31.10.2022

Йўл Аллоҳнинг дастархони 1- қисм

Муқаддас Ислом динимизда ҳаётнинг барча соҳалари каби йўл қоидаси ва унинг одобларига риоя қилишга ҳам кўп  эътибор бериб, йўллар масаласи ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоида, одоб-ахлоқлар жорий қилинган ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича низом ва тавсиялар берган. Йўл жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий этишлари воситасидир. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида ҳаётлари учун керак бўлган юкларини ташийдилар. Ибтидоий жамият давридан бошлаб, ҳозиргача йўллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаб келган.                      Йўл жамият учун хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Бугунги кунда техника воситаси кундан-кунга ошиши сабабли йўл қоидаси ва унинг хавфсизлигига қатъий  риоя қилиш, йўл одоби ва қоидаларини мукаммал ўрганиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланиб, унга амал қилиш муҳим вазифага айланган.  Техника воситаси бўлмаган даврда ота-боболаримиз улов-от, туяга ўхшаган уловлардан фойдаланган вақтда ҳам улов ҳақи, миниш одоби ҳамда йўловчиларнинг ҳуқуқ ва одобларини бажо келтиришга алоҳида эътибор берганлар.     

Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинган. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир. Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади. Демак, биз мусулмонлар бу қоидаларга нафақат ўз диёримизда балки дунёнинг қайси мамлакатига бормайлик ўрнак бўлмоқ учун ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилмоғимиз лозим.Эшитдимки, бир “йигит” светофорнинг қизил чароғи ёнганда қасдан тўхтамай ўтиб кетибди. Шериги сабабини сўраганда “Қуръонда-исломда светофор ҳақида ҳеж нарса дейилмаган” деб жавоб берибди. Бу “олимча йигит”нинг жавобидан кўриниб турибдики, бугунги кунда дунёнинг баъзи минтақаларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар, обод шаҳарларнинг вайронага айланиши ҳамда бегуноҳ инсонларнинг қонлари, сабабсиз тўкилишига айнан мана шундай жоҳил “олимчалар” сабаб бўлмоқдалар десак хато қилмаган бўламиз. Зеро Қуръони каримда ҳамма нарса сароҳатан келмаган, балки бир оят маъносининг тагида мингта йўл одобию мингта светофор қоидаси борлигини унутмаслигимиз  лозим. Қуйида фикримизни исбот қилмоқ учун Қуръони каримдан  бир оят ва икки  ҳадиси шарифдан  намуна келтиришни зарур деб билдик. Бақара сурасининг 195 чи оятида бундай дейилган: “Ўзингизни ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг”. Ҳадиси шарифда эса “Мусулмони комил шундай бўладики,бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат қолсинлар”. Иккинчи ҳадисда эса “ Динда ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар кенлтириш йўқ”деб марҳамат қилинган.( Имом Аҳмад ва Ибни Можа ривояти).  Мазкур оят ва ҳадислар мазмунидан маълум бўладики, инсон азиз ва мукаррам бўлгани учун ҳамма ҳолда ўзига ҳам ўзгаларга ҳам заҳмат ва зиён келтириши мумкин эмас экан. Саудия Арабистонида тезликни 120 дан ошириб автоулов ҳалокатига дучор бўлиб вафот этган ҳайдовчига ўз жонига қасд қилган деб ҳукм чиқариб, жаноза ўқимаслигига қарор қилинган эканки, албатта бу ҳукм юқоридаги оятга мувофиқ келади. Зеро у аввалан оят  ва ҳадис ҳукмига, иккинчидан  мамлакат роҳбарлари тамонидан чиқарган қарорга  беписандлик қилиб итоат қилмаган.

Бугунги кунда мамлакатимизда йўл хавфсизлигига нисбатан кўп чора тадбирлар қилинишига қарамай баъзи фуқароларимиз ўз бошимчалик қилиб йўл қоидасини бузиш сабабли  ўзлари ва баъзан ўзгаларнинг ҳуқуқларини  поймол қилиб, моддий ё жисмоний зарар келтиришга сабаб бўлмоқдалар. Масалан баъзи чорраҳаларда кўплар қоидага амал қилиб, одоб сақлаб навбат билан ўтади, аммо баъзи бир “учарлар”  олдинга тиқилиб, навбатдагиларни мошинасини сиқиб мажбуран ўтиш, ҳатто баъзан ноўрин овозли сигналлар бериб бошқаларга руҳан таъсир қилиш каби иллатлар шарқона одоб ва маънавиятимизга тўғри келармикан?. Ахир бу тартибсизликлар навбат билан келаётган шунча одамни камситиш, ранжитиш ва уларнинг ҳақига хиёнат қилиш эмасми?. Уларнинг ҳам ишлари зарурлари бордур.  Баъзан машина салонларида кекса ёшдагилар ёхуд ёш болали аёллар ё баъзан тез тиббий ёрдамга шошилаётган беморлар ҳам борлигини  инобатга олиб, ҳуқуқ ва одобни сақлаш мусулмончилик бурч ва вазифаларимиздан эканлигини унутмаслигимиз лозим. Бу хусусда ҳадисда ҳам келганки: “Сизлардан бировларинг ўзига севиб раво кўрган нарсасини бошқаларга ҳам раво кўрмагунича имони комил бўлмайди”. (Имом Бухорий ривояти). Воқиъий ҳикоя:   Йўлнинг икки томонини ҳам банд қилиб кетаётган 20-25та мошинанинг орқасидан тушиб қолдим. (Кўринишидан ЗАГС мошиналари эди). Улардан ўтишнинг умуман имконияти йўқ. Олдиндан келаётганлар ҳам четга чиқиб йўл беришдан бошқа иложлари йўқ. Улар шу аҳволда туманнинг марказий кўчасидан ҳам ўтиб кетишди. Уларнинг бирини олдига бориб “Йўл ҳаракати ва одобига риоя қилсаларинг бўлмайдими” деб мурожаат қилдим. “Тўй бўлгандан кейин хурсандчилик қилишадида” деган жавобни эшитдим-у бугунги ёшларимизни маънавиятидан ҳавсалам пир бўлдию изимга қайтдим. Зеро менинг ҳуқуқим шунча эди бундан бошқа иложим ҳам йўқ эди. Илоҳо диёримизга ҳамиша тўй бўлсин, тўйлар тўйга улансин. Аммо тўйнинг ҳам меъёри бордир балким.  Баъзан тўй деб мана шундай ҳолатларда масъуллар тамонидан лоқайдлик ва эътиборсизлик қилмоқ оқибатида (Худо асрасин) тўй азага айланиб қолса кимни жавобгар қиламиз , ким бу масъулиятни бўйнига олади. Бу дунёда-ку баъзи бир ҳилдаги тадбирларни ишлатиб қутилишимиз мумкин. Қиёматдачи?. Шунинг учун Оллоҳнинг ҳузуридаги масъулиятдан қочиб қутилишнинг иложи йўқлигини ҳис этиб, юзимиз икки дунёда ҳам ёриғ бўлмоғи учун барчамиз ўз бўйнимиздаги вазифаларимизни камо ҳаққуҳу адо этишга доим омонда бўлмоғимиз даркор.                   

 

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани 

“Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди имом хатиби 

Фазлиддин Кароматуллоҳ манбалар асосида тайёрлади.

Izoh qoldirish

Izohlar