04.10.2022

Қабристон зиёрати одоби

Ҳазрати Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: 

“Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди ижозат бердим: зиёрат қилаверингизлар”(Имом Муслим, Имом Термизий, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Бошқа бир ривоятда Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади”(Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг илк даврида қабристонга боғлиқ хунук одатларни бартараф қилиш учун қабрлар зиёрати таъқиқланган эди. Ёмон одатлар тарк этилгач, кейинчалик зиёратга рухсат берилди.

2. Қабр зиёрати қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади. Шунинг учун ҳар замонда қабрларни зиёрат қилиб туриш, ўлгандан кейин қабрда кечадиган ҳолларни ўйлаб, ҳаётни яхши изга солишга, савобли, хайрли ишлар қилишга шошилиш лозим бўлади.

3. Зиёрат ўлимни эслатади, дунё  муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади.

4. Ўликлар тирикларнинг дуоларидан, садақа ва эҳсонларидан фойда олади. Шу сабабдан қабристондаги ўликлар ҳаққига дуолар қилмоқ лозим.

5. Қабристонда ётганларни эртанги қўшниларимиз деб билмоқ лозим.

6. Қабристонни фақат кундузи эмас, балки кечаси ҳам зиёрат қилиш мумкин.

Зиёрат қилувчига тегишли одоблар:

1. Аввало, ниятни тўғирламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим.

2. Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир.

3. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ.

4. Икки ракъат намоз ўқиб, савобини маййитга ҳадя этмоқ суннатдир.

5. Зиёратгоҳда виқор билан – вазмин, сокин юрмоқ.

6. Қабр аҳлига салом бермоқ суннатдир.

7. Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзланиб ўтирмоқ.

8. Қабрни сийпаш, ушлаш, ўпишдан ва айланиб тавоф қилишдан қаттиқ сақланмоқ.

9. Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура ёхуд оятларни ўқимоқ.

10. Қабрни босмаслик лозим. 

11. Қабр зиёратига борувчи киши, очиқ-сочиқ, беҳаё кийимлардан, баъзи эркакларга ўхшаб калта шим(шортик)да бўлмаслиги керак. 

Қабристон боирлганида барча қабр аҳлига қуйидагича салом бериш керак: “Ассалому алайкум, я аҳлад-дияр. Ва инна иншааллоҳу бикум ла ҳиқувна ва ярҳамуллоҳул мустақдимийна минна ва мустаъхирийна. Асъалуллоҳа лана ва лакумул ъафия” (Сизларга салом бўлсин, эй диёр-қабристон аҳли. Биз ҳам Аллоҳ хоҳласа,(бир куни) ёнингизга келамиз. Биздан олдин ўтганларни Аллоҳ раҳмат қилсин! Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият тилаймиз)

Зиёрат чоғида қабрдагилардан ёки азиз-авлиёлардан мадад, шифо, фарзанд, ҳожат барорни сўраш, қабрга қараб сажда(таъзим)  қилиш, қабр тупроғини юзга суртиш, авлиёлар мақбарасини ўпиш ва атрофини тавоф қилиш, ёш болаларни қабр устида юмалатиш, қабрда ётган улуғларга атаб жонлиқ сўйиш ислом шариати қайтарган амаллардандир. Шунингдек қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар устига олов(шам) ёқиш динимизда йўқ, булар қадимги хурофий ишлардан бўлиб, исломда қоралангандир.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишимиз лозимки, ёз фаслида инсонлар  сўлим тоғ бағрларидаги салқин жойларга бориб дам олишни ҳоҳлайди. Ваҳоланки баъзи азиз авлиёоуллоҳларимизнинг муборак қабрлари салқин сўлим тоғ бағрларида жойлашган. Қабр зиёрати вақтида зиёрат одобларига амал қилган ҳолда, ётган маййитларга зарар етказмасдан бу амални шариатга мувофиқ амалга ошириш лозим бўлади. Ҳиссиётга берилиб, дод-вой солиб тирикларга ҳам ўликларга ҳам озор берувчи амалларни қилиб, савоб умид қилинган амалдан бенасиб бўлиб қолмайлик. Қабрлар бизга ўлимни, охиратни эслатгувчи бир эслатма эканини доим ёдда тутган ҳолда зиёрат қилиш уламолар иттифоқ қилган ишга мувофиқ бўлади.

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим

 муассасаси ўқитувчиси - Мардонов Ҳайрулло

Izoh qoldirish

Izohlar