдир: садақа ва силаи раҳмдир” деганлар.
Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш еса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.
Баъзи одамлар ўзаро борди-келди қилиб турган қариндошларгагина яхшилик қилишни силаи раҳм деб ҳисоблайдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу тушунчани хато еканини айтадилар ва силаи раҳмнинг ҳақиқий моҳиятини баён қилиб берганлар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилишни ўз ичига олади.
Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир. Бу ишларга мол-дунёнинг сабабчи бўлаётгани янада аянчлидир. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам молу-мулк ҳақида бундай деганлар:
яъни: “Eр ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини устунлардек уюм-уюм қайт етиб чиқариб ташлайди. Шунда қотил келади ва: “Мен шулар сабабли одам ўлдиргандим”, – дейди. Силаи раҳмни узган келади ва: “Мен шулар сабабли силаи раҳмни узгандим” – дейди. Ўғри келади ва: “Мен шулар сабабли ўғрилик қилгандим”, – дейди. Кейин улар бу нарсаларни ташлаб кетадилар ва ундан ҳеч нарса ололмайдилар” (Имом Термизий ривояти).
Демак, барчадан қоладиган мол-дунёни деб Аллоҳ таолога осий бўлиш, у буюрган амрларни тарк этиш, хусусан силаи раҳмдек дунё ва охиратимиз учун ўта фойдали ишга бепарво бўлиш мўмин-мусулмонга ярашмайдиган иш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни силаи раҳм деган буюк ибодатга амал қиладиган ва унинг фазилатларига еришадиган бандалардан айласин!
Омонов Оллоёр – “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar