15.09.2026

КИТОБХОН МИЛЛАТ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНАДИ?

Ҳар бир миллатнинг келажаги унинг бугунги мутолаа маданиятида яширинган, дейиш мумкин. Китоб — инсонни ўйлашга, таҳлил қилишга, ўзгани тушунишга ўргатувчи энг қадимий ва энг самарали воситалардан бири. Шунингдек китоб ижобий ҳислатларнинг ривожланишига туртки бўлади. Шу боис давлат даражасида ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда: 2026-йил 15-январда қабул қилинган ПҚ-9-сонли қарорга кўра, 2026–2030-йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини (бир киши йилига ўқийдиган китоблар сони) ўртача 10 тагача етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бу — мамлакат келажагини маърифатли, мустақил фикрлайдиган авлод қўлида кўриш истагининг амалий ифодасидир. Аммо рақамлар ва қарорлар ўз-ўзидан китобхон миллат яратмайди — бунинг учун илм, таълим ва бадиий сўзнинг уйғун таъсири керак.

Замонавий когнитив тадқиқотлар китоб ўқиш инсон миясига бевосита таъсир қилишини исботлаган. Америкалик нейроолим Мериан Вулф ўзининг тадқиқотларида инсон мияси туғма ўқувчи бўлиб туғилмаслигини, аксинча, мутолаа жараёнида миянинг турли қисмлари ўртасида янги нейрон боғланишлар шаклланишини кўрсатган. Бу жараён нафақат луғат бойлигини оширади, балки диққатни жамлаш, мантиқий фикрлаш ва узоқ муддатли хотира имкониятларини ҳам ривожлантиради. Британиялик психолог Кейт Отли ўтказган тадқиқотлар эса бадиий адабиёт ўқиган кишиларда эмпатия — ўзгалар кечинмасини ҳис қилиш қобилияти — сезиларли даражада юқори бўлишини аниқлаган, чунки роман қаҳрамонининг ички дунёсига кириш ўқувчини бошқа одам нигоҳидан дунёни кўришга мажбурлайди. Демак, китобхонлик шунчаки бўш вақтни банд қилиш эмас, балки онгни, ҳиссиётни ва ахлоқий тафаккурни тарбияловчи илмий асосланган жараёндир.

Жаҳон адабиёти китобсиз жамият қандай таназзулга юз тутиши мумкинлигини бир неча бор огоҳлантирган. Рей Бредберининг «Фаренгейт 451» асари китоблар тақиқланган, одамлар фақат экран олдида вақт ўтказадиган жамиятни тасвирлайди — бу жамият фикрлаш қобилиятини йўқотиб, юзаки ҳаёт кечиришга маҳкум бўлади. Асар айнан ҳозирги рақамли давр учун долзарб бир огоҳлантирувчи рамзга айланди: экранлар даврида китобдан юз ўгириш миллатни маънавий қашшоқликка олиб келиши мумкин. Миллий адабиётимизда эса Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» ва Абдулла Авлонийнинг маърифатпарварлик ғояларига асосланган асарлари халқни илм-маърифат орқали уйғонишга чорлаган. Жадид адиблари — Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон — миллат тараққиётини айнан китоб, мактаб ва матбуот билан боғлаган эди. Уларнинг «Илмсиз миллат — йўқолишга маҳкум миллат» деган ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу маънода китобхонлик нафақат шахсий ривож, балки миллатнинг тарихий хотираси ва келажакка бўлган масъулияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугун Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини тиклашга қаратилган аниқ қадамлар ташланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда 15 мингга яқин кутубхона фаолият юритади ва уларда жами 85 миллион нусхадан ортиқ китоб ва журнал мавжуд, кутубхона фойдаланувчилари сони эса 12,8 миллион кишини ташкил этади. Юқорида тилга олинган ПҚ-9-сонли қарор доирасида «Китоб — маърифат манбаи» дастури амалга оширилади, умумта'лим мактабларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилиб, улар аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, жамоат транспортида «Мутолаа» рақамли платформасидан фойдаланиш имконияти яратилиб, ҚР кодлар орқали йўловчилар бўш вақтида электрон китоб ўқиши мумкин бўлади. Бу ташаббуслар шуни кўрсатадики, китобхон миллатни шакллантириш энди фақат оилавий тарбия масаласи эмас, балки давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Бироқ ҳеч қандай давлат дастури оиладаги намуна ўрнини боса олмайди. Боланинг китобга бўлган биринчи қизиқиши ота-онанинг ўзи китоб ўқиган уйда пайдо бўлади. Жамият даражасида эса китобнинг ижтимоий тармоқлар ва қисқа видеоконтент билан рақобатлаша оладиган, қулай ва жозибали форматда тақдим этилиши муҳим — аудиокитоблар, мобил иловалар, китобхонлик клублари ва очиқ муҳокамалар айнан шу вазифани бажаради. Илм бизга ўқишнинг онгга таъсирини исботлаб берса, бадиий адабиёт бизни маънавий жиҳатдан бойитади, давлат сиёсати эса бу иккиси учун инфратузилма яратади — китобхон миллат айнан шу уч омилнинг уйғунлигида туғилади.

Китобхон миллат бир кунда эмас, авлодлар давомида, изчил саъй-ҳаракат билан шаклланади. Илмий тадқиқотлар китобнинг онгни ривожлантиришини, жаҳон ва миллий адабиёт намуналари эса китобсиз жамиятнинг қандай хавф остида қолишини кўрсатиб турибди. Давлатнинг «2026–2030-йилларда ҳар бир киши йилига 10 та китоб ўқиши керак» деган мақсади — бу йўлда қўйилган аниқ мезон. Аммо энг муҳими, бу мақсаднинг статистикадан чиқиб, ҳар бир хонадоннинг кундалик одатига айланишидир. Зеро, китоб ўқиган миллат — ўз тарихини англаган, бугунини таҳлил қила оладиган ва келажагини онгли танлайдиган миллатдир.

 

Омонов Фазлиддин – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси



“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar