19.09.2022

Исломда ҳайвонларга муносабат

Қуръони каримда Аллоҳ таоло ҳайвонот оламини нима учун яратгани, уларга қандай муносабатда бўлиш лозимлигини ўргатиш билан бирга, ҳайвонот оламидан қандай фойдаланиш ҳақида ҳам таълим беради: "Ердаги бирор жонивор ва бирор икки қаноти билан учадиган парранда йўқки, (улар ҳам) сизлар каби умматлар бўлмасалар..." (Анъом, 38). Яъни, сизлар қандай уммат бўлсаларинг, улар ҳам ўзларига хос умматдир. Шундай экан, уларни бекорга ўлдириш, зулм қилиш, қийноққа солиш асло мумкин эмас.Динимиз меҳр-шафқат дини. Одам тугул ҳайвонларга ҳам мулойим муносабатга чақиради. Аслида, ҳайвонлар ҳам борлиқдаги барча нарса каби ибрат учун, қолаверса, инсонларга манфаат учун яратилган. "Албатта, сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир: сизларга уларнинг қорнидаги нарса (сути)дан ичирурмиз, яна сизлар учун уларда кўп фойдалар бордир, шунингдек, улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар. Яна, (қуруқликда) ва (денгизларда) кемаларга миниб юрасизлар" (Мўминун, 21–22). Ҳайвонот олами инсон манфаати учун яратилганини улардан хоҳлаганча фойдаланиш мумкин деб тушунмаслик керак. Динимиз бу борада ҳам адолатли ўлчовларни белгилаб қўйган. Яъни: ҳайвонот оламидан тўғри фойдаланиш; маҳсулотларидан эҳтиёжга кўра манфаат олиш; зарурат бўлганидагина ов қилиш ва ҳоказо. Аммо зинҳор ҳеч бир парранда ёки ҳайвон сабабсиз ўлдирилмайди, ини, уяси бузилмайди, уларга озор берилмайди. Ҳадиси шарифда: «Бирон киши чумчуқни сабабсиз ўлдирса, қиёмат куни Аллоҳга: "Эй Парвардигорим, бу киши мени ноҳақ ўлдирди, бундан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди", деб шикоят қилади», де­йилган (Имом Насаий ривояти).Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзига тамға босилган бир эшак ёнидан ўтатуриб: "Ким бу ишни қилган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, мен бундай ишни ман қилган эдим-ку!" дедилар» (Имом Муслим). Демак, ҳайвонларга белги қўйиш масаласида ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Тамға юзига босилмайди, қулоғининг катта қисми кесиб ташланмайди, думи бекорга кесиб олинмайди. Агар ҳайвон одамларнинг экинига зарар етказса, унинг зарари ҳайвон эгасидан ундирилади.Ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш инсоннинг охиратда ҳам баланд даражаларга эришишига сабаб бўлади. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди", дедилар. Шунда саҳобийлар: "Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?" деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор", деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий).Аксинча, ким ҳайвонларга жабр-зулм ўтказса, азоб берса, бундай одамни охиратда қаттиқ жазо ва уқубат кутади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бир хотин урғочи мушукни очликда сақлаб ўлдиргани учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг, деб азобланса керак", деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).Ҳайвонларга улардан кўриладиган манфаатдангина келиб чиқиб меҳр-шафқатли бўлинмайди. Инсон бутун борлиққа шафқат билан муносабатда бўлишга буюрилгандир. Табиатга яхши муносабатда бўлиш билан динимиз қоидаларига, одамийлик талабларига риоя қилган бўламиз. Барча савобли амаллар қаторида, бу ишимиз учун ажру савобларга эришамиз.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллас: “Бас барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсизлар”, деганлар. Демак, инсон ўз зиммасидаги вазифаларига жавобгар экан, ер юзидаги тинчлик ва ободлик учун Аллоҳнинг олдидаги масъулиятини унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ҳалок этиб, йўқ қилаётганларни Ислом “ фасодчилар” деб номлагандир.Аллоҳ таоло ва пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайвонот ва ўсимликлар оламига қандай муъомалада бўлиш лозимлигини ва уларни бизларга қандай фойдалари борлигини муфассал баён қилиб берган.Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу боисдан бандалар бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр қилиб, ўзларига зарур бўлган ҳайвонот дунёсига эҳтиёткорона ёндашишлари, уларни қўриқлашлари ва сақлашлари лозим.Шукр қилиш эса икки йўл билан бўлади. Биринчиси – бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш бўлса, иккинчиси – У Зот берган неъматлардан фойдаланишда Унинг кўрсатмалари бўйича иш юритишдир.Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қаттиқ таъкидланади.Аллоҳ таоло бизларни инсонлар учун яратган махлуқотларига гўзал одоб-ахлоқ ила муомала қилишга муяссар этсин. Зеро, У Зот ҳар бир нарсага қодирдир.

Сариосиё туман Имом Низомиддин 

Сангардакий жоме масжиди 

имом хатиби Обиджон Исмоилов.

 

Izoh qoldirish

Izohlar