ЎРТА АСРЛАРДА «СУНАН ТЕРМИЗИЙ»ГА ЁЗИЛГАН ШАРҲЛАР (Иккинчи қисм)
Олдинги мақоламизда “Сунан Термизий”га ёзилган 5 та шарҳ билан танишдик. Мавзумизни давом этиб, бугун яна ўрта асрларда “Сунан”га битилган 12 та шарҳ ва 3 та мухтасар-қисқартмалар билан танишамиз:
6) «Шарҳ ал-Ҳофиз Ибн Ҳажар». Бу шарҳ таниқли муҳаддис, ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га битган «Фатҳ ал-Борий» номли мукаммал ва муфассал шарҳи билан шуҳрат қозонган олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (ваф. 1148)нинг қаламига мансуб. У зот «Фатҳ ал-Борий» асарида мазкур шарҳини эслатиб ўтган.[3] Лекин ҳозиргача машҳур шарҳнинг қўлёзмаси топилиб, нашр қилинган эмас. У алломанинг «ал-Лубоб фий шарҳ қавл Термизий «ва фи-л-боб» номли асари ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Имом Термизий томонидан ҳар бир мавзуда кимлар ҳадис ривоят қилганига ишора қилиб кетилган. «Ал-Лубоб» ушбу ишора қилинган ҳадислар тахрижи ва шарҳига бағишланган.
7) «Шарҳ ал-Булқиний». Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Руслон ибн Насир ал-Мисрий ал-Киноний ал-Асқалоний ал-Булқиний (724 - 805/1324 – 1403) асари бўлиб, у зот Мисрда қози ва муфтий бўлганлар. Шарҳ «ал-Арф аш-шазий ъала «Жомеъ Термизий» деб аталган. Бироқ у охирига етказилмай қолган. Муаллиф шофеъий мазҳаби уламоларидан бўлиб, Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг устози ҳисобланади.
8) «Шарҳ ибн Ражаб». Бу асар ҳанбалий мазҳаби олими Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (736 - 795/1336 - 1393) никидир. «Табақоти ҳанобила» ҳамда «ал-Қавоид ал-фиқҳия» асарлари билан ҳам шуҳрат қозонган. «Кашф аз-зунун» асарида айтилишича, ушбу шарҳ йигирма жилд бўлган ва фитна пайтида ёниб кетган.[4] Мазкур шарҳнинг бир қисми ва «Сунан Термизий»нинг иловаси бўлмиш «ал-Илал ас-сағир»га битилган шарҳ сақланиб қолган.
9) «Қут ал-Муғтазий». Жалолиддин ас-Суютий (ваф. 1505) нинг ушбу асари «Сунан Термизий»га ёзилган шарҳларнинг энг ихчамларидан ҳисобланади. Унинг Ҳиндистон ва араб диёрларида бир қанча нашрлари мавжуд. Бу ҳақда Ҳожи Халифанинг «Кашф аз-зунун» асарида ҳикоя қилинади. Жалолуддин ас-Суютий ушбу шарҳида Термизийнинг «Сунан» асарини юқори баҳолаб уни қуйидагича таърифлайди: «Имом Термизийнинг «Сунан» асари бобларга бўлинган. Бу ҳам бир илм. Асардаги фиқҳ — ҳуқуқшунослик масалалари ҳам бир илм. Саҳиҳ билан сақим (касал, саҳиҳмас)ни ажратувчи илал (иллатлар, сабаблар)ни айтиши ҳам бир илм. Уларнинг ўртасидаги ҳадис турларини зикр этиш ҳам бир илм. Ровийларнинг номлари ва лақаблари ҳам алоҳида бир илм. Жарҳ ва таъдийл, Расулуллоҳни топган ва топмаган ровийларни белгилаш иснодли ривоят. Унда келтирганларнинг ҳаммаси ижмолий илм турларидир. Аммо тафсилийси жуда ҳам кўп. Хуллас, бу асарнинг қимматли жиҳатлари мажмуалар тўпламидир».[5]
10) Мағриб уламоларидан Али ибн Сулаймон ад-Димноний ал-Бажмаъвий ал-Мағрибий ал-Моликий аш-Шозилий (1234 - 1306/1819 - 1888) «Кут ал-муғтазий»га ҳошия ёзиб, кенг изоҳлаб чиққан. Уни «Нафъ Қут ал-муғтазий» деб номлаган. Муаллиф аллома Жалолуддин ас-Суютийнинг олдин зикри ўтган шарҳини мухтасар ҳолга келтириб, китоб аслининг фойдали томонларига бир қадар халал етказганки, китобнинг номи «Нафъ Қут ал-Муғтазий» ибораси маъносини йўқотган. Бу асар Қоҳира ва Деҳлида чоп этилган.
11) «Шарҳ Жомеъ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи «Муҳйий ас-сунна» ва «ал-Фарро» лақаблари билан танилган Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий (436 – 510/1044 - 1117) саналади. У зот «Мишкот ал-мaсoбеҳ»нинг асли бўлмиш «Масобеҳ ас-сунна» асари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, тафсирга оид «Маолим ат-танзил» номли тафсири машҳур. Олимнинг «Сунан Термизий»га битган шарҳи айтилган бўлса-да, ҳалигача топилиб нашр қилинмаган.
12) «Шарҳ Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Фаттаний». Маждуддин Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али ал-Ҳанафий ал-Фаттаний ал-Гужаротий (913 – 986/1508 – 1579)нинг шарҳи. У зот ҳиндистонлик таниқли муҳаддислардан биридир. У зот ўзининг мавзуъ ҳадисларга бағишланган «Тазкират ал-Мавзуъот» асари билан шуҳрат қозонган. У зот «Сиҳоҳи ситта»нинг ғариб, нодир ва ноёб сўзлари шарҳига бағишланган «Мажмаъ биҳор ал-анвор фий ғаройиб ат-танзил ва латоиф ал-ахбор» номли китобида Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг «Сунан Термизий» асарига алоҳида шарҳ битганини қайд қилиб қолдирган. Бироқ бу шарҳ ҳозиргача топилган эмас.
13) «Шарҳ ас-Синдий». Абу Таййиб Раҳматуллоҳ ас-Синдий (ваф. 993/1585) томонидан битилган шарх, у зот «Лубоб ал-маносик» асари билан шуҳрат қозонган. «Сунан Термизий»га битган шарҳи Мисрда нашр қилинган.
14. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий» аш-Шайх Абул-Ҳасан ибн Абдулҳодий ас-Санадий ал-Мадиний (ваф. 1728) битган бу шарҳ жуда гўзал бўлиб, муаллиф уни ал-Ҳарам аш-Шарифда (Маккада) таълиф этган. Асар қирқ қисм (жузъ)дан иборат.
15. «Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий»нинг муаллифи аллома Абу ат-Таййиб (Муҳаммад ибн ат-Таййиб) ас-Санадий ал-Мадиний (ваф. 1698), бу шарҳ араб тилида «би қавлиҳи» «вақавлуҳу» дейилиб, унинг бир қисми чоп ҳам этилган.
16) «Шарҳ Сирож Аҳмад». Мазкур шарҳ 1230 ҳижрий, 1815 милодий йилда вафот этган Шайх Сирож Аҳмад ас-Сарҳиндий ал-Ҳанафий қаламига мансуб бўлиб, Конипурда 1295/1878 йили нашр этилган. У форс тилида битилган шарҳ ҳисобланади.
17) «Жоизат аш-Шаъузий» номли шарҳ аллома Бадийъ уз-Замон (ваф. 1892) қаламига мансуб. Бу асар «Жомиъ Термизий»нинг урду тилига ўгирилган тафсирли таржимасидир.
Дунёнинг кўплаб олимлари «Сунан Термизий»дан олиб мустақил равишда қисқартма ва сайланмалар битганлар. Жумладан, улардан учтаси ҳақида манбаларда маълумот келтирилган:
1) «Мухтасар Жомеъ Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи Нажмуддин Сулаймон ибн Абдулқавий ибн Абдулкарим ал-Бағдодий ал-Ҳанбалий бўлиб, 657 - 716 ҳижрий, 1259 - 1316 милодий йилларда яшаган. У зот «Ибн ас-Сарсарий» куняси билан танилган.
2) «Мухтасар Жомеъ Термизий». Ушбу мухтасар муаллифи 729 ҳижрий, 1329 милодий йилда вафот этган Нажмиддин Муҳаммад ибн Ақил ал-Болисий аш-Шофеъийдир.
3) «Ал-Мунтақот». Унда «Сунан Термизий»дан юзта узун ҳадис танлаб олинган. Мазкур асар муаллифи «Салоҳиддин ал-Алоий» номи билан шуҳрат қозонган, 694 – 761 ҳижрий, 1295 – 1359 милодий йилларда яшаган Абу Саъид Халил ибн Кекалди ад-Димишқий ҳисобланади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
- Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.320.
- Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.
- Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий, 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.
- Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Ҳ.Абиев, Б.Абдуллаев. “Шарҳ Сунан Термизий”. – Тошкент:Ирфон Нашр. 2021. – Б.400.
Низомиддинов Ҳошимжон Муҳаммаджонович
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси докторанти
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar