Уламолар пайғамбарлар меросхўрлари
Устозларимизни пайғамбарларга мерос бўлишидан кўра каттароқ бахт йўқ. Чунки шафоатчимиз Мухаммад саллолллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, — деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Мана шунинг ўзи ҳам устозларни қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади. Пағамбарлар ўзларидан дирҳаму динорларни қолдирмади. Балки инсонларга йўлчи юлдуз бўлган олимларни қолдирди. Олимлар ўзларининг билимлари, тажрибалари, меҳнатлари билан шогирдларига дунё ва охират манфаатлари эшикларини очадилар. Ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришган инсонни кўрсангиз албатта унинг ортида устозининг меҳнати ётганини ҳис қиласиз. Демак мақтовларга энг лойиқ зот бу устозлардир. Устозларни улуғлаш, уларнинг меҳнатини қадрлашда саҳобаларнинг ҳаёти бизларга намуна бўлади. Тарихда ўтган буюк алломалар, муҳаддислар ва фиқҳ илми соҳиблари ўз устозларини қай даражада улуғлаб, эҳтиром қилганини кўрасиз: Ибн Аббос (р.a.) ва Зайд ибн Собит: Умматнинг билимдон саҳобаларидан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган буюк саҳоба Зайд ибн Собитнинг оти жиловидан тутиб, унга ҳурмат кўрсатганлар. Шунда Зайд ибн Собит у кишининг қўлларидан ўпмоқчи бўлганларида, Ибн Аббос: «Биз устозларимизга шундай ҳурмат кўрсатишга буюрилганмиз», деганлар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар «Ҳидоя» муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: «Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юришибди. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келишса, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман», деб жавоб қилдилар. Икки буюк шоир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари неча асрдан буён ҳаммани лол қолдириб келяпти: Алишер Навоий ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳамиша устозига эргашди, унга ўхшашга интилди. Устози каби у ҳам “Хамса” ёзди, устозининг “Нафаҳотул-унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул-муҳаббат” номли янги асар ёзди. Мир Алишер Навоий ҳазратлари устозларнинг ҳақини адо этиб бўлмаслик борасида хитоб қилиб шундай ёзадилар:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Ҳа, уларнинг бундай мақом ва мартабаларга эришишининг сабаблари жуда кўп, аммо энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизматлари ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражаларга қандай етишганлари ҳақида сўралганда, “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли”, дея жавоб берганлар.
Биз илм олиш истагида юрган эканмиз, келинг, буюк бобокалонларимиз изидан юрайлик, устозларга нисбатан юксак эҳтиром кўрсатайлик, бир сўз билан айтганда, “Аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик”.
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar