15.09.2022

АЛЛОҲ ТАОЛО МАКОНГА МУҲТОЖ ЭМАС

Маълумки, бандаларнинг ақли Аллоҳ таолонинг зотини идрок қилишдан ожиздир. Шу сабабли У Зотнинг Қуръони каримда ўзини танитгани ва ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом танитгани каби таниймиз. Ўзимизча гумон билан, хаёл билан таний олмаймиз. Шунинг учун уламолар, Аллоҳ таолони ўзингча қандай тасаввур қилсанг, у ундан ўзгачадир, дейдилар. Қуръони каримнинг асосини муҳкам оятлар ташкил қилади. Бир қисм муташобеҳ оятлар ҳам борки, уларнинг маъносини тушуниш қийинроқ, шунинг учун унинг илмини Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилинади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: 

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ 

"У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг “онаси” саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор..." (Оли Имрон сураси 7-оят)

Масалан, “Тоҳо” сурасининг 5-оятида: "Раҳмон аталмиш зот Арш узра муставий бўлди", – дейилади. Бу ердаги "муставий бўлди" иборасини тик турди, тўғри бўлди, ўрнашди, эгаллади каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлсада, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлиги фақат Аллоҳнинг ўзига маълум. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг ўзи кифоядир. Лекин Ибн Аббос (рз.), Мужоҳид ибн Жабр ва Имом Нававий (рҳ.)лар  уларни тафсир қилиш жоиз деганлар (Улумул-Қуръон).

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини Аллоҳ таолонинг илмига топширилади. Шу билан бирга эътиқод қилинадики, бу оятларнинг зоҳирий-ҳақиқий маъноси қасд қилинмаган. Ҳамма муташобеҳ оятларнинг ҳукми шундай. 

Ҳозирги кундаги баъзи тоифалар бу оятларнинг зоҳирига маҳкам ёпишиб олиб, Аллоҳ таоло Аршга ўтирган, Арш эса осмонда, демак, Аллоҳ ҳам осмонда, деган нотўғри хулосага келишган. Ваҳоланки, муташобеҳ оятларни тасдиқлаш ва улардаги ҳақиқий маъно қасд қилинмаганига эътиқод қилиш салаф уламолар йўли эди. Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолога макон нисбат бермайдилар, улардан ҳеч бири бу гапни айтган эмас. Аксинча, баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки бундай эътиқод У Зотни бандаларига ва жисмларга ўхшатишдир.

Кейинги замонларда муташобеҳ оятлар ҳақида саволлар кўпайиб кетгач, мутааххир Аҳли сунна уламолари у оятларни Аллоҳ таолонинг азаматига мос келадиган маъноларга таъвил қилишни жоиз кўрганлар. Айнан “истиво” калимасини “ўзига мулк қилиб эгаллаш ва ҳукмини ўтказиш”, маъносидаги “истило”, деб таъвил қилганлар.   

Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

كَانَ اللَّهُ، وَلَمْ يَكُنْ شَىْءٌ قَبْلَهُ

яъни: “Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди” (Имом Бухорий ривояти).

Барча муташобеҳ оятларни қуйидаги муҳкам оятга биноан тушиниш керак бўлади:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

"У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир" (Шуро сураси, 11-оят).

 Бу оятдан Аллоҳ таолони бандаларига ўхмаслиги, унинг сифатлари ўзига хослиги тушунилади. Бандаларнинг сифати унинг сифатларига ҳақиқатида ҳам, кайфиятида ҳам ўхшамайди.

Машҳур муҳаққиқ олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига оид асарларида шундай деганлар:

وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

“У Зот (яъни Аллоҳ) чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва воситалардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди” (манба: "ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби). 

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда бундай дейдилар:

"وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ

“Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” ("Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби). 

Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, деймиз.

 

Узун тумани "Абдураҳмон Жомий" масжиди имом ноиби 

Жамшид Исмоилов манбалар асосида таёрлади.

Izoh qoldirish

Izohlar