21.09.2026

Аллоҳ таоло макондан холий бўлган зотдир

Раддия

Аҳли сунна вал жамоа айтади:"Аллоҳ таоло макондан олийдир (маконда эмасдир). У Аршнинг устида ҳам, ундан бошқа нарсанинг устида ҳам эмасдир. У Аршнинг юқорисида ҳам эмас ва Унинг учун бирор томон йўқдир".

Ҳанбалий, Карромий ва Яҳудийлар:У жисмдир, У Арш устида қарор топган дейди.Баъзилари эса: Унинг бошқа жисмлар каби олти томони бор.Улардан баъзилари: "Унинг фақат битта томони бор, у ҳам бўлса Унинг Арш устида қарор топганидир".Мўтазилийларнинг баъзилари: "Аллоҳ таоло ҳар бир макондадир, бундан мақсад: "У ҳар бир маконни билувчидир", деб айтишди. Фалсафачилар:"У ҳақиқатда ҳар бир маконда ва ҳар бир жисмдадир". Мўтазилийлардан бўлган Ҳусайн ан-Нажжор ҳам: "У ҳақиқатда ҳар бир макондадир" бу гап ҳам худди фалсафачиларнинг гапига ўхшайди.

Аллоҳ таолонинг маконда эмаслиги, балки макон яратилишидан олдин қандай сифатда бўлса, ҳозир ҳам худди шундай сифатда эканлигига далил шуки: Агар биз "У олам ва Арш яратилгандан кейин маконли бўлди" десак, Унинг Зотида ўзгариш юз берган бўлади. Ўзгариш эса бир макондан бошқа маконга кўчишдир. Қадим бўлган Зот (Аллоҳ) учун эса ўзгариш ва кўчишни тасаввур қилиб бўлмайди, чунки У барча сифатлари билан борлиги вожиб бўлган Зотдир. Зеро, маконга кўчиш ва унинг устида қарор топиш жисмларнинг сифатларидандир. 

  Агар улар Аллоҳ таолонинг Аъроф сураси, 54-оятида: "Сўнгра Аршга истиво қилди"деган сўзини далил қилсалар, унинг жавоби юқорида айтган гаплардир. Бошқа бир жавоб эса шуки: Аллоҳ таоло бошқа бир жойда шундай деган: "Уч кишининг шивирлашиши бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир. Беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир. Ундан оз бўладими, кўп бўладими ва қайерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир"(Мужодала сураси, 7-оят). Бу оят Унинг Арш устида (макон маъносида) эмаслигига далолат қилади.

Аллоҳ таоло яна шундай деган: "Осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан хотиржаммисиз?" (Мулк сураси, 16-оят). Яна: "У осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳ бўлган Зотдир" (Зухруф сураси, 84-оят) деб айтган. Бу эса бизга далолат қиладики...Аллоҳ таолонинг бу матнлардан (оятлардан) кўзлаган муроди маконни баён қилиш эмас. Балки ундан кўзланган мақсад – Аллоҳ билувчироқдир – У зот Аршни ҳам, бутун оламни ҳам Ўз ҳукмига бўйсундирувчидир (ҳукмронлик қилувчидир).

Карромийлардан бўлган бир қавм Аллоҳ таолога жисм бериб, шундай дейишди: "Унинг учун макон йўқ, лекин У юқоридадир (олийда)". Улар У зот учун фақат битта томонни юқори томонни исботлашди ва бунга Аллоҳ таолонинг:"Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал унга кўтарилур" (Фотир сураси, 10-оят) деган сўзини далил қилиб келтиришди. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: "Қуръон етти ҳарфда (қироатда) нозил қилинди", деган ҳадисларини ҳамда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг Аршнинг юқорисига меърожга кўтарилганларини ҳамда мусулмонларнинг ижмосини (иттифоқини) – чунки улар Аллоҳ таолодан бирор нарса сўраганларида фақат осмон томонига қараб сўрайдилар – далил қилишади. Улар яна айтишадики: "Аллоҳ таоло оламни яратганида, уни Ўзининг бирор томонида яратиши шарт эди. Оламни Ўзидан паст томонда яратиши эса ҳикматга энг яқинидир. Шунда Ўзи Зотида ҳеч қандай ўзгаришсиз юқори томонда қолади". Мана шулар уларнинг шубҳаларидир. Бу эса уларнинг ақлий ёндашувларидан бошқа нарса эмас.

Биз эса айтамизки: Аллоҳ таоло оламни яратишидан олдин қандай сифатда бўлса, ҳозир ҳам худди ўша сифатдадир. Аммо У зотнинг: "Унга хуш каломлар юксалур"деган сўзига келсак,  бу ерда ҳақиқий маъно ўз эътиборини йўқотади. Чунки сўзнинг ўзи ҳақиқий маънода юқорига кўтарилиши тасаввур қилинмайди, хусусан, бандаларнинг сўзи бақо (боқийлик) касб этмайди (яъни гапириб бўлингач, ҳавода йўқолади). Агар бу сўзнинг ҳақиқий маъноси билан амал қилишнинг имкони бўлмаса, демак, Аллоҳ таолонинг бу сўздан муроди ҳақиқий маънода эмаслиги маълум бўлади ва у мужмал (маъноси ёпиқ) маънога айланиб, (улар учун) ҳеч қандай ҳужжат қолмайди. Сўнгра айтамиз: Ундан кўзланган мақсад – Аллоҳ билувчироқдир – хуш каломнинг қадр-қиммати юқорилиги борасидаги мажозий маънодир. У (хуш калом) ўз эгасининг даражасини кўтаради ва уни Аллоҳ таолога яқин, қадрини улуғ қилади. Бу яқинлик эса Зот жиҳатидан эмас, балки ҳолат ва мартаба жиҳатидандир. Худди ҳаётда ҳам инсон ҳукмдорга зот (жисм) жиҳатидан эмас, балки мартаба ва обрў-эътибор жиҳатидан яқин бўлгани каби. Худди шунингдек, бу ерда ҳам Аллоҳ таоло хуш калом эгасининг даражасини кўтаради ва уни юқори мартабага етказади. Калом ҳам ўзининг шарафи билан юксалади, чунки калом у (шараф) билан қойимдир. Ёки ундан кўзланган мақсад – Аллоҳ билувчироқдир – хуш калом деганда "Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллаҳ" шаҳодати назарда тутилган бўлиб, у барча динлардан устун келади ва юқорига юксалади. Аллоҳ таоло шундай деган: "У (Аллоҳ) Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборди, гарчи мушриклар ёмон кўрсалар ҳам"(Тавба сураси, 33-оят). Унга томон юксалиш эса шараф ва ҳолатнинг яқинлигидир, зот ва маконнинг яқинлиги эмасдир.

Аллоҳ таолонинг: "Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик" (Духон сураси, 3-оят) деган сўзига келсак, Аллоҳ таолонинг китоби (Қуръон) Аршдан дунё осмонига бир қисм (бутунлигича) қилиб туширилган, сўнгра дунё осмонидан танланган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлак-бўлак  қилиб нозил қилинган.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг осмонга ва ундан юқори меърожга кўтарилганларига келсак, бу воқеа – Аллоҳ таоло оламнинг юқорисида бўлгани учун эмас, балки у зотни (Пайғамбаримизни) шарафлаш ва Унинг қудрат белгиларини кўрсатиш учун бўлган эди. Зеро, Мусо алайҳиссалом ҳам осмонга меърож қилиб кўтарилмаган, балки Тур тоғига чиқишга буюрилган эди. Ҳолбуки, уларнинг наздида ҳам Аллоҳ таоло Тур тоғининг устида ёки унинг юқорисида бўлган эмас, балки ўша маконни у зот (Мусо алайҳиссалом) учун шараф ўлароқ хослаган эди. Танланган Пайғамбаримиз (Муҳаммад) алайҳиссаломнинг ҳақларида ҳам худди шундай бўлган. Одамлар Каъбани зиёрат қилишга буюрилганлар, аммо уларнинг наздида Аллоҳ Каъбада эмасдир, балки Аллоҳ таолони улуғлаш учун уни зиёрат қилишга буюрилганлар. Одамларнинг қўлларини осмонга кўтаришларига келсак, бу фақатгина осмон раҳмат нозил бўладиган жой бўлгани учундир. Улар намозда Каъбага юзланишга буюрилганлари каби, бунга ҳам ибодат юзасидан буюрилганлар.

Уларнинг: "Аллоҳ таоло оламни Ўзининг бирор томонида яратган", деган гапларига келсак, иш улар айтгандек эмас. Чунки томон маконнинг бир бўлагидир (томонидир). Аллоҳ таоло эса маконда эмасдир. Шунингдек, Аллоҳ оламдан бирор томонда бўлиши тасаввур қилинмайди. Демак, уларнинг айтган гаплари имконсиз (мустаҳил) нарсадир.  Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом эътиқодда қилсин. Ушбу матн кофир ва адашган фирқаларга раддия берувчи ақийда китобидан олинган парча ҳисобланади.

 

Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar