14.09.2026

АЖРАШИШ МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ЕМАС!

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол- талоқдир" .

Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради. Шошқалоқлик тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш инсон-га ҳеч қачон обрў келтирмаган. Бундай ишлар оилавий ҳаётни бузишга, уни ёруғ дунёдаги жаҳаннамга айлантиришга хизмат қилади. Шунинг учун ўрни келганда ғазабни ютиш, ёқмаса ҳам оилавий ҳаёт ҳурматидан, баъзи нарсаларга чидашга одатланиш керак бўлади.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади", - дедилар".

Ушбу ҳадиси шарифда аёлларнинг оилавий ҳаётда-ги энг заиф жойларидан бири муолажа қилинмоқда. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи аёллар бўлган-бўлмаган нарсага эрларидан талоқ сўраб: "Ундай бўлса менинг талоғимни беринг", - деб туриб оладилар. Бундай аёллар учун жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмас эканлар.

"Талоқ” сўзи луғатда "моддий ва маънавий тугунни ечиш" маъносини англатади. Шариатда махсус лафз ила никоҳни кетказиш, бекор қилиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишга талоқ дейилади. Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат, уни инсофга чақириш тавсия этилади. У фойда бермаса, жойни бўлак қилиш лозим. Шундан кейин ҳам ўзгармаса, зарар етказмасдан уришга рухсат берилади. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-укубатга айланиб қолгандагина, талоққа рухсат берилади. Исломда талоққа рухсат бор. Айни чоғда ўта масъулиятли, ўта оғир бўлгани учун бу ишга фақат охирги чора сифатидагина ижозат берилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Талоқ тушганда Аллоҳ таолонинг арши ларзага келади", - дедилар".

Оила қурган ҳар бир инсон шу икки оддий ҳақиқатни англаб етиши шарт:

Ажрашиш ҳеч бир муаммони ҳал қилмайди.

 Инсон ажрашиш учун оила қурмайди.

Мана шу ҳақиқатларни яхши англаган киши бўлар-бўлмас муаммоларни дея ажрашиш пайига тушмайди. Исломда талоқ қилиб, ажрашишга рухсат борлиги фақат инсон шунга мажбур бўлган ҳолатлардагина амалга оширилади. Бошқа ҳолларда бу инсоннинг сабрсизлиги, тадбирсизлигидан далолатдир.

 

Назаров Масъуд – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси



“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar