19.09.2022

Дехқончилик фазилати

 Муқаддас Ислом дини таълимотларида деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади.Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради.Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Аллоҳ таоло Залзала сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, кимки зарра миқдорда яхшилик қилса (натижасини) кўрадир”.Анас (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун бундан садақа ҳосил бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам, аёлни ҳам баробар қамраб олади. Яъни, эркак кишими ёки аёлми, бирор кўчат ёки экин экса, ундан инсон ёки бошқа жонзотлар ҳам фойдаланса, унга савоби етади.Юртимиз тупроғи серунум, боғларимиз серҳосил. Бу Аллоҳнинг бизларга кўплаб яхшиликларни ато этаётгани аломатидир.Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, ўзининг ҳикмати ва қудрати билан инсонни ер юзидаги ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсаларни ҳал этди. Деҳқончилик бизга аждодларимиздан мерос. Ҳақ таоло ҳаёт асоси бўлган сувни осмондан нозил қилди ва у орқали ҳамма жонзот ва наботатга ҳаёт берди. Парвардигор инсонларга бу дунёда турли неъматларни берган. Инсон ушбу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим.Ҳозир куз фасли мамлакатимизнинг қайси жойига борманг, ҳамма етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш билан банд. Деҳқонлар ўзларининг ҳалолпок, машаққатли меҳнатлари билан юртимиз бойлигига бойлик қўшадилар. Халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларини дастурхонларимизга етказиб берадилар. Айтиш жоизки, деҳқондан барча манфаат олади. Шу ўринда, юртбошимизнинг қуйидати сўзлари катта эътиборга лойиқ: «Халқимизнинг ризқу рўзи, аввало, далаларимизда заҳматкаш деҳқонларимиз томонидан етиштирилган маҳсулотлар, озиқ — овқат ва нозунеъматлар билан ўлчанади».Деҳқончилик бунёдкорлик, эзгулик, яшариш каби умумбашарий ғояларни ифода этади. Истиқлол туфайли юксалиб бораётган юртимизга самарали мехнат қилаётган деҳқонларимизнинг ишларига омад ёр, деҳқончиликлари файзу барокатли бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Сариосиё тумани Имом Низомиддин 

Сангардакий жоме масжиди имом хатиби 

Обиджон Исмоилов.

Izoh qoldirish

Izohlar