
ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ ИНСОНИЯТ БУРЧИ
Гиёҳвандлик ХХI асрнинг энг муаммоли иллатларидан бири бўлиб, инсон саломатлигига, ижтимоий тартибга ва руҳий ҳолатга бевосита хавф туғдиради. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили миллионлаб одамлар гиёҳванд моддаларга қарамлик сабабли ҳаётидан айрилмоқда. Ислом дини эса ўзининг асосий манбалари — Қуръон, Суннат, ва фиқҳий мерос орқали гиёҳвандликнинг олдини олишни, уни ҳаром деб билишни ва жамиятни ундан асрашни тарғиб қилади.
1. Гиёҳвандлик тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари
Гиёҳванд моддалар инсон психикасини, онгини ва жисмоний саломатлигини бузувчи кимёвий воситалардир. Улар орасида героин, кокаин, опиатлар, каннабиноидлар, синтетик моддаларнинг турлари мавжуд бўлиб, уларни истеъмол қилиш:
Ақлий заифлик ва руҳий беқарорлик келтириб чиқаради;
Жиноятга мойилликни оширади;
Ижтимоий ажралиш, оилавий бузилишларга олиб келади;
Юқумли касалликлар (масалан, ОИТС, гепатит) тарқалишига сабаб бўлади.
2. Қуръони карим ва Суннату мутоҳҳарада гиёҳвандликнинг ман этилиши
Ислом динида гиёҳвандликка қарши асосий ҳужжатлар Қуръон ва ҳадисларда мавжуд бўлиб, улар гиёҳвандликни тўғридан-тўғри эмас, балки маънан ҳаром қилинган ҳаракатлар қаторида кўрсатади.
Ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар:
“Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир.”
(Имом Муслим ривояти)
Шунингдек:
“Кўп миқдорда маст қиладиган нарсанинг оз миқдорига ҳам ҳаромлик ҳукми берилади.”
(Имом Аҳмад, Абу Довуд)
Бу ҳадислар асосида фиқҳ уламолари нафақат спиртли ичимликлар, балки ҳар қандай руҳиятни ўзгартирувчи моддаларнинг ҳаром эканлигини таъкидлаганлар.
Фиқҳий қарашлар: тўрт мазҳаб Уломолари ҳузурида.
Ислом ҳуқуқшунослари — ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалийлар — гиёҳвандлик хусусида қуйидаги фикрга келганлар:
Ҳар қандай маст қилувчи ва онгни йўқотувчи модда ҳаромдир.
Уларни сотиш, улардан фойда олиш ҳам ҳаром ҳисобланади.
Гиёҳвандлик билан шуғулланиш жиноят деб баҳоланади ва унга нисбатан жазо чораси белгиланади.
Масалан, Имом Абу Ҳанифа ва ҳанафий уламолари "мускир" (маст қилувчи) тушунчасини спиртли ичимликларга чекламай, ҳар қандай онгни ўзгартирувчи нарса сифатида изоҳлайдилар.
Исломий тарбия ва профилактика: гиёҳвандликка қарши курашнинг асосий воситаси
Ислом жамиятни ички жиҳатдан мустаҳкамловчи воситаларни таклиф этади:
Имон ва ибодат: Саломатлик Аллоҳнинг неъмати сифатида тушунилади. Уни асраш иймоннинг аломати сифатида баҳоланади.
Маънавий назорат: Ҳар бир мусулмон ўзини доимо Аллоҳ назорат қилаётганини ҳис қилади.
Ҳалол турмуш тарзи: Оила, атроф-муҳит, меҳнат ва илм билан машғул бўлиш гиёҳвандликдан сақлайди.
Жамият назорати ва маслаҳат: Масжидлар, уламолар ва жамоа аъзолари гиёҳвандликка қарши тарғиботда фаол иштирок этадилар.
Замонавий мусулмон давлатлари (Саудия Арабистони, Эрон, Малайзия ва б.) гиёҳвандликка нисбатан кескин жазо чораларини қўллайди. Бироқ Исломда асосий эътибор жазога эмас, балки олдини олиш, тарбия ва иймонни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ислом дини гиёҳвандлик ва инсонийятнинг таназзули бўлиб келаётган ишларни қоралабгина қолмайди, балки унинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб, иймон, ахлоқ, соғлом турмуш тарзини ва инсонийятни маънан етук бўлишини асос сифатида кўради. Ислом шариатидаги ёндашув замонавий тиббий ва ижтимоий назариялар билан ҳамоҳанг бўлиб, гиёҳвандликка қарши курашда муҳим ғоявий ва ҳуқуқий асос бўла олади.
Пармонов Бобошер – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar