29.09.2026

Абу Бакр розиялоҳу анҳу

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, асл исмлари жоҳилятда Абдулкаъба бўлиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абдуллоҳ деб ўзгартирганлар.

Ҳижратдан аввалги 51-йилда яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудидан 2 йил кейин таваллуд топган. 

Отаси Абу Қуҳофа онаси эса Умму Хойр Лайло бинту Сохр бўлган. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Қурайшнинг Бану Тайм уруғидан ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан насабда у зотнинг боболари Мурра ибн Каъбда бирлашади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилят даврида ҳам ахлоқи гўзал, хулқи чиройли инсонларда ҳисобланарди. Ҳатто хамр ичиш одатини ўзлари учун харом қилиб олган эди. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дастлаб исломни қабул қилган ҳур эркак сифатида тарих сарлавҳаларида тилга олинади.

У зотнинг исломга кириши борасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Кимни исломга даъват қилган бўлсам, унда иккиланиш бўлган илло Абу Бакр бундан мустасно”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъвати билан Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Абу Ваққос сингари машҳур саҳобалар ислом динини қабул қилган.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ислом тарихидаги энг муҳим воқеаларда бирга бўлганлар. Ҳатто Савр ғорида У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлишлари эса, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ислом оламида нечоғли буюк шахс эканлигини билдиради.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳижрий 11-йил 12-робиул аввал санасида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бутун ислом олами халифа сифатида байъат қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг жаъми 6 та фарзандлари бўлиб, 3 ўғил ва 3 қиз эди. Ўғиллари Абдурраҳмон, Абдуллоҳ ва Муҳаммад. Қизлари, Асмо, Оиша ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳумлар эди. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик муддати 2 йил, 3 ой 10 кун бўлиб, ҳиж 13-йил Жумадул охир ойи тугашига 8 кун қолганда бу ёруғ дунёни тарк этадилар.

 

Хамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar