Ўрта Осиё хаттотлик мактаблари ва уларнинг намояндалари (3-қисм)
“Рукнул-ислом ва ҳомиюл-милла” лақаби билан машҳур Мирзо Салимбек ибн Абдураҳимбек нафақат давлат ва жамоат арбоби, балки тарихчи, муҳаддис, фақиҳ, шоир, моҳир таржимон ва хаттотлиги билан ҳам танилган шахсдир. Унинг “Кашкўли Салимий[1]”, “Таворихи мутақаддимин ва мутааххирин[2]”, “Дурратул-воизин[3]”, “Аҳодисул-аъмол[4]” каби китоблари кенг жамоатчиликка маълум ва машҳур.
Таржимонлик Мирзо Салимбек ижодида алоҳида қиррадир. Унинг диний илмлар нуктадони, араб тили билағони эканлигини машҳур аллома Жалолиддин Суютий қаламига мансуб диний-ахлоқий руҳдаги “Анисул-жалис” номли асарини форс тилига шеърий ўгириб, унга “Жомеъ ул-гулзор” дея ном берган рисоласидан, Расулуллоҳнинг минг бир ҳадисларини шарҳлаб, унга “Аҳодисул-аъмол” деб номлаган китобидан ҳам билса бўлади. У шунингдек, “Каъбул-аҳбор ривоятлари”, “Ҳикояти Абдуллоҳ ибн ал-Муборак[5]” каби тарихий асарлар таржимони ҳамдир.
Мирзо Салимбекнинг халқ орасида “Рукнул-ислом ва ҳомиюл-мулла” номи билан шуҳрат қозониши бежиз эмас. У ўтиб кетган улуғ алломаларимизга алоҳида эҳтиром назари билан қараган, уларга хизмат қилишни ўзига инсоний бурч деб билган. Фикримизнинг тасдиғи ўлароқ, Салимбекнинг бевосита раҳнамолигида ва Мирбий Йўлдош Ғиждувоний[6] кўмагида Шерободда буюк муҳаддис Имом ат-Термизий, Нурота зиёратгоҳидаги муҳаддислар, жумладан, - Абу Али Ҳасан Нурий, Абу Мусо Имрон Нурий, Абу Муқотил Аҳмад Нурий ҳамда Шофирконда Хожагон тариқатининг улуғ шайхи Хожа Ориф Ревгарийнинг қабр тошлари ва уларнинг мангу оромгоҳларини қайта таъмирлагани у ҳаёти давомида бунёдкорлик ғоялари билан яшаганидан далолат беради.
“Рукнул-ислом ва ҳомиюл-милла” унвонига сазовор бўлган бундай саховатпеша давлат ва жамоат арбоби, кўплаб китоблар муаллифи қачон ва қаерда туғилган? У ҳақда нималар биламиз?
У “Мирзо Салимбек 1851 йил (ҳижрий 1267)да Бухоро шаҳрининг Жўйбор мавзеидаги Чақар (Бухорода Чақар номли гузар иккита бўлган: Чақари Чашма Аюб ва Чақари Жўйбор) гузарида амалдор оиласида туғилади. Унинг авлодлари Бухоро амирлигининг юқори мансабларида ишлаган илмли мутафаккир кишилар бўлганлар. 1870 (ҳиж.1287) йилда, яъни 20 ёшида амакиси Абдулазизбий ибн Олимбек додхо ёрдами билан Нарпай ва Зиёуддин беклигига бориб, Останақулбекнинг мирзохонасида мирзолик вазифасида ишлайди.
Мирзо Салимбек Зиёуддин беклигида ўзининг билимдонлиги, қобилиятлиги билан тезгина танилиб қолади ва олти ойдан кейин амир Музаффархон уни Тошкентга юборади.
Мирза Салимбек Хитой чойи билан савдо қилувчи савдогар ниқоби билан Тошкентда 12 йил яшайди.
Унинг вазифаси рус амалдорларининг ишларини кузатишдан иборат эди, бир қанча рус амалдорлари билан яқин алоқада бўлиб, ҳар олти ойда Бухоро амирига келиб ахборот бериб турарган.
1882 (ҳиж. 1299) йилда амир Музаффархон уни Тошкентдан чақириб олади ва у бир неча вақт саройда хизмат қилади. Икки йилдан кейин Туркистон генерал губернаторлиги мансабига Розенбах (1884-1889) тайинланади.
Амир Музаффар Розенбахни Тошкентдан Самарқандга келгани муносабати билан элчи вакиллари гуруҳини юборади. Улар орасида Мирза Салимбек ҳам бор эди. Туркистон генерал губернатори Розенбах Чариковни Бухорога доимий вакил қилиб юборади. Унга жавобан амир Музаффар Салимбекни Тошкентга Бухоро амирининг доимий вакили қилиб жўнатади.
Амир Музаффар, агар Тошкентдаги вакилимни чақириб олсам, Россия ҳам ўзининг Бухородаги вакилини чақириб олади, деган фикрга бориб Мирза Салимбекни Тошкентдан чақириб олади. Лекин амирнинг бу режаларининг акси бўлиб чиқди.
