ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ТАВСИЯ ҚИЛГАН ТЎРТТА КАЛИМА
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ҳар доим зикр билан эди. Ўзлари обид ва зокир зот бўлганлар. Ул зот ўз саҳобаларига зикр айтиш илмини ўргатиб кетдилар. Саҳобаи киромлар орасида ҳам кўп зикр айтишни ўзига лозим тутган ва бошқалардан фарқли ўлароқ, зикрга муҳаббатли бўлган зотлар Пайғамбар алайҳиссаломдан зикрга оид илмларни чуқур ўргандилар. Шу тариқа зикр айтишнинг ўзига хос одоблари Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан то бизгача соф ва мусаффо ҳолида етиб келди. Ибодатларга хос зикрлар (намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш ибодатларда айтиладиган зикрлар). Мазкур ҳолатларда қилинадиган зикрларни бизда дуо деб аташ одат тусига кирган. Зикр ва дуо бир-бирини тўлдириб келадиган нарсалардир. Зикрнинг фойда ва самаралари ниҳоятда кўпдир. Жумладан, у туфайли қалб тирик бўлади, ризқни жалб қилади, у руҳга қувват бўлади, хатоларни ювади, у шукрнинг боши ҳисобланади, ғам-андуҳларни кетказади. Уммул мўминийн Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия онамиз ҳали ҳам ўтирган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?» деб сўрадилар. Онамиз розияллоҳу анҳо: «Ҳа», дея жавоб бердилар. «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. – Улар: «Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризоо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидаада калимаатиҳи». Маъноси: “Яратганларининг ададича, нафси рози бўлгунича, аршнинг вазнича, калималарнинг узунлигича Аллоҳга ҳамд айтаман ва Уни поклайман. Имом Муслим ривоятлари. Хулоса шуки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсияларига амал қилиб тарозида яхшиликларимиз оғир бўлишига сабаб бўлайлик!
Сариосиё туман Имом Низомиддин Сангардакий
жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов
Izohlar