27.09.2022

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМ ОЛИШДАГИ ИЖТИҲОДИ

Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган сўзи ҳеч қачон илм ўз қадрини йўқотмаслиги, доимо илм ва маърифат билан дунёда нажот топиш мумкинлиги таъкидланган. Муҳаддис ўзининг ушбу шиорига содиқ бўлиб, бутун умрини фақат илм-маърифатга бағишлаганлиги ҳам айтилган сўзининг амалий исботи бўлган. Дунё роҳати, оила фароғати, ёшлик даври, бойлик, ёки дунёнинг орзу ҳавасидан йироқ ҳолда 40 йил илм йўлида юрган муҳаддис ўз номини олтин ҳарфлар билан тарих саҳифасига битиб, Қуръони каримдан кейинги ўрнида турадиган “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини тасниф этган. Бу хусуда Президентимиз: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳул Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”[1] деб таърифлаганлар.

Имом Бухорийнинг машаққатли ҳаёт синовларини енгиб бу буюк даражага етиши, ота-онаси ҳамда устозлари томонидан берилган таълим ва тарбиянинг самараси бўлган. Илм талабида муҳаддис қийин ва шарафли йўлларни сабр матонат билан енгиб ўтган. Имом Бухорийнинг илм йўлидаги машаққатлари, таълим ва тарбияга нисбатан унинг ёндашувларини қуйидаги маълумотлардан кўриб ўтамиз. 

Имом Бухорий “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини қайси шаҳарда ёзганлиги тўғрисида ҳам кўплаб фикрлар келтирилган. Жумладан, муҳаддиснинг ўзидан ривоят қилинган манбаларда, муаррих Тожиддин Субкий “Табақот” асарида: Имом Бухорийнинг “Мен Басрада беш йил турдим, “Саҳиҳ” китобим ўзим билан бирга эди. Ҳар йили ҳаж ибодатига бориб яна Басрага қайтиб келдим ва шу ерда китобимни ёздим. Ҳар борганимда Аллоҳ таолодан бу китобларимни мусулмонлар учун баракали қилишини умид қилдим” деган маълумотни келтиради. Муҳаммад ибн Бужайрнинг Имом Бухорийдан: “Мен “Жомиъ” асаримни масжид ал-Ҳарамда ёздим. Асарга ҳар бир ҳадисни киритишдан олдин икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳдан хайрлисини сўрадим” деган фикрни келтирган[2]. Абу Фазл ибн Тоҳир эса муҳаддис асарни Бухоро шаҳрида ёзганлигини келтиради: “Саҳиҳ маълумот шуки, Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарини Бухорода ёзган” деди[3]. Имом Бухорий илм сафарида бир жойни лозим тутмаган, табийики, у киши турли ўлкаларни кезган илм-маърифат марказларига бориб, улуғ муҳаддислар ҳузурида бўлган. Муҳаммад ибн Абу Хотамдан: Имом Бухорий айтади: “Мен ҳадис ёзиб олган устозларнинг фақат ҳадис илмида етук бўлганларининг ўзи саксон минг киши эди” деди[4]

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий айтганлар: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилдан эшитдим: “Ҳаж амалини адо этдим кейин акам онамни олиб Бухорога қайтдилар. Мен ҳадис илми талабида қолдим ёшим 18 га етганида “Қазоё ас-саҳобати ват-тобеин” (Саҳобалар ва  тобеиларнинг фатволари) китобини ёздим. Ундан кейин “ат-Тарих” китобини ҳам ўша пайтда ой нурида Пайғамбар (с.а.в.)нинг қабрлари ёнида ёздим” дедилар[5]

Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий шундай хабар берганлар: “Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйларида қолдим. У кишининг ўша кеча 18 марта туриб чироқни ёқиб ёдларига тушган нарсаларни ёзиб қўйганларини гувоҳи бўлдим” деди бошқа манбада Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: “Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. У кишининг бир кечада 15-20 марта уйғониб, чақмоқ-тош олиб чироқ ёққанларини, сўнгра ҳадисларни тахриж қилиб белгилаганларини кўрар эдим” дедилар[6].

Муҳаддис ўз асарини қайси замон ва маконда ёзмасин, албатта унинг таснифига катта эътибор қаратган. Унинг одати ҳар бир асарини уч мартадан ёзганлиги, аввал асарнинг қораламаси, кейин саралаб оққа кўчириш ва таҳрир қилишдан иборат бўлган. Бу ҳақда унинг шогирди ва котиби Муҳаммад ибн Абу Ҳотам шундай деди: Мен Имом Бухорийдан эшитдим у киши “Мен барча китобларимни уч мартадан ёздим” деган эди[7]. Ҳофиз Абу Фазл ибн Тоҳир айтади: “Имом Бухорий “Саҳиҳ” асаридан олдин “Мабсут” номли асар ёзган ва барча ҳадисларни унга тўплаган. Кейин диққат билан ҳадисларни санади, матни, ровийсини текшириб энг саҳиҳларини танлаб “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарини ёзган” деди. Бу фикрдан келиб чиқиб, муҳаддиснинг “Мабсут” номли асари ҳам бўлганлиги ва ундан шоҳ асари “Саҳиҳ”ни ажратиб олганлиги маълум бўлади[8].

Имом Бухорий мазкур асарини Мадинада Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрлари ёнида ёзганлиги тўғрисида ҳам манбаларда баён этилган. Абу Аҳмад ибн Аъдий: “Кўплаб машойихлар шундай дедилар: “Имом Бухорий “Саҳиҳ” асарини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрлари ва муборак минбарлари ўртасида туриб таълиф этган. Ҳар бир ҳадисни ёзишда Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳақларига саловат айтиб, Аллоҳ таолога икки ракаат намоз ўқиган” деди[9].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзиши ва унинг қайси маконда бўлганлиги тўғрисида турли манбаларда ҳар хил қарашлар келтирилди. Муҳаддис ва муаррихларнинг маълумотига асосан, асар Макка, Мадина, Басра ва Бухорода ёзилган. Маълумки, муҳаддис ўзининг кўп йиллик илмий сафарида бир жойда муқим туриб яшамаган. У жуда кўплаб илм маърифат маркази бўлган шаҳарларда Бухоро, Балх, Марв, Макка, Мадина, Боғдод, Басра, Куфа, Найсабур, Рай, Асқалон, Фустот, Восит, Кеш, Самарқанд каби шаҳарларда илм талабида бўлган[10]. Имом Нававий айтадики: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асарини Макка, Мадина, Басра ва Бухорода ёзилганлиги тўғрисида келган барча хабарлар саҳиҳ ва ҳақиқат бўлиши мумкин. Чунки, муҳаддис асарни ўн олти йил давомида ёзган ва бу вақт орасида бу шаҳарларда бўлган” деди. 

Ҳажар Асқалоний ўзининг “Ҳадйи-с-Сорий” асарида “Саҳиҳ” асарини ёзилиши тўғрисида шундай маълумотни келтириб: “Имом Бухорий Маккада “Саҳиҳ” асарини мундарижаси, тартиби ва унинг бобларини тузиб чиқиб, шу муборак шаҳарда бошлаган. Асарни ёзилиши ўн олти йил давом этиб, Мадина, Басра ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлган бўлиши ҳақиқатга яқиндир”[11]деди.

Имом Бухорий “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини узоқ йиллар давомида ёзиб бўлгач, устозлари ва ўз даврнинг буюк муҳаддислари саналган Али ибн Маданий(в.й.234/847), Яҳё ибн Муйин(в.й.233/843) ва Аҳмад ибн Ҳанбал(в.й.241/854)ларга кўрсатиб олган. Бу муҳаддислар асарни кўриб чиқиб: Имом Бухорийга “Китобингизда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ” деб эътироф этишган. Яна бир бошқа манбада: “Китобингизда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ фақат тўртта ҳадиснинг саҳиҳлиги тўғрисида ихтилоф бор” дейишган. Имом Бухорий бу ҳадисларни ҳам саҳиҳлигига ҳужжат келтирганлиги манбаларда баён этилади[12].

Ўзининг буюк салоҳияти, кучли ҳифзи, илм йўлидаги шижоати билан тарих саҳифасида “Имом Бухорий ердаги Аллоҳнинг мўъжизаси”, “У соҳилсиз денгиз”, “Муҳаддислар Имоми”, “Ҳадис илмининг султони” деб эътироф этилди. 

Хулоса ўрнида, Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти ва шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ёзилиш тарихи асосида муҳаддиснинг таълим ва тарбия методларини қуйидагича кўришимиз мумкин бўлади:

  • Илм олишда бардавомлик, холислик ва покиза ниятли бўлиш;
  • Устозлар ўгити ва уларнинг маслаҳатини олиш;
  • Илм олишни ёшликда мукаммал қилиш;
  • Ҳар қандай машаққатга сабр ва бардошли бўлиш;
  • Аввал илмни ҳосил қилиб, кейин сарфлаш (китоб ёзиш ва шогирдларга ўргатиш);
  • Илм йўлида сафар қилиш, кўплаб олимларнинг суҳбати ва илм мажлисларида иштирок этиш;
  • Ҳар бир ёзилган китобни уч марта қайта кўриб таҳрир қилиш ва тайёр бўлгандан кейин уни ўзидан устун кишиларга кўрсатиб олиш;
  • Ҳар бир китоб уч марта ёзилиши (қоралама, таҳрир, назоратдан ўтказиш); 
  • Ўрганган илм билан холис илм-маърифат учун хизмат қилишни орзу қилиш ва унинг барокатини сураб дуода бўлиш;
  • Соф эътиқод, чиройли ахлоқ ва одоб соҳиби бўлиш;
  • Дунё роҳати ва ҳар хил беҳуда амаллардан узоқлашиш;
  • Илмни ҳосил қилишда кечалари барча уйқуда бўлган вақтида унумли фойдаланиш;
  • Илм эсга тушган вақтда ёзиб қуйилиши;
  • Илмни ёзиб бориш орқали бошыаларга етказиш.

Таълим-тарбия масаласи доимо жамият олдида турган муҳим вазифа ҳисобланиб, ёшлар таълим ва тарбияси учун барчанинг масъуллиги белгилаб қўйилган. Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизда илм-маърифатга бўлган қизиқишни юксалтириб, уларни юксак маънавиятга тарғиб этади. Шунингдек, муҳаддис ўз ҳаётида фойдаланиб, юксак даражани забт этган таълимдаги методикаси ҳам ибратли аҳамият касб этади. Бу услуб ва методлардан фойдаланиб амалиётга қўлланилса, ёшлар тарбиясида юксак натижаларга эришиш ҳамда буюк аждодларимизга хос ворислар бўлиб етишишларида асосий манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз ҳақиқат.

 

Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот 

маркази директори Шукрилло Умаров
 

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи // Маърифат, 2017 йил, 20 сентябрь. 

[2] Ибн Асокир. – Б. 52/72. Мо тамасса илайҳи ҳожатил Қорий. – Б. 42. Таҳзибил асмои. – Б. 1/74-75. Тағлиқ. – Б. 5/418

[3] Абдусаттор Шайх. Имом Бухорий устозил асотизийн ва имомил муҳаддисийн.... Дамашқ, Дор ал-қалам.2007. – Б. 343.

[4] Умаров Ш. (ғоя муаллиф) ва бошқалар. Имом Бухорий таърифи. Т. Ғафур Ғулом, 2019. – Б. 47.

[5] Тожуддин Субкий. Табақоту-ш-шофиъияти-л-л-кубро. Ж. 2.  – Қоҳира. Дору Ҳажр, 1992. – Б. 216-217.

[6] Ибн Асокир. Тариху Димашқ. Ж. 52. – Байрут. Дору-л-фикр, 1998. – Б. 58.

[7] Заҳабий. Сияр. – Б. 12/403.

[8] Таълиқ. – Б. 5/420

[9] Тарихи Бағдод. – Б. 2/9.

[10] Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбом. Муаллифлар жамоаси. Т.: ИБХИТМ нашриёти, 2019.

[11] Ҳажар Асқалоний. Ҳадйи-с-сорий. – Б. 489. Заҳабий. Сияр. – Б. 12/404

[12] Таҳзиб ат-таҳзиб. – Б.  9/46.

Izoh qoldirish

Izohlar