Жаҳолатга қарши маърифат
Жорий йилнинг 27 октябр санасида Термиз давлат педагогика институти талаба-ёшлари билан “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги тадбир ташкил этилди.
Тадбирга ташриф буюрган Сурхондарё вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари A.Aбдураҳмонов, Термиз давлат педагогика институти ректор маслаҳатчиси О.Ҳакимов, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Ш.Умаров сўзга чиқиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришга қодир ёшларни тарбиялашга, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган, дин ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли диний экстремистик ташкилотларнинг ёшларни алдов йўли билан ўз сафларига қўшиб олаётганидан, талаба-ёшларни бундай гуруҳлар таҳдидидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиши кабилар тўғрисида фикр ва мулоҳазаларни билдириб, Ислом дини инсоният, жамиятимизда фақатгина меҳр-муҳаббат, дўстлик, эзгу ишларни амалга оширишга даъват этувчи ягона дин эканлигини, бугунги кунда тинч ва осуда осмон остида яшаб, билим олаётганимиз учун доимо шукроналик ҳисси хеч биримизни тарк этмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари, ҳуқуқий, маданий, саводхонлик, радикалзм, экстремизм, терроризмга қарши кураш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати масалалари бўйича тушунтирилди.
Тадбир давомида таълим муассасаси директори Ш.Умаров сўзга чиқиб "Бугунги кунда муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш янада долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Ҳозир Ватанимизда муборак ислом динининг илмий-маърифий таълимотини асраб-авайлаш ва илмий асосда чуқур ўрганиш, дунё бўйлаб кенг кўламда тарғиб қилиш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётир. Бу ишлар дунё ҳамжамияти учун ҳам бир ибрат ва намуна десак асло муболаға бўлмайди. Айнан шу мақсадда мамлакатимизда кўплаб илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилмоқда. Дунё тамаддуни бухорийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан қанчалар баҳраманд бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам бу баҳрамандлик давом этмоқда. Улар ислом динига илмий нуқтаи назардан ёндошиб, чинакам маърифий исломни ўрганиб, уни тарғиб қилганлар, бу диннинг софлиги йўлида фидоийлик кўрсатганлар, ҳар қандай бидъат-хурофот ва залолатга бошловчи тоифаларга қарши шафқатсиз курашганлар. Аждоларимиз қолдирган бебаҳо мерос ўз қадри ва аҳамиятини асло йўқотгани йўқ".
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар ва ёшлар ўртасида бу каби учрашувларни тез-тез ташкил қилиш ва ўтказиб боришга келишиб олинди.
Izohlar