АҚЛ ЭГАЛАРИ ЯРАТУВЧИСИНИ ТАНИШИ ВОЖИБДИР
Раддия
Сирожиддин Уший раҳматуллоҳ айтадилар: Акл эгасига пастликлару баландликлар яратувчисини билмаслиги узр хисобланмайди. Ақли комил, балоғатга етган инсон учун бутун борлиқни яратган Зотни таниши лозимдир. Чунки коинотдаги барча нарса Ўз Яратувчисига далолат қилади. Жоҳил тоифаларгина эътибор қилмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Осмонлару ерда қанчадан-қанча оят-белгилар борки, улардан юз ўгирган ҳолларида ўтадилар» (Юсуф: 106). «Осмонлару ернинг мулкларига назар солмайдиларми?» (Аъроф: 185). Ваъзи орифлар айтганидек: “Ҳар бир нарсада Унинг борлигига далил бор, у Ягона эканига ишора қилади”. Яратилганларнинг фитратида ҳам (Аллоҳни) билиш мавжуд. Шунингдек, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир туғилган бола фитратда туғилади», дедилар. Бунга "Мийсок" ходисаси ҳам далилдур. Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган?» деб сўрасанг, албатта «Аллоҳ», дейдилар (Луқмон:25). Шунинг учун пайғамбарлар фақат тавҳид учун юборилган, Яратувчининг борлигини исботлаш учун эмас. Аллоҳнинг мана шу гапи шунга ишора қилади. «Расуллари уларга: “Осмонларни, ернинг яратувчисини билмай, Аллоҳга шак борми?” (Иброҳим:10) Кофирлар яратувчининг борлигига шубҳа қилмаганлар, балки кўп илоҳ бор, деб куфр келтирганлар, уларни: “Булар бизни Аллоҳга яқинлаштирувчи воситачилар”, деганлар. Масаланинг хулосаси: ақли бор, лекин даъват етиб бормаган кишига Аллоҳга иймон келтириш вожибми ёки йўқми? Агар иймон келтирмаса, абадий азобда қоладими ёки йўқми? Бу масалада ҳанафий уломолар ўртасида ихтилоф бор. Кўпчилик уламолар ҳа иймон келтириши вожиб деганлар. Абу Ҳанифадан ривоят қилинган: У зот: “Ақилли бирон бир киишига Яратувчисини билмасликка узр йўқ”, деганлар. Яна: “Агар пайғамбар юборилмаганида ҳам, одамлар ақли билан Аллоҳни танишлари вожиб бўлади”, деганлар. Зоҳирурривоя асарида: Агар танимай ўлса, дўзахда абадий қолади. Абу ал-Юср ал-Баздавий: Вожиб эмас, узрли бўлади, деганлар. Бу ашъарийларнинг ҳам фикридир ва Абу Ҳанифадан ҳам бир ривоят бор. Баъзилар: вожиб, лекин жазоланмайди, деганлар. “Токи Росул юбормагунимизча азобловчи бўлган эмасмиз” (Исро:15). Кўпчилик Уломолар бу азобни дунёдаги азоблар, охират азоби эмас деб талкин қиладилар. Бироқ шариат ҳукмларида уларни узрли эканига иттифоқ қилганлар. Сўнгра ақли бор бола, агар далил келтиришга қодир бўлса, унга Аллоҳни танишлик вожибми ёки йўқми? Абу Мансур ва Ироқ машойихларидан кўпи Аллоҳни танишлик вожиб деганлар. Баъзилар: балоғатгача ҳеч нарса вожиб эмас, деганлар. Агар бола балоғатгача иймон келтирса, унинг иймони саҳиҳ бўлади. Агар куфр келтирса, бу риддат (куфр келтириши) ҳисобланади Аммо ақли йўқ боланинг куфри муртад ҳисобланмайди, унинг Исломга кириши эса ҳисобга олинади. Хулоса ўрнида айтамиз ақли соғлом эркагу аёл барчаларига ўзини яратган Зотни таниши лозим ва лобуддир. Аллоҳ таоло барчамизга соҳлом ақл ва эътиқод насиб қилсин!
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar