07.09.2026

Диний-маърифий ислоҳотлар

Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистон ўзининг маънавий-маърифий тараққиёт йўлини излаб, синаб ва шакллантириб келди. Аммо сўнгги йилларда бу жараён сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди: дин билан боғлиқ масалаларга энди тазйиқ ва таъқиб эмас, балки илм, маърифат ва очиқ мулоқот воситасида ёндашилмоқда. “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси нафақат шиор, балки давлат сиёсатининг амалий тамойилига айланди.

Консептуал асос: янги қонунчилик пойдевори

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий заминини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепсияси” ишлаб чиқилди ва 2025-йил феврал ойида тасдиқланди. Ҳужжатнинг бош мақсади — кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятда демократия, дунёвийлик, тенглик ва ижтимоий адолат тамойиллари асосида барқарор тотувлик муҳитини таъминлаш, умумжамият манфаатларини рўёбга чиқаришдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда ўнлаб диний конфессия аъзолари бағрикенглик руҳида ёнма-ён яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳеч қандай хавотирсиз ўз эътиқодларини эркин амалга ошира олиши — жамият барқарорлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир.

Шунингдек, диний-маърифий соҳани бошқариш тизими ҳам тубдан янгиланди: тегишли давлат қўмитасининг вазифалари қайта белгиланиб, унинг фаолияти энди жамиятда диний бағрикенгликни тарғиб қилиш, диннинг инсонпарварлик ва эзгулик фазилатларини кенг ёйиш ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар орасида бузғунчи ғояларнинг асл моҳиятини тушунтиришга қаратилди.

Диний таълим тизимининг янгиланиши

Сўнгги йилларнинг энг муҳим ютуқларидан бири — диний таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўлди. 2025-йилда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси қайтадан ташкил этилди, Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти барпо этилди. Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий номидаги мадраса ва институт каби таълим масканларида замонавий дунёвий билим билан чуқур диний илмни уйғунлаштирган мутахассислар тайёрланмоқда.

Илм-фан йўналишида ҳам сезиларли силжиш кузатилмоқда. Буюк аждодларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақишбанд номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатиб, уларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга танитиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом сивилизати марказининг ташкил этилиши ҳам шу йўналишдаги тарихий аҳамиятга молик қадамлардан саналади.

Инсон тақдирига инсонпарварлик билан ёндашув

Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — нотўғри йўлга кириб қолган фуқароларга нисбатан қатъият билан бир қаторда инсонпарварлик тамойилини қўллаш бўлди. Сўнгги йилларда экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб, назоратга олинган йигирма мингдан ортиқ фуқаро махсус ҳисоблардан чиқарилди. Ўз хатосини англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар ҳар йили Президент фармонлари асосида озодликка чиқарилмоқда.

“Меҳр” номли инсонпарварлик акцияси доирасида Яқин Шарқнинг можароли ҳудудларидан юзлаб аёллар ва болалар ватанига қайтарилди ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётга қайта мослашиши учун зарур шароитлар яратилди. Бу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг инсон қадр-қимматини юксак тутиш тамойилига содиқлигини яна бир бор намойиш этди.

Маънавий-маърифий муҳит ва ёшлар тарбияси

Диний-маърифий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — ёш авлодни бузғунчи ва экстремистик ғоялар таъсиридан асраш, уларда мустақил, танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришдир. Бу борада таълим муассасаларида маънавий-маърифий тарбия дарслари такомиллаштирилмоқда, олимлар, устоз-мураббийлар ва тарғиботчилар томонидан аҳоли, хусусан ёшлар билан тизимли равишда учрашув ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. Мақсад — жамиятда ҳақиқий диний билим билан сохта, бузғунчи ғоялар ўртасидаги фарқни ҳар бир фуқаро онгига сингдиришдир.

Халқаро миқёсда эътироф

Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги изчил сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда. Мамлакатимиз бир неча йил олдин АҚШнинг диний эркинлик бо'йича махсус кузатув рўйхатидан чиқарилган, БМТ Бош Ассамблеясида эса Ўзбекистон ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолютсия қабул қилинган эди.

Хорижий нашрлар ҳам бу жараёнларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Мисрнинг нуфузли “Савтул-Азҳар” газетаси Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларни “муваффақиятли формула” сифатида таърифляган бўлса, Озарбайжоннинг бир қатор етакчи оммавий ахборот воситалари мамлакатимиздаги диний таълим соҳасидаги янгиланишларни “воқелик ва истиқболлар” нуқтаи назаридан таҳлил қилиб чиқди. Бундай эътироф Ўзбекистон тажрибасининг бошқа давлатлар учун ҳам ибратли намуна бўлиб хизмат қилаётганидан далолат беради.

Якун ўрнида

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар — шунчаки маъмурий ўзгаришлар эмас, балки жамият маънавиятини юксалтириш, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли, изчил стратегиянинг бир қисмидир. Илм ва маърифат орқали жаҳолатга барҳам бериш ғояси бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бу йўлдаги изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ҳаракатлар мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, ижтимоий тотувлиги ҳамда халқаро обрў-эътиборининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Келажакда ҳам диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг давом эттирилиши — фаровон ва тотув жамият қуришнинг муҳим кафолатларидан бири бўлиб қолади.

 

Омонов Оллоёр -“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ўқув ишлар бўйича диреcтор ўринбосари

 

“Имом Термизий”ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar