20.09.2022

Меҳмондорчилик фазилатли

Бизнинг ўзбек халқимиз азалдан меҳмондўст халқ. Таниш-нотаниш меҳмонларга очиқ юзлилик билан уйининг тўрини муҳайё қилади, турли туман таомлар тайёрлаб, меҳмоннинг кўнглини овлайди. “Меҳмонли уй баракали уй” деб бежизга айтмаган доно халқимиз. Бу мақол албатта қон-қонимизга сингиб кетган мусулмончилигимиздаги ҳадисларга тўғри келади.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмондорчиликка катта аҳамият берганлар. У зотдан бу ҳақда кўп ҳадислар ворид бўлган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.Бу ва бунга ўхшаш жойларда Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш таъкидлаб айтилаётган ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган иймон доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва азобни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.Охират кунига ишонган кимсанинг Аллоҳ таолога итоат қилиши учун ҳаракат қилиши, гуноҳдан сақланиши ва бахтли ҳаёт  кечиришига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ.Анас ибн Молик эса: «Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди», деганлар. Пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эди.Зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёларнинг суннатлари, Исломда тарғиб қилинган ва иймоннинг содиқлиги аломатидир.Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар вожиб дейишган.Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни унинг дастурхонига келтириб тўкмаган бўлсин. Меҳмоннавозлик одобимизнинг, хулқимизнинг энг муҳим кўринишларидандир. Хабарда: «Меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди», деб келган. Ҳикоя қилишларича, бир пайтлар уч юз асирни амир Мўъмин ибн Зоиднинг олдига келтиришди. Амир асирларнинг барини ўлимга ҳукм қилди. Шу пайт асирлар орасидан бир йигит отилиб чиқди-да, амирга: «Эй амирим, сизни Худога топширдик, айтинг, ўлимимиз олдидан сув беришсин», деди. Амир асирларга сув беришни мулозимларига амр қилди. Шунда ўша йигит яна ўрнидан туриб, амирга қуллуқ қилди ва: «Эй улуғ амир, бугун энди сизнинг меҳмонингиз бўлдик, меҳмонга мурувват ва иззат-икром кўрсатиш эса мезбоннинг бурчи. Сиз бурчингизга содиқ бўлинг», деди. «Рост сўзладинг, йигит», деди амир ва барча асирларни озод қилиб юборди.Меҳмонга боришнинг алоҳида одоблари ва тартиблари бор. Энг аввало, чақирилган жойга албатта боринг, чунки айтилган ерга бормасангиз, гуноҳкор бўласиз, таклиф қилган кишига азият етказасиз, жамият муносабатларига рахна соласиз.Ҳусайн Воиз Кошифий меҳмондорчилик одобларини ўн тўртта деб санаган: меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортиш; меҳмон кутишда бирор ғаразли мақсад ёки риё бўлмаслиги; меҳмонни илтифот билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш; меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш; меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимаслик; чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш; бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик; ясама илтифот кўрсатмай, қўлдан келганича самимий бўлиш; меҳмондан қайси таомни ёқтиришини сўрамаслик; меҳмон учун ўзи энг яхши кўрган таомни тайёрлаш; овқат ейишга ҳадеб зўрламаслик; меҳмон агар ташқарига чиқса бирга бошлаб чиқиш ва камида етти қадам бирга юриш; ўзини кўрсатиш учун ҳадеб узрхонлик қилмаслик; миннат қилмай, дастурхонидан нон еганига хурсанд бўлган ҳолда шукр қилиб, миннатдорчилик билдириш».Меҳмон учун ортиқча такаллуф (зиёфат учун ҳаддан зиёд уриниш, дастурхон безаш) одобимизда ман қилинган. Шунингдек, меҳмон ҳузурида мезбон ғазабини, жаҳли чиққанини, бирор нарсадан хафалигини ёки ташвишдалигини, ҳатто бошига тушган мусибатни билдирмайди, бўлар-бўлмасга тажанглик қилавермайди.Суннатга динимиз таълимотларига асосланган ҳолда ҳар бир мусулмон меҳмондорчилик одобларини билиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим .Биз, мусулмонлар  ҳам бу улкан фазилатли амалларни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб боришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме 

масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.

Izoh qoldirish

Izohlar