Ислом динида фарзанд тарбияси
Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасидан олдин бошлаш китобларимизда баён қилинган.
Маълумки, фарзанд неъмати Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир.Ота-она фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир. Тарбия ҳар доим ҳам муҳим масала бўлиб келган. Таълимдан мақсад ҳам аслида тарбиядир.
Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деб айтган. Буюк маърифатпарвар ва таълим-тарбия фидояиси Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ўз вақтида нақадар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.
Ҳар бир мусулмон хулқи Қуръон бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқларидан намуна олиш лозим. Ҳозирги кунда фарзандларимиз таътил тугатиб мактабга чиқаяптилар.. Мана шу пайтдан ҳам унумли фойдаланиб, ёшларимизни касб-ҳунар, тил курслари каби фойдали тўгаракларга йўналтиришимиз – айни муддаодир. Шу билан бирга фарзандларимиз кимлар билан дўстлашяпти ва бўш вақтларини кимлар билан ўтказяпти шуларга ҳам алоҳида эътибор бериб қўйишимиз керак.
Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг нафл ибодатлардан афзаллигини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Бола мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қуйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоклашаётгани, нималарга қизиқаëтганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган.Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Фарзандларимизга устозлар ва ўқитувчиларнинг ҳурматларини жойига қўйиб, эҳтиром билан муомала ва муносабатда бўлишларини ҳам ўргатишимиз керак. Ваҳоланки, тарихда ўтган ва ҳозирги кунда машҳур ва маълум алломаларнинг ҳаётларига эътибор берадиган бўлсак, улар устозларини жуда юксак даражада эҳтиром қилган, натижада устозларини илмлари ва дуоларини олганлар.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий имўм-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Уларнинг на манзили, на шахси, на устози, на мазҳаби маълум! Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Ғаразли мақсадлар билан фаолияти олиб бораётган сайтлар фитналаридан огоҳ бўлиш лозимдир. Ҳақ таоло барчамизни униб-ўсаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айлаб, Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин!
Сариосие туман Имом Низомиддин
Сангардакий жоме масжиди
имом-хатиби Обиджон Исмоилов
Izohlar