ЁШЛАРГА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ БЕРИШ ЗАРУРАТИ
Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига боласидан шикоят қилиб келади. Умар розияллоҳу анҳу ўша болани чақириб, отасига озор бергани учун, отасини ҳақларини унутгани учун танбеҳ берадилар. Шунда ўғил: «Эй мўминлар амири! Боланинг ҳам отасига ҳаққи борми?» деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу: «Бор», дедилар. Ўғил: «Улар нималар?» деб сўрайди. Умар розияллоҳу анҳу: «Ота аввало болага яхши она танлаши керак, токи одамлар уни онаси билан айбламасин. Кейин унга яхши исм қуйиши керак, унга Қуръон ўргатиши керак», дедилар. Ўғил: «Эй мўминлар амири! Отам сиз айтган ишларнинг бирортасини ҳам қилмаган. Онам бир мажусийнинг қўлида занжи аёл бўлган. Шунинг учун ҳамма мени онам билан масхара қилади. Менга «Жуъал» («Гўнг қўнғиз») деб исм қўйган. Менга Қуръондан бирорта ҳарф ҳам ўргатмаган!» деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу отага қараб: «Ўғлим менга оқ бўлди деб, шикоят қилиб келган эдинг. У сенга эмас, сен унга оқ бўлган экансан-ку! У сенга эмас, сен унга ёмонлик қилган экансан-ку! Сен унинг ҳаққини поймол қилган экансан. Энди биз ундан ҳеч нарса талаб қила олмаймиз», дедилар-да, отани маҳкамадан чиқариб юборадилар.
Ота фарзандига дабдабали тўй қилиб бермаса, кошона уйлар қуриб бермаса, қиммат машиналар олиб бермаса ҳам булар учун қиёматда жавоб бермайди. Аммо боласига Аллоҳ Ҳақ субҳонаҳу ва таолони танитмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни танитмаса, Қуръон ўргатмаса, ҳалол-ҳаромни ўргатмаса, унга чиройли исм қуймаса, таҳорат олишни, покланишни ўргатмаса, намоз ўқишни ўргатмаса, рўза тутишни ўргатмаса, ҳалолдан топиб ейишни, ҳаромдан ҳазар қилишни ўргатмаса, қиёматда жавоб беради. Ота-она фарзандини дини-диёнатига эътиборли бўлиши керак. Бугунги илм-фан тараққий топиб турган бир замонда ҳам Аллоҳ таолони танимайдиган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тинимайдиган, Қуръон ўқишни билмайдиган, ҳалол-ҳаромни фарқига бормайдиган, ота-онани эҳтиром қилмайдиган ёшлар талайгина. Ота-она ўз бурчини бажариш мақсадида фарзандига Аллоҳ таолони танитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитиб, Қуръон ўқишни ўргатиб, ҳалол-ҳаромни танитиб бормаса, жамиятда динсиз, саводсиз кишилар кўпайиб бораверадилар.
Оятуллоҳ Айниддин – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar