Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёти
Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий ал-Ансорийдир. "Ал-Мотуридий" деб аталиши Самарқанд шаҳридаги "Мотурид" маҳалласига нисбат берилганидир. Сафдошлари уни турли унвонлар билан улуғлашган: у "Имомул ҳудо" (Ҳидоят имоми), "Аламу-л-ҳудо" (Ҳидоят байроғи), "Имомул мутакаллимин" (Калом илми олимларининг имоми), "Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимин" (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ қилувчи, тўғриловчи) ва "Раису аҳлис сунна" (Аҳлисунна раиси) ҳисобланади. Бу сифатлар ва унвонлар бу зотнинг сафдошлари қалбидаги юксак мавқейига ҳамда унинг суннатни қўллаб-қувватлаш ва уни ҳимоя қилишда эришган ёрқин ролига ишора қилади. Зеро, ал-Мотуридий Ислом оламининг шарқий ўлкаларида зиёли, заковатли фикр эгалари орасида юксалган эди.
Имом ал-Мотуридий эришган мана шундай юксак мавқега қарамай, у кўплаб тарихчилар томонидан эътиборсиз қолдирилгани кузатилади. У зотнинг ҳаётларига яқиндан ҳам, узоқдан ҳам унга ишора қилмаганлар. Агар бирор тарихчи уни зикр этган бўлса ҳам, унинг юксак мақомига, у асос солган мазҳабнинг ўрнига ҳамда у ва ал-Ашъарийнинг мўътазилийлар, рофизийлар ва бошқа адашган фирқаларга қарши курашда бажарган ролларига мутлақо мос келмайдиган жуда қисқа ва юзаки сўзларни айтганлар, холос.
Ваҳоланки, бу икки зот (Мотуридий ва Ашъарий) нақл билан бирга ақлнинг қийматини юксалтиришда улкан из қолдирдилар. Улар исломнинг ақлга эътибор берадиган, лекин унга мутлоқ ва чексиз ишонч тақдим этмайдиган ўртачалик намунасини кўрсатдилар.
Биз у киши ҳақида замондошларининг асарларида келтирилган маълумотларни кўздан кечирганимизда, у кишининг исми, отасининг исми ва бобосининг исмидан бошқа ҳеч нарса тополмадик. Фақатгина Ас-Самъоний ва Аз-Зубайдий зикр қилган маълумотлар, ҳамда Ал-Мотуридийнинг “Китоб ут-тавҳид” қўлёзмасининг биринчи варағи ҳошиясида келган қуйидаги гап мустасно: унинг насаби Абу Айюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Ансорийга бориб тақалади. Бу насабий боғлиқликни Ал-Баязийнинг Ал-Имом Ал-Мотуридий ҳақида гапирганда насабни очиқ баён қилгани ҳам қувватлайди.
Бироқ Аз-Зубайдийнинг ибораси шуни кўрсатадики, бу насаб аслида динни қўллаб-қувватлаш, суннат ҳамда ақида ва шариатни ҳимоя қилиш ҳамда ойдинлаштириш йўлидаги хизматлари учун эҳтиром ва шарафга йўғрилган бир нисбатдир, насл-насаб (туғилиш) жиҳатидан боғлиқлик эмас.
Эҳтимол, баъзи тадқиқотчилар Ал-Мотуридийнинг “Китоб ут-тавҳид” асари ҳошиясида топган маълумотларига суяниб, у киши бу нисбат орқали унинг асл келиб чиқиши ва насабининг ҳақиқатини баён қилишни кўзлаган, деган фикрга мойил бўлишади; яъни унинг арабий насаби Абу Айюб ал-Ансорийга бориб тақалади. Бу мавзуда энг тўғри сўз шуки: тадқиқотчи қаршисида фақат “Ал-Ансорий” нисбати бор ва бу нисбатнинг (асл келиб чиқишига оид) суянадиган манбаси маълум эмас. Агар унинг арабий насабини қувватловчи омил “Китоб ут-тавҳид” ҳошиясида манбаси кўрсатилмасдан келган маълумотга асосланган бўлса, у ҳолда “Китоб ут-тавҳид” асари ва ундаги тил услуби ҳақида нима дейиш мумкин? Зеро, унда муаллиф муҳим масалаларда жуда мавҳум иборалар ёзганини, шу билан бирга унда заиф иборалар ва лисоний хатолар мавжудлигини кўрамиз. Бу нарса тадқиқотчини муаллифнинг келиб чиқиши араб бўлмаган деган хулосага олиб келади. Биз “Китоб ут-тавҳид” асарини тадқиқ қилаётганимизда ва Бекир Тўпол ўғли ушбу китобни турк тилига таржима қилаётган асносида, Имом Абу Мансур Ал-Мотуридийнинг асл келиб чиқиши араб бўлиши имконсиз эканлигига яққол далолат қилувчи қатъий далиллар кўринди. У кишининг чуқур илми ва масалаларни баён қилишдаги теран фикрига қарамай, тил иборалари ва масалаларни тушунтириш услуби бу гапларни айтган шахснинг араб оиласидан бўлиши имконсизлигини кўрсатади. Бундан ташқари китобда келган жумлаларнинг тузилиши аксар ҳолларда турк тилидаги гап қурилишига ўхшашлигини кўрамиз. Шу боис, Ал-Мотуридийни асли турк бўлган деган хулосага олиб келувчи эҳтимолни инкор эта олмаймиз.
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar