
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган биринчи ва иккинчи ваҳийнинг орасида қанча муддат ўтган?
Тарих китобларда “фатратул ваҳй” деган ибора келади. Бу сўзнинг луғавий маъноси “ваҳийнинг узилиб қолиши” (яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган биринчи ва иккинчи ваҳийнинг орасини узилиб қолишидир) дейилади.
Уламолар мана шу муддат қанча давом этганлиги борасида кўп ихтилофга боради. Тақий Усмоний ўзининг “Иномул Борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ваҳийнинг узилиб қолиши муддатини 2,5 ёки 3 йил деб айтган бўлса, Шайх Саййид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ бу муддат Имом Байҳақийнинг ривояти бўйича 6 ой давом этган дейди. “Нурул Яқин” асари соҳиби Муҳаммад Хузорий ваҳий узилиб қолиши 40 кун давом этган деб айтади. Яна бир олим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ бу муддатни бир ой атрофида деб китобларида келтиради. Ўтган мақоламизда ажойиб таҳқиқ берган “Ар-роҳиқул Махтум” асари муаллифи Софиюрраҳмон Муборакфурий бу борасида ҳам ғаройиб бир изланишни тақдим қилади.
“Сийрат борасидаги гаплар ва ривоятлардан билинадики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида бир ой ибодат қиларди. Бу эса ҳар йилнинг рамазон ойида бўларди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ибодатларини нубувватдан уч йил аввал бошлайди. Демак биринчи ваҳий шу ибодатларининг учинчи йилининг рамазон ойига тўғри келади. “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим” китобларида келган ривоятлардан шу аниқки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи ваҳий ҳиро ғоридан ибодатларини тугатиб қайтаётганда нозил бўлган. Гўёки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларини тугатиб (ибодатларини тугатиш доимо рамазон ойининг охирига тўғри келган) уйига қайтаётганда иккинчи ваҳий нозил бўлган. Бу эса нубувватнинг биринчи йили шаввол ойининг биринчи санасига тўғри келади. Шу сабабли ваҳий узилиб қолиш муддати ўн кун (21-рамазондан 1-шавволгача) давом этади.
Эҳтимол бу нарсада, Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикофга хослаб қўйиш, ва шу эътикофдан чиққач шавволнинг биринчи санасини, у зотга байрам (зеро рамазон ҳайити 1-шавволга тўғри келади) қилиб бериш сири яширилгандир. Аллоҳ билувчидир”.
Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.
Хамидов Абдулбосит - Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси
Имом Термизий НИИ матбуот хизмати
Izohlar