МАЗҲАБСИЗЛИКНИНГ ХАТАРЛАРИ
Бугунги кунда баъзи бир тоифалар мазҳабсизликни тарғиб қилаётган вақтда, уларнинг даъволари мутлоқ хато ва хатарли эканлиги борасида сўз юритсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Бирнчидан эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариши мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, даҳшатга солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.
Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган фожиалардан, эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар ҳамда ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқадиган хатарлардан оммани огоҳ этиб туриш бурчимиздир. Мазҳабсизликнинг бир қанча хатарлари бор жумладан, мусулмонни кофир дейиш.
Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор-бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга чиқариш (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблашлари натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрати Али ўлдирилдилар.
Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламо ва фузалоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларида ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз” (“Ақидатут Таҳовий” матни).
Муаллифнинг: “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, даҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот, 9), деб, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...” (Ҳужурот, 10) деган.
Аллоҳ таоло: “Албатта яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Нисо, 114) деган. Бу, мўмин киши яхшилик қилса, ёмонликлари ўчирилади, деганидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган:
“Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз у учун ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” (Имом Бухорий).
Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофирга ҳукм қилиш учун ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва илм керак. Шунинг учун такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.
Ибн Умар (розийаллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади» (Имом Бухорий).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак тўртта мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмонлар уммати ижмоъ қилганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг, сизни Унинг йўлидан ажратурлар” (Анъом сураси, 153-оят).
Бугунги кунда баъзи бир тоифаларнинг мазҳабсизликни қилаётган даъволари мутлоқ хато эканлиги ва ўзларининг мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдирмоқда. Барчамиз хушёр ва огох бўлиб ватан равнақи йўлида барча сохада дахилдорлик ҳисси билан яшашимиз лозим бўлади.
Мардонов Хайруллоҳ – Таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Izohlar