
САДАҚАИ ЖОРИЯНИНГ ТУРЛАРИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мўмин кишига қилган яхши амалларининг савоби вафотидан кейин ҳам етиб туради. Илм ўрганиб бошқаларга ўргатган ва уни тарқатган, солиҳ фарзанд қолдирган, мусҳаф мерос қолдирган ёки масжид қурган ёки мусофирларга уй бино қилган ёки оқадиган дарё қазиган ёки ҳаёт бўлиб соғлик пай-тида молидан садақа қилганга ўлимидан кейин ҳам савоб етиб туради», дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳадисда вафот этган кишига савоби етиб турадиган етти амал санаб ўтилди.
Биринчиси: фойдали илм ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатиш. Бундан уммат ичида олимлар кўпайиши, илмга бўлган қизиқиш халқ орасида ёйилиши назарда тутилган. Токи бу уммат фарзандлари илмсиз қолмасин, саводсизлик барҳам топсин, илм ўрганиб Аллоҳ таолога ибодан қиладиган тақволи уламолар кўпайсин. Зиёли хонадонлар, саводли халқлар, жамоалар шакллансин.
Иккинчиси: Солиҳ фарзанд тарбиялаб мусулмонларнинг хизматида қоим қилиш. Бундан Аллоҳ таолога ҳақиқий ибодат қиладиган, одамлар ибрат оладиган солиҳ зотлар кўпайиши зарур эканини билдиради. Чунки, солиҳ зотларнинг ўзига хос файзи баракоти бўлади. Улар мусулмонлар орасида чироқдай бўлиб, одамларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиб турадилар. Бу эса, бугунги ҳаётимизнинг талаби саналади.
Учинчиси: Мусҳаф мерос қолдириш. Мерос қоладиган маънавий бойликлар ичида Мусҳаф мерос қолдириш энг буюги, энг бебаҳоси ҳисобланади. Қолдирган Мусҳаф мусулмонларга қанча манфаат келтирса, эгасига ҳам шунча манфаат келтиради, савоби етиб туради.
Тўртинчиси: Масжид бино қилиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун масжид бино қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй бино қилади», дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Масжидда қанча одам намоз ўқиса, уни қурган кишига ҳам шунча савоб етиб туради.
Бешинчиси: Мусофирлар дам олиб, ибодат қилишлари учун йўлда уй бино қилиш. Буни баъзи жойларда работ дейилади. Бунақа уйларга ҳозир ҳам эҳтиёж катта. Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, чиройли ибодатхона қуриб, яхши шароитлар қилиб, йўловчиларга инъом қилса, Аллоҳ таолонинг раҳмати билан, ўша уй бузулиб кетгунича эгасига савоби етиб туради.
Олтинчиси: оқадиган дарё қазиб, сув олиб келиш. Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, мусулмонларнинг манфаатини кўзлаб, шаҳарга, қишлоққа ёки маҳаллага сув олиб келинса, ўша дарё йўқ бўлиб, бузилиб кетгунича Аллоҳ таолонинг раҳмати билан эгасига савоби етиб туради.
Еттинчиси: ҳаётлик чоғида молидан сада-қа қилиш. Садақалар кўпдан-кўп баракаларга, яхши ишларга сабабчи бўлиши билан бирга Аллоҳ таолонинг изни билан бало-офатларни кетказади, умрни узайтиради.
Ушбу ўрганаётган ҳадисимиз Пайғамба-римиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-онамиздан кўра меҳрибонроқ бўлганларини кўрсатади. Чунки, фойдали илм олиб бошқалар-га таълим берса, уммат ичида олимлар, толиби илмлар кўпаяди. Натижада бу умматнинг фарзандлари солиҳ бўлиб тарбияланади. Солиҳ, намозхон фарзанд Аллоҳ таолонинг розилигини истаб мусулмонларга масжид қуради. Аллоҳ азза ва жалланинг каломини ўқиб унга амал қилади. Мусофирлар ибодат қилганларида йўлда қийналмасликлари учун работлар қўради. Инсонлар, ҳайвонлар, ҳашаротлар сувсизликда қолмасликлари учун сув олиб келади. Ночор-муҳтожларга хайру эҳсон, садақалар қилади. Натижада бу уммат эркинликда, хотиржам-ликда, осудаликда яшайдиган жамоат бўлади. Хотиржам, осуда яшайдиган жамоадан Аллоҳ таолога ибодат қиладиган ориф зотлар дунёга келади.
Оятуллоҳ Айниддин – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar