Биринчи Каъбапўш ва Мадинаи мунавваранинг тарихи
Рабиул-аввал яъни Пайамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг туғилган муборак ойлари яқинлашиб келаётгани муносабати билан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) туғилишларидан аввалги тарихий ва воқиъий бир ҳикояни эътиборингизга ҳавола этмоқни муносиб деб билдик.
“Меърожун-нубувват” китобида келтиришича Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам замоналаридан бироз муқаддам Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ (Яман подшоҳларидан бири) исмли соҳибқирон бир подшоҳ ўтган экан. Муҳаммад Исҳоқ алайҳи раҳмаҳ “ Мағози шариф”да келтиришича мазкур подшоҳ уша даврдвги ер юзини тўртдан бир қисмини соҳиб бўлган беш подшоҳдан бири бўлиб 133 минг отлиқ ва 13 минг пиёда аскари бор экан. Унинг Амёрийсо номлик доно ва муаббир вазири ва атрофдан жам қилинган тўрт минг номдор ҳукамо ва уламолари бор экан.
Подшоҳ бир вақт юриш қилиб кўп шаҳр ва қишлоқларни ўз тасарруфига олиб охири Маккаи Мукаррамага етиб келади. Макка аҳли унинг истиқболига чиқмайдилар. Подшоҳ сабабини сўраганда доно вазир хонаи Каъбани тарихи ва унинг мукаррамлигини подшоҳга ҳикоя қилиб, унинг аҳли кибр қилиб, истиқболга чиқмаганларига шу хонани сабаб деб тушинтиради. Подшоҳ ғазабга келиб Каъбани хароб қилиб, барча аҳлини теғдан ўтказишни ният қилгач Худованд унга бир дард ато қиладики, барча ҳукамо унинг иложидан ожиз қоладилар. Подшоҳнинг дарди кундан- кунда зиёда бўлиб ҳатто ўлум остонасида яқинлашиб қолади. Ҳакимларнинг орасидан Хонаи Каъбани ҳақиқати ва улуғлигини яхшироқ билган бир ҳаким вазир билан подшоҳ ҳузурига бориб ундан Каъбага нисбатан бирор ғаразли нийят қилиб қуймаганидан сўраганларида, подшоҳ Каъбани вайрон қилиб, унинг аҳлини тиғдан ўтказиш тўғрисидаги ниятини айтиб беради. Бу сўзни эшитган табиб Подшоҳга агар ниятидан қайтмаса бу дарддан фориғ бўлмаслигини тушинтиради ва подшоҳ ниятидан дарҳол қайтгач, Худованд унга шифо ато этади.
Дебдурларким подшоҳ уша ҳолатда мажусий экан ва дарҳол динидан қайтиб Иброҳим Халилур Раҳмон динларини қабул қилади ва Хонаи Каъбани зиёрати тартибини уламолардан сўраб, тавоф қилади ва таъзим, эҳтиромини камо ҳаққуҳу бажо келтириб макка аҳлига дастархон ёзиб меҳмондорчилик қилиб барчасига совға саломлар ато қилади.
Ахбор ровийлари шундай дебдурларким уша кеча подшоҳ “ Каъбани шунча таъзим ва эҳтиромини бажо келтирдинг энди унга Каъбапўш тиктириб кийгизгин” деган маънода туш кўради. Подшоҳ эртасига вазир билан маслаҳат қилиб уша замонага хос қимматбаҳо матолардан Каъбапўш тиктириб Каъбаи Муаззамага кийгизади ва Каъба аҳли билан хайрлашиб йўлга чиқиб равона бўлади ва ушбу амал бугунги кунгача уша улуғ подшоҳдан суннат тариқасида амал қилинмоқда.
Ривоятда келишича Подшоҳ лашкри билан иттифоқан бугунги Мадинаи Мунаввара жойлашган жойга тунаб қоладилар. Уша пайтда Мадинаи Мунавваранинг жойи саҳрога ўхшаган макон бўлиб, уй бинолардан асар ҳам йўқ экан. Подшоҳнинг тарихчи уламо ва муаббирлари ушбу маконга охир замон пайғамбари Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам келиб макон қилишларини илм асосида исбот қилиб, ушбу хабарни Подшоҳга етказдилар. Подшоҳ ва вазирнинг маслаҳати билан тўрт минг ҳаким ва уламолардан ўз хоҳишлари билан пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиш ва у зотга хизмат қилиш мақсадида уша тўрт минг ҳукамолардан тўрт юзталари шу ерни макон қилиб яшашни ихтиёр қиладилар. Подшоҳ уларга энг аълам ва ҳаким бўлган Шомул исмли кишини раис сайлаб ҳар бирига яшаш учун уй ва авлод учун канизаклардан инъом этиб, қуйидаги маънода мактуб ёзиб Шомулга топширади.
“ Ило Муҳаммадин (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ибни Абдиллоҳ Хотамин-набиййин ва Расули Раббил- оламийн мин Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ. Аммо баъд ё Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам фаинний оманту бика ва бикитобикаллазий анзалаллоҳу алайка ва ало диника ва суннатика ва оманту бираббика ва Рабби кулли шайъин мо жоа мин раббика мин шароиъил- иймони вал- исломи ва ана қабилту золика. Фаин адрактука фийҳо фанеъма ва ин лам адрактука фашфаъ лий явмал- қиёмати вало тансани, фаинний мин умматикал- аввалийна ва тобаътука қабла мажиикка ва қабла ирсолиллоҳи таоло ийёка ва ана ало миллатика ва миллати абика Иброҳим алайҳиссалом. Яъни: ( Муҳаммад саллсллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ибн Абдиллоҳ хотамин- набиййин ва Расули Раббил оламийнга Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ дан. Аммо баъд эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам бас албатта ман сизга ва Аллоҳ таоло тамонидан туширилган китобга ва сизнинг динингиз ва суннатингизга имон келтирдим. Ва сизнинг ва барча ашёларнинг Парвардигори тамонидан келган иймон ва ислом шароитларини барчасини қабул қилдим. Агар шу дунёда сизни топсам бас қандай яхши. Ва агар сизни топа олмасам, бас қиёмат кунига мени шафоат қилинг ва мени эсингиздан чиғорманг. Зеро ман сизни биринчи умматингизданман ва сиз келмасдан ва Оллоҳтаоло сизни юбормасдан олдин сизга мутобаат қилдим ва ман сиз ва Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатидаман).
Сўнг мактубга мўҳр босиб Шомулга топширади ва шундай васийят қилади:
“Агар Пайғамбар алайҳиссалом дийдорларини кўриш давлатига мушарраф бўлсанг ушбу мактубни топшир ва менинг номимдан куп дуруду саломлар етказгин. Ва агар ул зоти бобаракотнинг дийдорларини кўриш насиб этмаса, бас зинҳор авлодинга васийят қилиб ушбу номани Пайғамбар алайҳиссаломга етказишингни илтимос қиламан”.
Ривоят қилибдурларким Туббаъ мактубни Шомулга топширгандан сўнг улар билан видоълашиб йўлга тушиб равона бўлади ва Ҳиндустоннинг Қалсимон номли шаҳрига бориб уша ерда фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилади.
Ахбор ровийлари шундай дебдурларким мазкур мактуб расо минг йилдан сўнг Шомулнинг 21 чи авлодидан бўлган Абў Айюби Ансорий разияллоҳу анҳунинг қўлларига етиб келади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳурларининг хабари Ясрибга етиб келиши билан Абў Айюби Ансорий разияллоҳу анҳу мактубни махфий ҳолда муътамад яъни ўзига ишонарли бўлган Абў Лайло исмли кишига топшириб, Маккаи Мукаррамага олиб бориб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга етказишини илтимос қиладилар. Абў Лайло Маккаи Мукаррамага етиб Бани Салим қабиласида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам билан мулоқий бўлганда, Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳ ва саллам дедилар: Сан Абў Лайло сан ва Туббаъни мактубини олиб келгансан. Абў Лайло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни танимас эди, ҳайрон бўлиб деди: Сиз кимсизким сизнинг юзингизга сеҳр асарини кўрмаяпман. Ман Муҳаммадман (Саллаллоҳу алайҳи ва саллам) номани менга бергин. Абў Лайло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга номани топшириб Ясрибга қайтгач бу хушхабарни олдидан чиққан кишига айтиб улардан севинчи оларди ва улар ҳам Абў Лайлога ҳадялар берар эрдилар, зеро улар минг йилдан буён ушбу хабарни кутиб келган Шомулнинг авлодлари эрдилар.
Ушбу ҳикоя мантиқга ҳам тўғри келадиган ишонарли қиссалардан ҳисобланишига амин бўлмоғимиз даркор. Зеро Пайғабар алайҳиссалом ўз туғилиб ўсган ватанлари Макаи Мукаррамага сиғмай Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларига, Мадина аҳли неча мил шаҳардан чиқиб шерлар айтиб кутиб олишлари ҳамда йиллар давомида захира қилиб қўйган пулу молларини муҳожирларга бериб уларга ёрдам қўлларини очганлари, шунингдек Мадинаи Мунавварада Ансорлардан қанча бой бадавлат кишилар бўла туриб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ансорийлардан енг камбағал бўлган Абў Айюби Ансорий разияллоҳу анҳунинг хонадонига тушишлари ҳам мазкур ҳикояни қанчалик тўғри эканлигига далолат қилади албатта.
Шунингдек Қуръони Каримнинг икки сура (“Духон” сурасининг 37 чи ояти ва “Қоф” сурасининг 14 чи оятида Туббаъ ҳақида сўз юритилган. Мавлоно Ҳусайн воизи кошифий ҳам “Тафсири ҳусайний” асарларида ушбу қиссани мазкур оятлар тафсирида айнан келтирибдурлар. Валлоҳу аъламу биссавоб.
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор”
жомеъ масжиди имом хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ.
Izohlar