11.09.2026

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Жомиъ ат-Термизий” асари

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий — машҳур муҳаддис имомлардан бири, таниқли асарлар муаллифи ва ўзидан кейин қимматли илмий мерос қолдирган буюк алломалардан ҳисобланади. У 209-ҳижрий йилда таваллуд топган.Бу милодий 824-йилга тўғри келади.

Илмга ва ҳадис ўрганишга бўлган муҳаббат унинг ёшлигидан бошланган. Ҳадис илмини эгаллаш мақсадида Ҳижоз, Ироқ, Хуросон ва бошқа ўлкаларга илмий сафарлар қилган. Ушбу сафарлари давомида ўз даврининг йирик имомлари ва ҳадис уламолари билан учрашиб, улардан илм олган. У узоқ вақт Имом Бухорий билан бирга бўлган ва ундан таълим олган. Шунингдек, айрим устозлари Имом Бухорийнинг ҳам устозлари бўлган.

Ал-Ҳокимнинг ривоят қилишича, у Умар ибн Аллакнинг шундай деганини эшитган:

«Имом Бухорий вафот этганида, Хуросонда илм, ёд олиш қобилияти, тақво ва зуҳд борасида Абу Исога тенг келадиган бирор киши қолмади».

Имом Термизий умрининг охирларида кўп йиғлагани сабабли кўриш қобилиятидан айрилган ва бир неча йил кўр ҳолатда яшаган. У 279-ҳижрий йилда Термиз шаҳрида вафот этган. Бу сана милодий 892-йилга тўғри келади.

Унинг улуғ асари:

Имом Термизийнинг энг машҳур асари — «Ал-Жомеъ», халқ орасида «Сунан ат-Термизий» номи билан машҳур бўлган ҳадис китобидир.

«Жомиъ ат-Термизий»нинг ўзига хос хусусиятлари:

1. Имом Термизий ўз китобидаги ҳадисларни саҳиҳлик ва заифлик жиҳатидан баҳолаган ҳамда аксарият ҳолларда уларнинг иллатларини, яъни ҳадиснинг заифлигига сабаб бўлувчи яширин нуқсонларини баён қилган.

2. Китобдаги барча ҳадислар, муаллифнинг «Ал-Илал» асарида таъкидлаганидек, айрим фақиҳлар томонидан амал қилинган ҳадислар сирасига киради. Фақат икки ҳадис бундан мустасно.

3. Асарда Имом Термизийдан аввал яшаб ўтган энг машҳур мусулмон фақиҳларининг фикрлари ҳамда уларнинг ҳадис ва асарлардан далил келтириш усуллари жамланган.

4. Муаллиф ҳадисларнинг иллатлари, ровийларнинг ҳолатлари ва уларнинг ҳадис илмидаги даражаларини баён қилишга алоҳида эътибор қаратган.

5. Китобнинг тартибланиши ва бобларининг тузилиши содда, услуби эса равшан бўлиб, шу сабабли унинг илмий ва амалий фойдалари ниҳоятда кўпдир.

6. Имом Термизий бобларда ғариб, яъни кам учрайдиган ёки ўзига хос санад ва ривоят йўллари билан келган ҳадисларни келтиради, халқ орасида кенг тарқалган машҳур саҳиҳ ҳадисларни эса баъзан такроран келтирмайди. Бунинг ўрнига, бобдаги бошқа ҳадислар орқали уларга ишора қилади. У бундай услубдан ҳадисларнинг иллатларини баён қилиш мақсадида фойдаланади. Бу борада у Имом Насоийга ўхшаш йўл тутган: Насоий ҳам аввал хато ёки муаммоли ривоятни келтириб, кейин унга зид бўлган тўғри ривоятни зикр қилган.

Китобнинг ёзилиш сабабини билиш орқали унинг илмий қийматини ҳам англаш мумкин. Имом Термизийни ушбу асарни тасниф этишга ундаган асосий мақсад — фақиҳлар ҳадис ва асарлардан келтирган далилларни жамлаш, уларни таҳлил қилиш, ҳадисларнинг иллатларини очиб бериш ҳамда уларнинг саҳиҳ ёки заиф эканлигини баён этишдан иборат бўлган.

 

Назаров Масъуд – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar