ИСЛОМ ДИНИ ИРИМЧИЛИККА ҚАРШИ
Ҳозирги кунда халқимиз орасида асл эътиқодга зид баъзи фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан: йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтса, бир фалокат юз беради, деб тушунади. Ярим кечаси қичқирган хўрозни хам бехосият ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Бойўғли келиб қолса бахтсизлик келади, ола ҳаккани кўришса шум хабарни олиб келди дейишади, сафар ойидан шумланиш, муҳаррамда Ашуро деб тўй килмаслик, сафар ойи хатар ойи тўй килманг, икки ҳайит ўртасида тўй килмаслик, мунажжимлар башорати, остона ўтирма камбағал бўласан ва ҳоказо буларнинг барчаси илмсизликдан, ўз динини яхши билмасликдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билмасликдан келиб чиқади ва киши ўз ҳаётини мушкуллаштиради.
Сафар ойи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: “Сафар ойи бехосият эмас, бойқуш бахтсизлик келтирмайди” дейилган.
Остонада ўтириш. Ўрта Осиё халқлари Ислом дини келгунича, оташпараст Зардуштийлик динига эътиқод қилишган бўлиб, бу дин вакилларининг урф-одатларига кўра, ажали етиб вафот қилган шахсларнинг жасадлари тоғу тошларга олиб чиқиб қўйилган, гўштлари қарға, қузғунларга ем қилинган экан. Сўнг жасадлардан қолган суякларни «Устихон» деб аталган махсус идишга жойлашган (ҳозир ҳам одамлар орасида суякни «устихон» дейиш шундан қолган) ва уйларининг остонасига кўмишган экан. Оташпарастлар эътиқоди бўйича, агар кимда ким остонада туриб, биров билан қўл бериб сўрашса, «ўлган одам ўлик чақиради», яъни шу оиладан яна бир одам ўлиши мумкин, деб ишонишган. Шундан келиб чиқиб, остонада ўтириш худди бировнинг қабри устида ўтиришдек бўлган.
Ислом дини Ўрта Осиё одамлари орасига кириб келгандан сўнг, бундай бемаъни, остонани қабр қилиш одатлари йўқ бўлиб кетди, лекин халқнинг қон-қонига сингиб кетган ирим-сиримлар ҳали ҳам одамлар орасида.
Қора мушук. Қора мушук эса қадимги Юнонистон сеҳргарларнинг эътиқоди бўйича ёмон кучларни чақирувчи восита ҳисобланган.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « لاَ عَدْوَى وَلاَ طِيَرَةَ وَأُحِبُّ الْفَأْلَ ». قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا الْفَأْلُ قَالَ « الْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ ».
“Аллоҳ таолонинг иродасисиз бирорта ҳам касаллик ўзича юқмайди, ҳеч нарса ўзича ёмонлик келтирмайди, яъни ирим-сирим қилиш ярамайди. Мен фа’лни яхши кўраман”. Сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, фа’л нима?”. Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Некбинлик, яхшиликка йўйиш ёки бирор киши сизга айтадиган хушхабаридир”.
Гоҳида киши нохуш бир манзарага дуч келса, беихтиёр кўнглига ҳар хил хавотирлар келиши мумкин. Бундай вазиятда шариатимизда қуйидагича йўл кўрсатилади:
عَنْ عُرْوَةَ بْنِ عَامِرٍ الْقُرَشِيِّ ، قَالَ : " ذُكِرَتِ الطِّيَرَةُ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقَالَ : أَحْسَنُهَا الْفَأْلُ ، وَلا تَرُدُّ مُسْلِمًا ، فَإِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ مِنْ ذَلِكَ مَا يَكْرَهُ ، فَلْيَقُلِ : اللَّهُمَّ لا يَأْتِي بِالْحَسَنَاتِ إِلا أَنْتَ ، وَلا يَدْفَعُ السَّيِّئَاتِ إِلا أَنْتَ ، وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِكَ " .
Урва ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ирим қилиш ҳақида гапирилди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ундан кўра фаъл яхшироқ. У (яъни ирим) мусулмонни (азмидан) қайтармасин! Қачон бирингиз ўзига ёқмайдиган нарсани кўрса: «Эй Аллоҳ, яхшиликларни фақат Сен келтирурсан, ёмонликларни ҳам фақат сен кетказурсан, фақат сенинг мададинг билан мен ёмон ҳолатдан яхши ҳолатга ўтишим, кейин яна сенинг ёрдаминг билангина ўша яхши ҳолат узра собит ва бардавом бўлишга қувват топишим мумкин» деб айтсин”, - дедилар.
Демак, қалбига шумланиш кириб қолишидан қўрққан киши юқоридаги дуони ўқиши мустаҳаб саналади. Зеро, шу сабаб унинг кўнглидан мазкур хавотир йўқолади ва қўшимча ажру савобларга эришади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Турли хил бидъат-хурофот, ирим-сирим каби ишлардан сақлаб, илм орқали тўғри ақидани тушуниб етадиган бандалари қаторида бўлишимизни таъминласин!
Низомиддинов Ҳошимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar