19.10.2022

ИНСОННИНГ ЎЗИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ СИЁСАТИ

Инсон амалга ошириши лозим бўлган энг биринчи бошқарув – бу ўз нафсини ислоҳ қилишга қаратилган бошқарувдир. Яъни, инсон энг аввало ўзини ислоҳ қилиши ҳамда ушбу ишга бор кучи билан ҳаракат қилиши лозим. Бу орқали ўзини солиҳ ва фазилатли инсон даражасига кўтариши, бошқалардаги гўзал хислатларни ўзида мужассам этиши мумкин. Кимки ўзини ўзи ислоҳ қилишга муваффақ бўлса, бошқаларни ислоҳ қилиш билан машғул бўлиши, халқнинг юмушлари билан шуғулланиши мумкин. Ўзини ислоҳ қила олмаган инсон бошқаларни ҳам ислоҳ қила олмайди.

Ўзини ислоҳ қилишни мақсад қилган инсоннинг ўз нафси борасидаги гўзал сиёсати шундан иборатки, у инсон табиатида бутун бир мамлакатни идора эта оладиган ақл ва халқни разолат ва қабиҳ ишларга даъват этувчи нафсоний майллар мавжудлигини билиши керак. Ушбу нафсоний майллар ўз соҳибининг хилқатида иллат ва ёмонликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шу сабабли нафс ҳар доим ақл бошқарувида, унинг сиёсати ва таъсир доирасида бўлиши керак.

Шунингдек, ўз ислоҳотига қатъий киришган инсон шуни билиши керакки, ҳар ким иллат аҳлини ислоҳ қилмоқчи бўлса, уларнинг айб-нуқсонларини мукаммал ва ҳар томонлама билиши керак. Бундай ҳолатда ислоҳ қилинувчининг ҳеч бир иллати ислоҳ қилувчига номаълум бўлиб қолмаслиги керак. Агар ушбу шартга амал қилинмаса, ислоҳотчилик ҳаракати ишончли бўлмайди. 

Шу билан бирга, ҳар ким ўз нафси устидан сиёсат юритмоқчи бўлса, мавжуд иллатларини ислоҳ қилишни мақсад қилса, ўзидаги барча айб ва ёмон сифатларни мукаммал билмасдан туриб, бу ишни бошлаши жоиз эмас. Зеро, инсон ўзидаги баъзи бир нуқсонлардан ғафлатда қолса, бу худди зоҳиран тузалган, аммо ичида йиринг қолиб кетган ярага ўхшайди. Чунки фақат зоҳиран даволанган яранинг ичидаги йиринг бироз муддатдан сўнг қувватланиб, яранинг янгидан пайдо бўлишига сабаб бўлади. Тери остида яширин бўлган ушбу яранинг илдизи янада кучайиб, терини ёриб ташқарига чиқади ва инсон кўзига намоён бўлади. 

Худди шундай, агар инсон нафс нуқсонларидан ғафлатда қолса, ислоҳотчилик ва нафс тарбиясида уларни бартараф этмаса, ушбу нуқсонлар вақти келганда яра остида қолиб кетган йиринг каби қайтадан бош кўтаради.

 

Ибн Синонинг “Тадбирул манзил” рисоласидан

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим

муассасаси ўқитувчиси Сарвар Саидов

Izoh qoldirish

Izohlar