31.10.2025

ОТА-ОНАНИНГ ФАРЗАНД ОЛДИДАГИ ҲАҚҚИ (1-қисм)

Фарзандлар ота-она жисмининг бир бўлаги ва уларнинг меросхўрларидир. Аллоҳ таъоло фарзандларни ота-онага ҳаётнинг безаги, кўзларининг нури сифатида бериб буюк неъмат ато этган. Шуни унутмаслик керакки, улуғ ҳақларнинг улуғи ота-она устида бўлган бола ҳаққидир. Бола ҳаққи учун ота-она ёки булар ўрнида бўлган валийлар дунё ва охиратда масъул бўладилар. Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом: «Отанинг фарзандига қиладиган ҳаққи учтадир. Туғилганда яхши исм қўйиш, Қуръони карим ўргатиш, балоғатга етса уйлантириш»,деганлар. Абдуллоҳ, Абдураҳмон каби Аллоҳга бандалик ва мақтов маъноларини англатувчи исмлар, пайғамбарлар, саҳобалар, уламолар ва бошқа аҳли солиҳларнинг исмини қўйиш мақсадга мувофиқдир. Ўғил болаларни имкон қадар эрта ҳатна қилдириш суннатдир.

Ота-оналар фарзандлари олдидаги ҳақларини билиб вақтида адо этмоқлари фарз бўлади. Бола ёш вақтида ҳар турли тарбияга қобил бўлганидан бу вақт улуғ ғаниматдир. Кўпчилик ота-оналар бола тарбияни боғчада ёки мактабда олади деган нотўғри фикр юритадилар. Албатта, боғча ва мактаб инсон тарбиясига маълум даражада таъсир ўтказади, лекин фарзанднинг одобли бўлишига оилавий муҳитнинг аҳамияти каттадир. Шунинг учун болани вақтида тарбия қилиш лозим бўлади. Ўргатилмаган от арава ва омоч тортишга ярамагани каби, тарбия берилмаган бола ҳам бирор ишга ярамайди. Инсон тарбия берилсагина инсон бўлади. Аммо тарбия берилмаса ваҳший ҳайвондан ҳам тубан бир жонивор бўлиб қолади. Бола ҳеч бир уруғ-буғдой сочилмаган ер ёки ҳеч бир нақш ёзилмаган оқ қоғоз бўлиб, қандай уруғ сочилган бўлса, шундай экин ҳосил бўлади ва қандай ёзилган бўлса шундай ўқилади. Болага исломий кўрсатмаларга биноан яхши тарбия  берилса дунё ҳаётида раҳмат олиб берадиган, охиратда эса ота-онага тож кийдирадиган фарзанд бўлиб етишади. Агар бунинг аксича бузуқ тарбия берилса ёки ҳайвонлар мисоли ташландиқ ҳолда қолдирилса, бечора бола ҳалок бўлади ва гуноҳи эса ота-она ёки валийлар устига ёзилади. Фарзанднини тарбиялашда ахлоқ муҳим рол ўйнар экан, шу ўринда ахлоқ ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. Ахлоқ илми яхшилик ва ёмонлик ҳақида баҳс юритади ҳамда кишиларнинг ўзаро муомалалари қандай бўлиши кераклигини тушунтириб, ўз ишларида қандай ғояларни қасд қилиш зарурлигини шарҳлаб, қилиниши зарур бўлган ишларни йўлини ёритади. Ҳеч шубҳа йўқки, халқларнинг ўз ҳусусиятларини сақлаб қолишларида ахлоқ асосий омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, барча уламо ва файласуфлар бир овоздан «Ёлғиз кишиларнинг ва барча жамиятнинг фойдаси учун ахлоқ ниҳоятда зарур», деганлар. Бир киши ахлоқсиз, ёлғончи, риёкор, ҳасадгўй, маккор бўлса, шу сифатларни ўзи яшаётган жамиятга тарқатиб, шу жамият аъзоларига ҳам зарар етказади. Шунинг учун, инсонлар жамиятини ислоҳ қилишга уринган барча файласуф ва ҳукмдорлар яхши ахлоқларга алоҳида эътибор берганлар. Улардан баъзилари «Ахлоқ ҳар бир жамиятнинг асосидир» деб жуда ҳам тўғри айтган. Шунинг учун ҳам, барча пайғамбарлар кишиларни яхши ахлоқларга чорлаганлар. 

Қуръони карим бу масалага алоҳида эътибор берган. Чунки, ахлоқ охират неъматларига етказувчи асосий нарсалардан биридир. Бу ҳақиқатни мусулмон бўлмаганлар ҳам тан олишган. Мисол тариқасида доктор Густав Лобоннинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин:

«Қуръони каримдаги ахлоқ асослари бошқа барча дин таълимотларидан устун  туради».

 

Довутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar