Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳ ақидасида “имон” масаласи
Имон сўзи луғатда тасдиқлаш, ишонмоқ деган маъноларда келади. Аллоҳ таоло Юсуф (а.с.)нинг ака-укалардан ҳикоя қилиб айтади: “Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз” (Юсуф 17). Истилоҳда эса, Муҳаммад (с.а.в.)ни Аллоҳнинг ҳузуридан ҳамма келтирганларини тасдиқлаш деганидир. Бунда Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига ва имон келтириш вожиб бўлган ҳамма нарсаларга имон келтириш назарда тутилади. Аллоҳ таолонинг Наҳл сураси 106-оятидаги “Ким Аллоҳга имон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”, Ҳужурот сураси 14-оятидаги “(Чунки ҳануз) дилларингизга имон кирган эмасдир”, ва Мужодала 22-оятидаги “Айнан ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) имонни битиб қўйган” деган қовллари имоннинг ўрни қалб эканлигини кўрсатмоқда, лекин тил қалбдаги нарсаларни баён қилиб берувчиси бўлгани учун тил билан иқрор қилиш шарт қилинган.
Абу Ҳанифа ўзининг “Васият” номли асарида имон тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқлашдир деганлар. Тил билан иқрор қилишнинг ўзи имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўлганида барча мунофиқлар мўминлар қаторидан саналишлари керак эди. Улар тиллари билан иқрор қилишларида шак-шубҳа йўқ, лекин Аллоҳ каломида уларни тиллари қалбларига мувофиқ бўлмагани учун ёлғончи деди. Шунингдек Аллоҳни танишнинг ўзи ҳам имон бўла олмайди. Чунки, агар имон бўлганида, ҳамма аҳли китоблар мўмин деб ҳисобланиши керак бўларди. Улар Муҳаммад (с.а.в.)ни пайғамбар эканликларини жуда яхши билишарди. Фарзандларини ўйнаб юрган болалар ичидан таниб, ажратиб олганлари каби Муҳаммад (с.а.в.)ни бошқалардан сифатлари билан аниқ таниб ажратиб олишарди. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида Умар ибн Хаттоб (р.а.) Абдуллоҳ ибн Салом (р.а.)га: “Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбарига “ ” оятини нозил қилди. Бу қандай таниш эй Абдуллоҳ” дедилар. Абдуллоҳ ибн Салом: эй Умар, мен уни (Муҳаммад (с.а.в.)ни кўришим биланоқ ўғлим болалар билан ўйнаб юрганини кўрганимда уни таниб олганимдек танигандим. Мен Муҳаммад (с.а.в.)ни ўғлимдан ҳам яхшироқ танийман” дедилар. Умар (р.а.): “қандай қилиб, эй Ибн Салом” дедилар. Абдуллоҳ ибн Салом: “чунки мен Муҳаммад Аллоҳнинг росули эканлигига аниқ ва ишонч билан гувоҳлик бераман, лекин мен ўғлимга шу тарзда гувоҳлик бера олмайман. Чунки, мен аёллар нима содир этганини билмайман. Эҳтимол онаси хиёнат қилгандир”. Умар (р.а.) унинг бошидан ўпиб, “Аллоҳ сенга тавфиқ берсин, рост гапирдинг, тўғри топдинг” дедилар.
Имон зиёда бўлмайди ва озаймайди. Чунки, имон куфрни бутунлай кетгазиб, ўрнини ўзи эгаллайди. Демак имон зиёдалашди дегани, куфр ҳали тўлиқ кетмаган имон уни емириб кўпроқ жойни эгаллаб зиёдалашмоқда деганидир. Шунингдек имон озайди дегани куфрдан бир бўлак келиб имоннинг бир қисмини емириб, унинг ўрнини эгалламоқда натижада имон камаймаймоқда деганидир. Бир вақтнинг ўзида бир шахсда ҳам имон ҳам куфр бўлиши ақлга сиғмайдиган ҳолат. Қуръони каримда имон зиёда бўлиши мазмунида келган оятлар бор. Масалан (Анфол 2), (Фатҳ 4).
Бундан мурод солиҳ амаллар қилиш билан қалбда имоннинг нури, зиёси ва самараси зиёда бўлади. Чунки, имоннинг нури ва зиёси бўлади. Амаллар имондан бир бўлак эмас. Чунки, баъзи ҳолларда мўмин кишидан амал кўтарилади, лекин имон ундан кўтарилмайди. Масалан, закотга қодир киши закот бериш арафасида бирдан молига талофат етиб камбағал бўлиб қолса, унинг зиммасида фарз бўлиб турган амал кўтарилади. Бу билан амал имондан бир бўлак эди энди ундан имон кўтарилди дейилмайди. Муҳаммад (с.а.в.)нинг умматларидан бирортаси кабира гуноҳ қилиш сабабли кофир дейилмайди. Балки, у мўмин лекин гуноҳкор ва осийдир. Агар у ўша гуноҳни қасдан қилса, лекин ҳалол санамаган ва уни қилишдан қайтарган Аллоҳ таоло ёки Росулуллоҳ (с.а.в.)ни паст санамаган бўлса, аҳли сунна наздида у имондан чиқмайди. Агар тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади. Аллоҳ таоло агар хоҳласа, уни Ўз фазли ва карами ёки ундаги имон ва солиҳ амаллар баракаси ёки яхшиларни шафоати билан афв этиб жаннатга киргизади. Агар хоҳласа, гуноҳи сабабли дўзахга киргизади. Гуноҳига яраша жазо олиб бўлгач, уни жаннатга киритади. Аллоҳ таоло барчамизга ўзини танитадиган рост иймон насиб қилсин.
Насрулло Тўхтаев – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar