Хорижий малакали мутахассис таълим жараёнига жалб этилди
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан диний таълим муассасаларида таълим сифатини янада ошириш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ҳамда талабаларнинг хорижий тилларни чуқур ўзлаштиришлари учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.


Ушбу топшириқлар доирасида Миср Араб Республикасидаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган Ал-Азҳар университети Араб тили факултетининг Балоғат ва нақд ихтисослиги бўйича PhD, Иброҳим Комил Усмон Муҳаммад Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига таълим жараёнига жалб этилди.
Айни пайтда хорижий мутахассис мазкур таълим муассасалари талабаларига “Араб тили” (Муҳовара) йўналиши бўйича машғулотлар олиб бормоқда. Дарслар давомида талабаларнинг араб тилида эркин мулоқот қилиш, ўз фикрларини равон ва тўғри ифодалаш, кундалик ҳамда илмий мавзуларда суҳбат олиб бориш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, машғулотларда араб тилининг амалий жиҳатларини ўргатиш, талабаларнинг сўз бойлигини ошириш, тўғри талаффуз қилиш малакасини шакллантириш ҳамда уларнинг оғзаки нутқини ривожлантиришга қаратилган усуллардан фойдаланилмоқда. Хорижий мутахассиснинг дарс жараёнига жалб этилиши талабаларнинг араб тилини бевосита она тилида сўзлашувчилар муҳитига яқин шароитда ўрганишларига, тил бўйича назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашларига хизмат қилмоқда.


Мазкур ташаббус диний таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, халқаро тажрибани ўқув жараёнига татбиқ этиш, араб тили бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда талабаларнинг келгусидаги илмий изланишлари учун мустаҳкам замин яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Келгусида ҳам таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, малакали мутахассислар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва талабаларнинг билим ҳамда кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилган.
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar