14.09.2022

Огоҳлик ва ҳушёрлик давр талаби!

Тарихдан бизга маълумки, ота-бобо ва аждодларимиз ўзларининг бошидан қанчадан-қанча аянчли кунларни кечирган. Бугунги кунга келиб эса, биз ушбу ота-боболаримизни дуоларининг ижобати туфайли тинч ва осуда даврда эмин-эркинликда умргузаронлик қилаяпмиз. Бунинг учун эса Аввало Аллоҳ таолога шукроналар билдиришимиз даркор. 

Шу билан бирга бундай тинчлик, эмин-эркинлик ва кенг имкониятлар неъмати бизларни огоҳликка ва бундай улуғ нематни авайлаб-асраш йўлида фидойиликка чорлайди. Зеро, бундай фидоийлик шукроналикнинг амалий кўриниши ҳисобланади. Чунки, шукроналик фақат тилнинг ўзи билан бўлиб қолмай, балки  амалий ҳам бўлиши талаб этилади. Қолаверса, кечаги аянчли кунидан ибрат олмаган ва бугунги фаровон кунидан тўғри хулоса чиқариб эртанги келажагига теран назар солмаган, бир сўз билан айтганда огоҳ бўлмаган киши эҳтиётсиз  ва лоқайд саналади. Эҳтиётсиз ва лоқайд инсоннинг зарарлари қандай эканлигини биз биламиз  

Ислом динимиз таълимотларига назар ташлайдиган бўлсак, унда ҳам огоҳлик ва ҳушёрликка чақирилади. Мўмин-мусулмон кишини огоҳ ва ҳушёр ҳамда зийрак ва фаросатли бўлишга ундайди. Аксинча, ислом манбаларида эътиборсизлик, бефарқлик, лоқайдлик ва ғофилликдан қайтарилади. Бундай салбий хислатлар қораланади.

Жумладан, Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин киши ўзини бир тешикдан икки марта илонга чақтирмайди" деб айтганлар.

Олимлар ушбу ҳадиснинг шарҳи борасида: "Мўмин киши огоҳ, эҳтиёткор, зийрак ва фаросатли бўлади. У ҳеч қачон ғафлатда қолмайди ва бефарқ ҳамда эътиборсиз бўлмайди" деб айтганлар. 

Шунга ўхшаш халқимизда эса, "Кўр ҳассасини бир марта йўқотади" деган нақл ҳам бор. 

Ҳикматларда келишича бир донишманд: “Ҳақиқий оқил киши – кечаги кунидан ибрат олган, ҳамда огоҳ ва эҳтиёткор бўлган кишидир” деб айтган экан.

Бошқа бир ҳикматда эса, "Сен барча ҳолатларда ҳам огоҳлик ва эҳтиёткорликни лозим тутгин. Эҳтиёткорликни ўзинга қурғон қилиб олгин. Чунки шундай қилсанг, даврнинг қийинчилилари ва фитналаридан ҳамда ҳар хил зарарли хатарларидан ҳимоя қиладиган бир қўрғонга эга бўласан" дейилади.

Юқоридаги ҳадис ва ҳикматлар бир хатога қайта қадам қуйишдан эҳтиёт бўлишни ифодалайди ва барчамизни огоҳлик ва хушёрликка чақиради.

Аксинча лоқайдлик ва ношукрлик осойишталикка таҳдид солаётган иллатлардандир. Бундай таҳдидлар жамият аъзоларида ўз тараққиёт йўлига нисбатан ишончсизлик ва парокандаликни келтириб чиқаради.

Чунки азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Душманнинг кимлиги, асл қиёфаси аввалдан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини, унинг мақсадини бирданига билиб бўлмайди.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам “Қатъийлик, сабр-чидамлилик, соғлиқ сергаклик, эътиёткорлик ва шижоат” соҳиби бўлган инсон ҳар қандай машаққатли ишни амалга оширишга қодир”, деб айтади ҳамда "Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир" деб таъкидлайди.

Абдураҳмон Жомий ҳазратлари эса “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир” деб айтган экан. 

Шундай экан, бугунги маънавий таҳдидлар даврида ҳар хил хатар ва фитналарга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур.

Юртимизда тинч, осуда ҳаёт кечираётган, таълим олаётган, касб-хунар ўрганаётган, ўз келажагини ҳалол меҳнати, фидоийлиги, ватанга садоқати билан яратаётган ёшларимиз ҳаётига жиддий хавф туғдираётган, тарбиясига таъсир кўрсатишга уринаётган бундай маънавий таҳдидлардан ҳар биримиз, аввало ота-оналар, устоз-муаллимлар, имом-хатиблар, ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар, жамоат ташкилотлари ходимлари – барчамиз огоҳ бўлмоғимиз ва унга қарши тарғиб-ташвиқот орқали фаол курашмоғимиз керак. 

Қолаверса, ҳозирги шароитда дунёнинг турли мамлакатларида диний ва миллатчилик билан боғлиқ мажаролар рўй бериб турибди. Бу ҳар биримизни янада огоҳ ва эҳтиёткор бўлишга, жамиятимиздаги барқарорликни мустаҳкамлашга, ёшлар тарбияси учун масъулиятни янада кучайтиришга даъват этади.

 

Аббос Қосимов

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Izoh qoldirish

Izohlar