Россия Бухоро амирлиги устидан назоратни янада кучайтириш мақсадида 1885 йилда императорликни Бухородаги сиёсий агентлиги идорасини ташкил қилади. Энди Бухоро амири сиёсий агентлик ходимларига тамомила тобеъ бўлиб, ҳатто уларнинг розилигисиз ташқи давлатлар билан алоқа олиб бориш ман қилинади, Бухоро давлат чегараларида рус гарнизонлари жойлаштирилади. Бухоро амирлиги ўзининг мустақиллигини тамомила йўқотган ярим мустамлака давлатга айланиб қолган эди. Амир Музаффархон 1886 (ҳиж. 1303) йилда Мирзо Салимбекни Хатфар ва Сомжин туманларига амалдорлик мансабига тайинлайди. Салимбек бу мансабда амир Абдулаҳадхон тахтга ўтирган йилгача ишлайди. Ундан сўнг элчилар қаторида Петербургга боради.
1889 (ҳиж. 1306) йилда Салимбек Бухоро миршаби лавозимида беш йил хизмат қилади. Ундан кейин Яккабоғ вилоятига беш йил, Нурато вилоятига тўрт йил, Бойсун беклигига икки йил хизмат қилиб, Бухорога келиб додхолик унвони берилади ва Шеробод вилоятига ҳокимлик мансабига тайинланади.
Амир Аҳадхоннинг умрининг охирги йилларида Шаҳрисабзда ҳокимлик вазифасида ишлайди.
Инқилоб даврида йирик амир амалдори сифатида қамоққа олинади. Бутун мол-мулки мусодара қилинади. Бухоро ҳукумати қарори билан неча амалдорлар қатори Мирза Салимбек ҳам ҳибсдан озод қилинади. Совет идораларида кичик лавозимларда ишлайди. Ниҳоят Бухоро давлат кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида ишлайди.
1921 йилда Бухорода “Анжумани тарих” деб аталган Бухоро тарихини ўрганиш жамияти ташкил қилинади. Бу жамиятнинг аъзолари 7 кишидан иборат бўлиб, булар орасида Мирзо Салимбек ҳам бор эди.
Мирза Салимбек 1930 йилнинг мартида Бухоро шаҳрида вафот этган”[7].
Мирзо Салимбекнинг “Рукнул-ислом ва ҳомиюл-милла” бўлганлигига, толиби илмларнинг бошини сийлаб, илмга рағбат уйғотганига шахсан ўзи гувоҳ бўлган марҳум бухоролик машҳур хаттот Қори Абдулазиз (ваф.1982) Мирзо Салимбек ҳақида бир воқеани шундай эслаганди: “Мен тахминан 18-20 ёшда эдим. Мирзо Салимбекнинг ўғли мен билан бирга мадрасада ҳамсабоқ эди. Биз дарсдан кейин ўртоғим билан унинг уйига бир иш билан бордик. Ўртоғимнинг отаси Мирза Салимбекка бир ҳужжатни тезда чиройли хатда кўчириб бериш керак экан. Мен уни дарров ёзиб бердим. Мирзо Салимбек ёзган хатимни кўргач, эвазига бир ҳовуч санамасдан пул бердилар. Уйга келиб ўша пулларни санасам Мирзо Салимбек менга берган пуллар беш йиллик харажатларимга етгулик пул экан. Шундан кейин менинг хаттотликка муҳаббатим ошди. Ҳуснихатнинг шарофатини, баракотини билдим. Шу сабаб бўлиб, араб ёзувининг бошқа хил хат турларини ҳам ўргандим”.
Албатта, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу бир кичик мисол. Лекин умумий хулоса қилиш мумкинки, Мирзо Салимбек ўз даврида толиби илмларнинг илм таҳсили учун имкониятлар яратиб берган, ҳомийлик қилган, етимларнинг бошини сийлаган, ўз мансаби имкониятларидан фойдаланиб Ислом равнақи ва халқ манфаати йўлида куч-ғайратини сафарбар қилган.
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] ЎзР.ФА. ТДШИ қўлёзмалар фондида ин.2016 рақами остида сақланмоқда. Бу асар 1910 йилдан кейин то инқилобгача Когонда тошбосма усулида чоп этилган.
[2] Бу асар 1910 йилдан кейин то инқилобгача Когонда тошбосма усулида чоп этилган.
[3] Бу асар 1910 йилдан кейин то инқилобгача Когонда тошбосма усулида чоп этилган. 2003 йилда ўзбек тилига таржима ҳам қилинди.
[4] Бу асар 1910 йилдан кейин то инқилобгача Когонда тошбосма усулида чоп этилган.
[5] ЎзР.ФА. ТДШИ қўлёзмалар фондида ин.5729 рақами остида сақланмоқда. Бу асар 1910 йилдан кейин то инқилобгача Когонда тошбосма усулида чоп этилган.
[6] Мирбий Йўлдош Мирзо Салимбекнинг мирохўр (архитектура ишлари бўйича масъул)и бўлган. Унинг қабр тоши ҳозирда “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” ёдгорлик мажмуида сақланмоқда – А. Раззоқов.
[7] Мирзо Салимбек. Кашкўли Салимий. Таворихи мутақаддимин ва мутааххирин. /Форс-тожик тилидан ўзбекчага Нарзулло Йўлдошев ўгирган./ Бухоро: “Бухоро”, 2003, 6-9-бетлар. Мирзо Салимбек ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёритишда мазкур асардан фойдаланилди – А.Раззоқов
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar