24.09.2026

ТИНЧЛИКНИНГ ОИЛАВИЙ ВА ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТИ

Тинчлик инсон ҳаётининг энг муҳим ижтимоий қадриятларидан биридир. Инсоннинг хотиржам яшаши, меҳнат қилиши, таълим олиши ва келажак учун режалар тузиши тинч ва барқарор муҳит мавжуд бўлишини талаб этади. Тинчликнинг аҳамияти, айниқса, оила ва жамият ҳаётида яққол намоён бўлади. Чунки оила инсон ҳаётидаги дастлабки ижтимоий муҳит бўлиб, унда шахснинг дунёқараши, муомала маданияти ва ахлоқий фазилатлари шаклланади.

Оиладаги тинчлик ва осойишталик жамиятдаги барқарорлик билан бевосита боғлиқ. Ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат асосида яшайдиган оилаларда соғлом маънавий муҳит шаклланади. Бундай оилаларда тарбияланган фарзандлар жамиятда ҳам тинчлик ва тотувликни қадрлайдиган шахслар сифатида шаклланиши учун қулай шароит юзага келади.

Шу сабабли тинчликнинг оилавий ва ижтимоий аҳамиятини ўрганишда оиладаги муносабатлар, фарзанд тарбияси, қариндошлик ва қўни-қўшничилик алоқаларини ягона тизим сифатида таҳлил қилиш муҳимдир.

Оилавий тинчликнинг мазмуни ва унинг тарбиявий аҳамияти

Оилавий тинчлик оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат, ишонч, масъулият ва муроса мавжудлиги билан белгиланади. Оиланинг барқарорлиги фақат моддий таъминотга эмас, балки унинг аъзолари ўртасидаги маънавий ва руҳий муносабатларга ҳам боғлиқ.

Қуръони каримда эр-хотин муносабатларининг моҳияти қуйидагича баён қилинади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً.

21. Ва сокинлик топишингиз учун сизларга ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. (Рум сураси, 21-оят)

Ушбу оятда оилавий муносабатларнинг уч муҳим жиҳати — хотиржамлик, меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқатга эътибор қаратилган. Демак, оиланинг асосий вазифаларидан бири инсон учун руҳий таскин ва осойишталик муҳитини яратишдир.

Оилавий тинчлик, аввало, эр-хотин ўртасидаги муносабатлардан бошланади. Эр ва хотиннинг бир-бирининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, муаммоларни ўзаро маслаҳат орқали ҳал қилиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва камчиликларга сабр билан ёндашиши оиланинг барқарорлигини таъминлайди. Қуръони каримда:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

“ва улар ила яхшиликда  яшанг.” (Нисо сураси, 19-оят) деб буюрилади.

Яхши муомала оиладаги тинчликнинг асосий шартларидан биридир. Қўполлик, ҳақорат, доимий танбеҳ ва ўзаро ишончсизлик эса оилавий муносабатларнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Шу боис оилада муаммоларни зўравонлик ёки адоват орқали эмас, балки суҳбат, сабр ва муроса орқали ҳал қилиш муҳимдир.

Оиладаги тинч муҳитнинг яна бир муҳим натижаси фарзанд тарбиясида намоён бўлади. Бола биринчи тарбияни оиладан олади. Ота-онанинг ўзаро муносабати фарзанд учун амалий намуна бўлиб хизмат қилади. Агар оилада ҳурмат, меҳр ва тотувлик мавжуд бўлса, фарзанд ҳам шу қадриятларни ўзлаштиради.

Ота-онага ҳурмат ҳам оилавий тинчликнинг муҳим шартларидан биридир. Қуръони каримда:

وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

“ва ота-онага яхшилик қилишни (Аллоҳ таоло) амр этди.” (Исро сураси, 23-оят) деб таъкидланади.

Ота-она ва фарзанд ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр ва масъулият оилада соғлом муҳитни шакллантиради. Бундай муҳит эса фарзанднинг келажакдаги ижтимоий муносабатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Мақоламизни кейинги қисмларда давом эттирамиз.

Хулоса қилиб айтганда, оилавий тинчлик жамиятдаги осойишталик ва барқарорликнинг муҳим асосидир. Оилада меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, сабр ва муроса ҳукм сурса, фарзандлар ҳам соғлом маънавий муҳитда тарбияланади. Бу эса уларнинг келажакдаги ижтимоий муносабатларига ижобий таъсир кўрсатади.

Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги муносабат меҳр ва раҳм-шафқатга, ота-она ва фарзандлар муносабати эса ҳурмат ва яхшиликка асосланиши таъкидланган. Шунингдек, қариндошлар ва қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш жамиятдаги тотувликни мустаҳкамлайди.

Демак, оиладаги тинчлик — жамиятдаги тинчликнинг бошланғич ва муҳим пойдеворидир. Уни асраш ҳар бир оила аъзосининг масъулияти бўлиб, оиладаги тотувлик орқали жамиятда ҳам барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар

1. Ал-Мотуридий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад. Таъвилот аҳл ас-сунна. Рум сураси, 21-оят тафсири.

2. Ал-Жассос, Абу Бакр Аҳмад ибн Али. Аҳком ал-Қуръон. Нисо сураси, 19-оят тафсири.

 

Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта ахсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar