Аллома Саъдуддин Тафтазоний
Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ илмга бўлган чексиз шавқ-у завқ ва ҳиммат билан Самарқанднинг улугъ олими Азудуддин Ийжийнинг шогирдлари қаторига қўшилди.
Азудуддин Ийжийнинг дарслари мантиқ, калом, баён, бадиъ, усул каби олиймақом ва қийин илмлардан юқори савияда ўтар эди. Янги шогирд Тафтазонийнинг бу илмлардан ҳали хабари йўқ эди. Шунинг учун у шериклари ичида билимсизроқ, зеҳни паст, ақли суст ва қалби моғор босган бўлиб кўринар эди. Аммо шунга қарамай, у ҳаммадан кўра кўп ҳаракат қиларди. Шерикларидан ортда қолганлиги Саъдуддиннинг илмга бўлган ҳимматини пасайтира олмас, у тинмай ҳаракат қилар, илмдан бошқа нарсаларга аҳамият бермас эди.
Бир куни у туш кўрди. Бир нотаниш киши келиб:
«Эй Сад! Тур, сайр қилиб келамиз», деди.
«Сайр учун яратилганим йўқ. Ўзим мутолаадан ҳеч нарсани тушунмай турибман. Мутолаа қилмай, сайрга қандай бораман?» деди.
Ҳалиги одам қайтиб кетди. Бир оздан сўнг яна келиб:
«Тур, бирга сайрга борамиз», деди. Саъдуддин аввалги жавобни берди, ҳалиги одам билан бирга бормади. У кетиб, яна қайтиб келди ва яна аввалги гапни айтди. Шунда Саъдуддин:
«Сендан кўра бефаҳм одамни кўрмаганман. Мен сенга «Сайр учун яратилганим йўқ», демадимми?» деди. Шунда ҳалиги одам:
«Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирмоқдалар», деди. У шошилиб туриб, оёқ кийимини ҳам киймай, ялангоёқ юриб кетди. Шаҳар четидаги бутазорга етиб боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутазор соясида бир гуруҳ саҳобалар билан бирга ўтирган эканлар. Уни кўриб, табассум қилдилар ва:
«Сенга кетма-кет одам юборсак ҳам келмайсан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз юборганингизни билмабман. Фаҳмим ва ёдлашим яхшимаслигидан шикоят қилганимни биласиз. Сизга яна шу шикоятимни қиламан», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Оғзингни оч», дедилар ва унга туфладилар. Унинг ҳаққига дуо қилдилар ва манзилига қайтишга амр қилдилар. Шу билан бирга, унга фатҳ бўлишининг башоратини бердилар. У илмга ва нурга тўлган ҳолида қайтди.
Саъдуддин эртасига одатдагидек устози Азудуддин Ийжийнинг дарсига ҳозир бўлиб, жойига келиб ўтирди. Ўша ўтириши давомида баъзи нарсаларни жумла шаклида келтирди. Ҳамдарслари бу калималарни ундан аввал содир бўлмаган маъносиз гаплар деб ўйладилар. Бироқ устоз Азудуддин Ийжий бу ибораларни эшитиши билан йиғлаб юборди ва:
«Эй Саъдуддин! Ишинг мен билан битади. Сен бугун аввалгидан бошқачасан», деди.
Сўнгра туриб, ўрнига Тафтазонийни ўтқизди. Ўша кундан бошлаб Аллоҳ таоло унинг ишини юқори кўтарди.
Ўша пайтларда Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ёши ўн бешларда эди. У киши ўзининг биринчи китобини ўн олти ёшида ёзган бўлиб, уламолар бу китобни мақуллаганлар ва яхши қабул қилганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Самарқанднинг сара уламолари” китоби асосида
Олимжон Хусанбоев - Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar