ЖАЛОЛИДДИН СУЮТИЙНИНГ ХАЛИФАЛАР ТАРИХИ АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШИ ТАРИХИ
Шак-шубҳа йўқ-ки, олимнинг шахсий ҳаётини билиш унинг асарларини тушунуш ва баҳолашда муҳим аҳамият касб етади. Чунки хоҳ муаллифлик соҳасида бўлсин, хоҳ бошқада бўлсин, барчаси ҳаётий таъсуротлар остида гавдаланади. Жалолиддин Суютий тўғрисида кўплаб тарихий асарлар, илмий тадқиқотлар қилинганига қарамай, ҳали ҳануз у кишининг Аббосий халифалар билан муносабати борасида хулоса қилинадиган бир тўҳтамга келингани йўқ.
Жалолиддин Суютийнинг Аббосий халифалари билан алоқаси бир лаҳзанинг натижаси эмас, балки отаси Камолиддин Абу Бакрнинг улар билан, хусусан, ҳалифа ал-Мустакфий Биллаҳ Сулаймоннинг (845-855/1441-1340-1451) халифалигидан олдин қилган мустаҳкам муносабатларининг давоми эди.
845/1441 йили унинг акаси Муътазид Биллаҳ Довуд (815-845/1412-1440) вафоти олдидан унга халифаликни васият қилиб қолдирган. Ўша халифалик аҳдининг матнини ёзган шахс Жалолиддин Суютийнинг отаси эди.
Суютийнинг отасининг Мустакфий Биллаҳ билан бўлган муносабати халифанинг 855/1450 йилда вафот этгунига қадар давом этди. Қирқ кун ўтиб Суютийнинг отаси ҳам дорул-бақога рихлат қилди.
Халифалик Ал-Мустакфий Биллаҳдан кейин ҳам Аббосийлар хонадонининг бир қанча аъзоларига ўтди, уларнинг охиргиси 859/1455 йилда халифаликка байъат қилинган халифа Мустанжид Биллаҳ Юсуф бўлиб, Суютийнинг у билан муносабатлари шу даражада эдики, мамлакат подшоси Такрур ҳижрий 882/1477 йили Қоҳирага келиб, Суютийни зиёрат қилди. У халифанинг ҳузуридаги мавқеидан келиб чиқиб, Ислом шариатида тўғри бўлиши учун унга ўз мамлакатини бошқариш анъанасини ёзишни сўради. Суютий унга у айтган нарсани ёзиб берди.
Халифа Мустанжид Биллаҳ Юсуф вафотидан олдин (ҳижрий 884 йил Муҳаррам ойида-милодий 1479 йил мартида) халифаликни жияни Ал-Мутаваккил алаллоҳ Абдулазизга васият қилиб топширган ва унинг Суютий билан муносабатлари халифаликка киришгунга қадар ҳам яхши эди.У Суютийнинг отаси ва бошқа шайхлардан дарс олган. У Суютийга бир қанча санад ровийларини чақиришга рухсат берди ва уларга халифа томонидан ривоят қилинган “Мўминларнинг амири Аббоснинг ривоятлари” деб номланган қисмни тақдим этди. Бу парча ҳозирги кунда Қоҳирадаги араб қўлёзмалари институтида сақланади.
Мана шу вақт мобайнида Суютий халифалик ишлари, Аббосийлар тарихи ва уларнинг фазилатлари ҳақида бешта рисола ёзди. Ушбу рисолалар икки қисмга бўлинган: биринчиси халифанинг илтимосига биноан ёзилган бўлиб, уни “Ал-Асас фи фазл ал-Аббос” (Бани Аббос фазли борасидаги асосий таянч) номи билан атаган.
Иккинчи қисмга келадиган бўлсак, уни Жалолиддин Суютий халифага ҳадя сифатида ёзган бўлиб, уни “Ал-инафа фи рутбати-л хилафа” деб атаган. Бу бир нечта рисолалардан иборат бўлиб, “Халифалар тарихи”га кириш ёки “Ҳуснул муҳазаро” асаридаги “Ҳалифалик ҳукмлари боби”, “Халифалик, подшоҳлик ва салтанатнинг шариат нуқтаи назаридан фарқи” каби баъзи бобларни тартибга солиш бўлиши ҳам мумкин. Бу “Туҳфату-з-зурафо би-асмаи-л хулафо” номли асарига қўшимча равишда ёзилган бўлиб, 116 мисрадан иборат шеър кўринишидадир. Суютий китобда Пайғамбар алайҳиссаломни зикр қилган, кейин рошид халифалар, уммавий халифалар, Ироқдаги Аббосий халифалар сўнгра Мисрдаги Аббосий халифалардан Мутаваккил алаллоҳ Абдулазизнинг (903/1497) вафотига қадар ёзган. Китобни насрий кўринишга келтириш учун уни охирги китоби “Тарих ал-хулафо” номли асарига илова қилиб қўйди.
Бу шеър Суютийнинг ушбу санъат ҳақида ёзган сўнгги асарларидан биридир.
Яна шунингдек, у киши “Ҳусну-л-муҳазаро фи ахбар Миср ва Қоҳира” китобида Аббосийлар халифалиги ва унинг ворислари билан боғлиқ бир қанча мавзуларга бағишлаган боблар мавжуд:
- Зикру ман қома би-Мисро минал хулафаи ал-Аббасийн. (Мисрдаги Аббосий халифаларнинг зикр қилиниши).
- Фослун фи қоваиду ал-хилафа. (Аббосий халифалар ҳақида).
- Фи зикри салатийна мисро-л-лазийна фаввазо илайҳим хулафау мисро ал-Аббасиуна. (Мисрдаги Аббосий халифалар уларга вакил қилинган Миср султонларини зикр қилиш).
- Ал-фарқу байна-л-хилафати ва-л-мулук ва-с-султонати мин ҳайсу-ш-шуруъ. (Халифалик, подшоҳлик ва салтанатнинг шариат нуқтаи назаридан фарқи).
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкин-ки, зикр қилинган ҳар бир рисолалар жамланиб, “Тарих ал-хулафо” асарининг ёзилишига асос бўлиб хизмат қилган. Хоссатан “Рофъул баъс” (Бани Аббосдан балони кушойиш қилиш) ва “Туҳфату-з-зурафо би-асмаи-л хулафо” (Халифаларнинг исмлари борасидаги ажойиб туҳфа) асарларининг ўрни бошқачадир. “Тарих ал-хулафо” тилининг соддалиги ва қисқалиги ҳам мана шу жиҳатдандир.
Жалолиддин Суютий ушбу асарлари билан ўзи яхши муносабатда бўлган Мисрдаги Аббосий халифаларга алоқадор муҳим қимматли матнларнинг сақланиб қолишидаги хизмати беқиёсдир.
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим
муассасаси АРМ кутибхоначиси Нуралиев Умид
Izohlar