Йўл Оллоҳнинг дастурхони 2- қисм
Масжидни Аллоҳнинг уйи, йўлни эса Аллоҳнинг дастархони дейдилар. Шунинг учун бу икки маконни қасд қилган киши ҳеч кимдан сўрамасдан йўлга чиқаверади. Мазкур иборадан маълум бўладики, йўл ҳам барча учун ажратилган макон бўлиб , йўлга чиққанимизда фақат бизга тегишли жойидан фойдаланиб, қолган қисми бошқаларники эканлигини инобатга олиб уларнинг ҳам ҳуқуқ ва одобларига риоя қилмоқ инсонийлик бурчларимиздан эканлигини унутмаслигимиз лозим. Исломда йўл, масжид ва жамоат жойлари улуғ даража ва мақомга эга эканлиги барчамизга маълум. Масжиднинг шунча улуғлигига қарамай, агар йўл масжидга тўғри келиб, бошқа жойдан иложи бўлмай қолганда, масжидни бошқа жойга кўчириб, ўрнига йўл қилишга исломда рухсат берилган: Аммо бугунги кунда биз мусулмонлар бу нарсани тушунмаймиз ва тушунишни ҳам хоҳламаймиз. Бизнинг хоҳиш ва фикримиз доим омма йўлини ўзлаштиришга мойилдир. Хусусан, қишлоқларда агар бировимизнинг девори ағнаса, ёки янги девор қуришга тўғри келса, қасддан йўлга ажратилган ердан олишга ҳаракат қиламиз. Бу иш баъзи жойларда ҳатто одатга айланган. Баъзи туман ва қишлоқларда пиёдалар юриши учун ажратилган йўл (тротуар) ўзлаштириб олинганки, натижада, пиёдалар ва нақлиётнинг юриши оғир бўлиб, неча нохуш воқеаларнинг содир бўлиши ва ҳатто баъзан йўловчиларнинг ҳаётига ҳам зомин бўлишига сабаб бўлмокда.
Билмоқ лозимки, омма йўлини ўзлаштиришнинг ҳукми масжид ерини олиш ҳукмига баробардир. Яъни фойдаланиш мақсадида олинган бу ерлар аксинча бу хонадондан файз-у баракотни кўтариб, пул-у моли нуқсонли ва ўзларининг фақир-у хор-у муҳтож бўлишларига боис бўлади. Шунинг учун йўлларни равон ва текис сақлаш ва йўл устидаги лой, кесак, тош, темир, шунингдек, йўловчи ва нақлиётга зарар етказадиган нарсаларни йўлдан четлаштириш ҳар бир комил мўъминнинг вазифасидир. Балки бу амал иймоннинг бир жузъи эканлигини ушбу ҳадисдан билишимиз мумкин: "Иймоннинг шохи етмиш нечадир. Афзал ва аълоси "Ло илоҳа иллаллоҳу" калимасини айтмоқ, ва пастроғи эса халққа озор етказадигаи нарсаларни йўлдан четлаштиришдир". Баъзилар равон йўлларни тоза ва текис сақлаш ўрнига, аксинча, тош, темир, шиша, мих каби зиёнли нарсалар ва ҳатто чиқинди, нажас ва нопок нарсаларни йўлга чиқариб ташлайдиларки, бу йўлга бавл ва қазойи ҳожат қилиш билан баробардир. Бу борада ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: "Лаънат ва нафратга сабаб бўладиган икки нарсадан парҳез қилинглар". Саҳобаи киромлар "Бу икки нарса нима?" деб сўраганларида Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўлларда ёки одамлар ўтириб дам оладиган дарахтлар соясида бавл-ғойит қилмоқ (яъни қазойи ҳожат қилмоқ)" деб жавоб бердилар.
"Салоти Масъудий" да келтирилишича, йўлда бавл қилмаслик керакким, бу никоҳсиз туғилган фарзанднинг аломатидур. Кимки йўлга бавл қилса, йўл лой бўлади. Йўлдаги лой эса, аслида, пок ҳукмидадир. Бир мусулмоннинг оёғи ёки кийимига ўша лойдан тегса, у тоза деб ҳукм қилиб, намоз ўқиса, намози раво бўлмайди. Натижада, қиёматда гуноҳи йўлга бавл қилган кишининг бўйнида бўлади.
Юқорида "Йўл Аллоҳнинг дастархони" деган халқ мақолни эслатиб ўтган эдик. Шунинг учун уни доимо тоза ва озода сақлаш лозим. Ўрни бўлганда гул ва чиройли дарахтларни ўтқазиш кишининг табъини равшан қилиб, умр, ризк-у рўз ва файз-у баракотнинг зиёдалигига ҳам боис бўлади. Бизнинг бобо-аждодларимиз биров билан қудаю-анда бўлишни ихтиёр қилсалар, бориб, йўл ва уй атрофининг тозалигини, ва ҳатто, таҳоратхонаси бор-йўқлигини кузатиб келар эканлар. Агар тоза ва озода бўлса, қиз берар ёки келин олар эканлар. Илло, у хонадондан қўл узар эканлар. Бас, бизларким уларнинг ҳаётларининг давомчиси эканмиз, албатта, илм-у амал ва урф-у одатларини ўзимизга дастуруламал қилиб, амалда татбиқ этиб, келажак авлодга етказишимиз бўйнимизда ҳам қарз-у, ҳам фарздир.
Баъзи манбаларда "Омма йўлида ўтирадиган кишиларга салом қилинмайди" деб ёзйлган. Шу хусусда чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, заруратсиз одамлар ўтадиган йўлларда ўтирмоқ ёки баъзи йигитларга, "шортикдек" номиллий кийимларни кийиш одат бўлиб, аврат бўлган аъзоларни очиб, ярим яланғоч кўчаларда юришлари бизнинг маданият ва динимизга асло тўғри келмайди. Аксинча аврат бўлган аъзоларни ёпиб юрмоқ мусулмонман деган эркак ва аёлга хос ва фарз амаллардандир.
Баъзан йигитлар, ҳатто, қарияларнинг ҳам йўл усти, наклиёт тўхташ жойи ёки дўконлар олдида жам бўлиб туришларини кўрамиз. Бу уларнинг қимматли вақтларини рўзғор ишлари, фарзанд тарбияси ёхуд илм-у маърифат, китобхонликка сарфламай, беҳуда сўзлар-ғийбат, бефойда ўйинларга сарф қилишга сабаб бўлади. Хусусан, ёш йигитлар ярим кечгача йўлларда жам бўлиб ўтиришлари ва йигит-қизлар аралашиб, ярим кечагача тўй-томоша ёки кафе-барларда юришлари уларни қайси йўлларга олиб бормайди дейсиз?! Ахир, кўза қачонгача сув лабига омон бориб, омон қайтади?!
Замонамизда содир бўлиб турган воқеалардан барчамиз хабардормиз. Шу юришларида фарзандларимиз ёмон шерикларга қўшилиб, чекиш, ичиш, ўғирлик, гиёҳвандлик ва зино каби ношоиста ишларни ўрганиб ва баъзан ножўя оқимларга қўшилиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Аввалига бепарволик, лоқайдлик қилган ота-оналар бу ишларнинг асосий сабабчиси бўлиб, оҳ-воҳ деб қолишлари кейин бефойдадир. Зеро, "Ҳар бутага ўт тушса, ўзи куяди" деган мақол ҳам бежиз айтилмаган.
Бу борада Шайх Саъдий раҳимаҳуллоҳ дейдилар: Рубоъий:
Дарахтеки, акнун гирифтаст пой,
Ба неруйи шахсе барояд зи жой.
Вагарна ҳамчунон рўзгоре ҳили,
Ба гардунаш аз бех бар нагсили.
Таржимаси:
Энди илдиз отган дарахт, бегумон,
Бир инсон кучидан узилгай осон.
Маҳкам томир тутиб, ўрнашгач аммо,
Ҳар қанча тортсанг ҳам, узилмас асло.
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани
“Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди
имом хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ
манбалар асосида тайёрлади.
Izohlar