Биринчи Каъбапўш ва Мадинаи мунавваранинг тарихи
Рабиул-аввал яъни Пайамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг туғилган муборак ойлари кириб келиши муносабати билан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) туғилишларидан аввалги тарихий ва воқиъий бир ҳикояни эътиборингизга ҳавола этмоқни муносиб деб билдик.
“Меърожун-нубувват” китобида келтиришича Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам замоналаридан бироз муқаддам Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ (Яман подшоҳларидан бири) исмли соҳибқирон бир подшоҳ ўтган экан. Муҳаммад Исҳоқ алайҳи раҳмаҳ “Мағози шариф”да келтиришича мазкур подшоҳ ўша даврдаги ер юзини тўртдан бир қисмини соҳиб бўлган беш подшоҳдан бири бўлиб, 133 минг отлиқ ва 13 минг пиёда аскари бор экан. Унинг Амёрийсо номли доно ва муаббир вазири ва атрофдан жам қилинган тўрт минг номдор ҳукамо ва уламолари бор экан.
Подшоҳ бир вақт юриш қилиб кўп шаҳар ва қишлоқларни ўз тасарруфига олиб охири Маккаи Мукаррамага етиб келади. Макка аҳли унинг истиқболига чиқмайдилар. Подшоҳ сабабини сўраганда доно вазир хонаи Каъбани тарихи ва унинг мукаррамлигини подшоҳга ҳикоя қилиб, унинг аҳли кибр қилиб, истиқболга чиқмаганларига шу хонани сабаб деб тушинтиради. Подшоҳ ғазабга келиб Каъбани хароб қилиб, барча аҳлини тиғдан ўтказишни ният қилгач, Худованд унга бир дард ато қиладики, барча ҳукамо унинг иложидан ожиз қоладилар. Подшоҳнинг дарди кундан-кунда зиёда бўлиб, ҳатто ўлим остонасига яқинлашиб қолади. Каъбани ҳақиқати ва улуғлигини яхшироқ билган бир ҳаким, вазир билан подшоҳ ҳузурига бориб ундан Каъбага нисбатан бирор ғаразли ният қилиб қўймаганидан сўраганларида, подшоҳ - Каъбани вайрон қилиб, унинг аҳлини тиғдан ўтказиш тўғрисидаги ниятини айтиб беради. Бу сўзни эшитган ҳаким Подшоҳга агар ниятидан қайтмаса бу дарддан фориғ бўлмаслигини тушинтиради ва подшоҳ ниятидан дарҳол қайтгач, Худованд унга шифо ато этади.
Айтишларича подшоҳ ўша ҳолатда маъжусий экан ва дарҳол динидан қайтиб Иброҳим Халилур Раҳмон динларини қабул қилади ва Каъбани зиёрати тартибини уламолардан сўраб, тавоф қилади ва таъзим эҳтиромини камо ҳаққуҳу бажо келтириб, Макка аҳли учун дастурхон ёзиб, меҳмондорчилик қилади ва барчага совға-саломлар ҳадя қилади.
Ахбор ровийлари айтишларича, ўша кеча подшоҳ “ Каъбани шунча таъзим ва эҳтиромини бажо келтирдинг энди унга Каъбапўш тиктириб кийгизгин” деган маънода туш кўради. Подшоҳ эртасига вазир билан маслаҳат қилиб ўша замонага хос қимматбаҳо матолардан Каъбапўш тиктириб, Каъбаи Муаззамага кийгизади ва Каъба аҳли билан хайрлашиб йўлга чиқиб, равона бўлади ва ушбу амал бугунги кунгача ўша подшоҳдан суннат тариқасида амал қилинмоқда.
Ривоятда келишича: подшоҳ лашкари билан иттифоқан бугунги Мадинаи Мунаввара жойлашган жойга тунаб қоладилар. Ўша пайтда Мадинаи Мунавваранинг жойи саҳрога ўхшаган макон бўлиб, уй бинолардан асар ҳам йўқ экан. Подшоҳнинг тарихчи уламо ва муаббирлари ушбу маконга охир замон пайғамбари Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам келиб макон қилишларини илм асосида исбот қилиб, ушбу хабарни подшоҳга етказадилар. Подшоҳ ва вазирнинг маслаҳати билан тўрт минг ҳаким ва уламолардан ўз хоҳишлари билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни кутиш ва у зотга хизмат қилиш мақсадида ўша тўрт минг ҳукамолардан тўрт юзталари шу ерни макон қилиб яшашни ихтиёр қиладилар. Подшоҳ уларга энг аълам ва ҳаким бўлган Шомул исмли кишини раис сайлаб, ҳар бирига яшаш учун уй ва авлод учун канизаклардан инъом этиб, қуйидаги маънода мактуб ёзиб Шомулга топширади.
“ Ило Муҳаммадин (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ибни Абдиллоҳ Хотамин-набиййин ва Расули Раббил- оламийн мин Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ. Аммо баъд ё Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам фаинний оманту бика ва бикитобикаллазий анзалаллоҳу алайка ва ало диника ва суннатика ва оманту бираббика ва Рабби кулли шайъин мо жоа мин раббика мин шароиъил- иймони вал- исломи ва ана қабилту золика. Фаин адрактука фийҳо фанеъма ва ин лам адрактука фашфаъ лий явмал- қиёмати вало тансани, фаинний мин умматикал- аввалийна ва тобаътука қабла мажиикка ва қабла ирсолиллоҳи таоло ийёка ва ана ало миллатика ва миллати абика Иброҳим алайҳиссалом. Яъни: (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ибн Абдиллоҳ хотамун- набиййийн ва Расули Раббил оламийнга Туббаъ ибн Ҳумайр ибн Вардаъ дан. Аммо баъд эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам бас албатта мен сизга ва Аллоҳ таоло тамонидан туширилган китобга, сизнинг динингиз ва суннатингизга иймон келтирдим. Сиз ва барча ашёларнинг Парвардигори тамонидан келган иймон ва ислом шароитларини барчасини қабул қилдим. Агар шу дунёда сизни топсам бас қандай яхши. Ва агар сизни топа олмасам, бас қиёмат кунига мени шафоат қилинг ва мени эсингиздан чиқарманг. Зеро мен Сизни биринчи умматингизданман. Сиз келмасдан ва Оллоҳ таоло Сизни юбормасдан олдин сизга мутобаат қилдим ва мен Сиз ва Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатидаман).
Сўнг мактубга мўҳр босиб Шомулга топширади ва шундай васият қилади: “Агар Пайғамбар алайҳиссалом дийдорларини кўриш давлатига мушарраф бўлсанг, ушбу мактубни топшир ва менинг номимдан кўп дуруду-саломлар етказгин ва агар ул зоти бобаракотнинг дийдорларини кўриш насиб этмаса, бас зинҳор авлодинга васият қилиб, ушбу номани Пайғамбар алайҳиссаломга етказишингни илтимос қиламан”.
Ривоят қилишларича: Туббаъ мактубни Шомулга топширгандан сўнг улар билан видоълашиб йўлга тушиб равона бўлади ва Ҳиндустоннинг Қалсимон номли шаҳрига бориб ўша ерда фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилади.
Ахбор ровийлари айтишчларича: мазкур мактуб расо минг йилдан сўнг Шомулнинг 21 чи авлодидан бўлган Абу Айюби Ансорий разияллоҳу анҳунинг қўлларига етиб келади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳурларининг хабари Ясрибга етиб келиши билан Абу Айюби Ансорий разияллоҳу анҳу мактубни маҳфий ҳолда муътамад яъни ўзига ишонарли бўлган Абу Лайло исмли кишига топшириб, Маккаи Мукаррамага олиб бориб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга етказишини илтимос қиладилар. Абу Лайло Маккаи Мукаррамага етиб Бани Салим қабиласида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам билан мулоқотда бўлганда, Он ҳазрат саллаллоҳу алайҳ ва саллам дедилар: Сен Абу Лайло, Туббаъни мактубини олиб келгансан. Абу Лайло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламни танимас эди, ҳайрон бўлиб деди: Сиз кимсизким, сизнинг юзингизга сеҳр асарини кўрмаяпман. Мен Муҳаммадман (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) номани менга бергин. Абу Лайло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга номани топшириб Ясрибга қайтгач бу хушхабарни олдидан чиққан кишига айтиб улардан севинчи оларди ва улар ҳам Абу Лайлога ҳадялар берар эрдилар, зеро улар минг йилдан буён ушбу хабарни кутиб келган Шомулнинг авлодлари эрдилар.
Ушбу ҳикоя мантиқга ҳам тўғри келадиган ишонарли қиссалардан ҳисобланишига амин бўлмоғимиз керак. Зеро Пайғабар алайҳиссалом ўз туғилиб ўсган ватанлари Макаи Мукаррамага сиғмай Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларига, Мадина аҳли шаҳардан узоқ масофаларга чиқиб шеърлар айтиб кутиб олишлари ҳамда йиллар давомида захира қилиб қўйган пулу-молларини муҳожирларга бериб уларга ёрдам қўлларини очганлари, шунингдек, Мадинаи Мунавварада Ансорлардан қанча бой-бадавлат кишилар бўла туриб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ансорийлардан энг камбағал бўлган Абу Айюби Ансорий разияллоҳу анҳунинг хонадонига тушишлари ҳам мазкур ҳикояни қанчалик тўғри эканлигига далолат қилади албатта.
Шунингдек, Қуръони Каримнинг икки сура (“Духон” сурасининг 37-ояти ва “Қоф” сурасининг 14-оятида Туббаъ ҳақида сўз юритилган. Мавлоно Ҳусайн воизи кошифий ҳам “Тафсири ҳусайний” асарларида ушбу қиссани мазкур оятлар тафсирида айнан келтирганлар. Валлоҳу аъламу биссавоб.
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор”
жомеъ масжиди имом хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ.
Izohlar