02.12.2025

ҚИШ ОБИДНИНГ ЎЛЖАСИДИР!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслнинг фазилатлари ҳақида бундай хабар берганлар:

 

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : اَلشِّتَاءُرَبِيعُ الْمُؤْمِنِ قَصُرَنَهَارُهُ فَصَامَ وَطَالَ لَيْلُهُ فَقَام

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади, кечаси узун бўлади(таҳажжудга) туради”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Аскарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида қуйидагиларни ёзган: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қиш мўминнинг баҳоридир”, дейишлари баҳор фасли арабларда энг яхши фасл ҳисоблангани учундир. Чунки бу фаслда сувлар ва ўт-ўланлар мўл бўлиши сабабли серобчилик бўлади. Араблар етимларга хайр-эҳсон қиладиган серсаховат кишини ҳам “этимларнинг баҳори”, дейишади”.

 Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъмин-мусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. Мўъмин-мусулмон қишнинг тунларида уйқудан қониб туриб, саҳарларда ибодат қилади. Таҳажжуд намозларини ўқишга одатланади. Қазо намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилади. Саҳарликларга туриб, рўза тута бошлайди. Чунки, қишнинг кундузлари қисқа бўлгани боис рўза тутиш осонлашади. Ёзнинг қайноқ кунларида рамазон рўзасини тута олмаган бўлса, уни кейинги рамазонгача қиш кунларида тутиб бергани маъқул. Бу ҳақида жаноби Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам марҳамат қилганлар:

Қишнинг ғаниматлик сабабини Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам бундай изоҳлаганлар:

أَمَّا نَهَارُهُ فَقَصِيرٌ، وَأَمَّا لَيْلُهُ فَطَوِيل

«Қишнинг кундузлари қисқа, кечалари эса узундир» 

Ғаниматнинг қандайлиги борасида Ҳазрати Али (к.в.)дан сўралганда, у бундай жавоб берган:

«Ғанимат нима?» деб сўради. У: «Тақвога рағбат, дунёда зоҳидлик – у осон топиладиган ғаниматдир» деди» 

Тақводор ва ибодатга бўйинсунганлар қиш кунларини ғанимат билиб келганлар. Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.): الشِّتَاءُ غَنِيمَةُ العَابِد – «Қиш обиднинг ғаниматидир!» деган.

Қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир дейиш ҳам мумкин. Мўминлар баҳори бўлган ушбу фаслни ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ айласин.

 

 Оллоёр Омонов - “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar