18.10.2022

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавозелари

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳамиша инсонларга тавозели бўлганлар, атрофларидаги яқинларини бениҳоя қадрлаганлар.  Исломнинг гўзал дин эканининг тагида аввало ўзаро ҳурмат ва гўзал хулқ ётади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари сабабли кўплаб инсонлар Исломни қабул қилганлар. Ҳақиқатдан ҳам хулқлари Қуръон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бизнинг барча ишларимизга йечим бўладиган ибрат ва ўрнаклар бордир. Шулардан бири бу - камтарлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш жараёнида камтарликлари намоён бўлади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Жулайбиб исмли қорачадан келган, паст бўйли, оддийгина кийинадиган, уйи йўқ бир саҳоба бўлган. Жулайбиб егуликка бирор нарса топса ер, бўлмаса рўза тутар, тўшаги ер, ёпинчиғи осмон, ёстиғи эса икки кавуши эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдидаги суффада ҳаёт кечирарди. Бир куни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирганларида Жулайбиб розияллоҳу анҳу уларнинг олдидан ўтиб қолди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анави ким, биласизларми?» - дедилар. Саҳобаларнинг аксари унинг ҳатто исмини ҳам билишмади. Уйи-жойи йўқ бир мискинни ким ҳам танирди?! Жулайбибга ўхшаган одамлар кўринмай қолса ёки бир жойга кетиб қолса, ҳеч ким қидирмас, бор йўқлиги билинмасди. У ана шундай оддий одам эди. У зотнинг ўзлари: «Бу Жулайбиб», дедилар. Уни чақириб: «Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?» дедилар. Жулайбиб розияллоҳу анҳу аҳволидан нолимади, «Мен қийналиб қолганман», - деб шикоят қилмади. Бироз қараб турди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули! На моли бор ва на мансаби бор Жулайбибга ким ҳам қизини берарди бу дунёда?» деди. Бу ҳолат яна икки марта такрорланди. «Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?» деган эдилар, Жулайбиб яна бояги гапини такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ансорийнинг уйига борда, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга салом айтдилар ва қизингизни менга турмушга берар экансизлар, менга шуни етказишимни тайинладилар», дегин», дедилар. Ансорий саҳоба ҳайрон бўлиб, нима дейишни билмай қолди. Қизи ансория аёлларнинг энг гўзали, Жулайбиб эса на моли бор, на чиройи бор, қорачадан келган кўримсиз бир одам эди. Жулайбибга қараб: «Қандай қилиб қизимни сенга бераман, на молинг бор, на ишинг?» деди. Саҳобийнинг аёли ҳам эрига: «Қизимизни мана шу Жулайбибга берамизми?» деди ва уни ортига қайтармоқчи бўлишди. Шунда оқила, солиҳа, обида қиз: «Эй Отажон, онажон, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан совчи бўлиб келган кишини қайтарасизлар? Аллоҳга қасамки, мен мана шу инсонга турмушга чиқаман», деб унга турмушга чиқишга рози бўлди. Тўй бўлди. Висол кунининг биринчи кечаси яқинлашаётган пайтда жарчи: «Дин ҳимояси учун чиқинглар», деб нидо қилди. Жулайбиб Мадинадаги энг гўзал, чиройли аёлини тарк қилиб, аскарлар сафида дин ва мусулмонлар ҳимояси учун жангга отланди. Жангда мусулмонлар ғалаба қозонди, лекин йўқотишлар ҳам бўлди. Баъзи саҳобалар вафот этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонига келиб, бирин-кетин саҳобаларни қидира бошладилар. Фалончи ўлибди, фалончи ўлибди, деб ўлган саҳобаларни санаб чиқишди, лекин бирор киши Жулайбибни тилга олмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳабибни, яъни дўстни йўқотмадингизми?» дедилар. Саҳобалар ҳайрон бўлишди. Улар шаҳид бўлган машҳур саҳобаларнинг исмларини айтиб чиқишган эди. Улар: «Ким экан у сиз айтаётган дўст, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен дўстим Жулайбибни қидиряпман», дедилар. Жанг майдонидан Жулайбибнинг жасадини қидириб, топдилар ва унинг бошини муборак тиззаларига қўйиб: «Сен мендансан ва мен сенданман! Сен мендансан ва мен сенданман! Сен мендансан ва мен сенданман!» дедилар. Бироздан сўнг бошларини бошқа томонга бурдилар ва: «Бошимни нима учун бошқа томонга бурганимни биласизларми? дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. «Аллоҳга қасамки, Жулайбибнинг ҳурлардан бўлган хотинлари уни бағрига босиш учун талашиб келаётганини кўрдим. Ва Жулайбибнинг рашки ёдимга тушиб, юзимни бошқа томонга бурдим», дедилар». Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жулайбиб деган саҳобага қилган камтарона муносабатларидан маълум бўладики, олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек камтарин одам ўтмаган ва ўтмайди ҳам. Шундай оддийгина ҳаёт кечирадиган, ҳеч кимнинг назарида бўлмаган киши билан муомалалари ва унга бўлган гўзал муносабатлари биз учун ибратдир. У зотга умматман деган ҳар бир киши бу олий хулқ билан безанмоғи лозимдир.

 

Сариосиё туман Имом Низомиддин Сангардакий

жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов

Izoh qoldirish

Izohlar