10.11.2022

БОҒИ БЎСТОНЛАРИ ЖАННАТГА ҚИЁС ЮРТ

Бугун юртимизда “Яшил майдон” умуммиллий лойиҳаси борасида милллионлаб дарахтлар экилиб, парваришланар экан бундан олий мақсад инсон ҳаётини гўзал ва фарован қилишдан иборат. Жамиятни кўкаламзорлаштиришда нафақат ташқи гўзаллик, балки инсон ҳаётига зарур бўлган ҳавонинг мусаффолигини таъминлаш ҳамда истироҳат боғларини яратиш мақсад қилинган. Бу ҳаракатнинг давлат дастури асосида олиб борилиши, ҳукумат томонидан жуда катта аҳамият берилаётганлиги, халқимизнинг умуммиллий дастурга нисбатан янада муҳим эътибор қаратишини белгилаб беради. Зеро, бу ишлар шу халқ учун, унинг фаровон яшаши учун, мусаффо ва гўзал боғларда сайр этиши учун бўлаётганини ҳар бир киши қалбдан ҳис этиши лозим бўлади.

Дона халқимиз азалдан ям-яшил боғлар яратиш, деҳқончиликнинг турли жабҳаларида меҳнат қилиб келган буюк миллат. Улар томонидан бежизга ушбу мақол айтилмаган, яъни: “Ёмондан доғ қолар яхшидан боғ”. Бу мақолга амалий ёндашиб, ҳар бир таноб ердан унумли фойдаланган, серҳосил мева сабзавотлар олган. Шунингдек, ерга ишлов бериш, кўкаламзорлаштириш, деҳқончилик борасида кўплаб халқ мақоллари вужудга келган. “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, “Деҳқон бўлсанг шудгор қил”, “Ер ҳайдасанг кўз ҳайда, кўз ҳайдамасанг минг ҳайда” ва ҳоказо. Ер билан тиллаша оладиган халқимизнинг олтин қўллари билан ҳар йили қанча тонналаб мева-сабзавот, пахта ва дон экинлари етиштирилади.

Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда гўзаллик, жаннат неъматлари васф қилинар экан, албатта, яш-яшил боғлар ва тиниқ анҳор сувлари билан таърифланади. Инсонлар ҳам яшил майдонларни кўрган вақтда бехосдан бу жаннатдек деб қўяди. Демак, яшиллик бу жаннат, яшиллик бу гўзаллик, яшиллик бу инсонлар руҳини кўтарадиган ва қалбини хурсанд этадиган ажойиб манзара. Жамиятни кўкаламзорлаштириш, деҳқончилик қилиш ҳамда дарахт экиш борасида муқаддас динимизда ҳам кўплаб маълумотлар берилган бўлиб, бутун инсониятни бу хайрли-савобли ишга тарғиб этган. Жумладан, Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар бир мусулмон киши кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еб фойдаланса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”  деб айтганликлари келтирилади. Бу чиройли амални қилиш билан инсон ўзи фойдаланишидан ташқари бошқа барча жонзотлар қўш, ҳайвон, ҳашорат борки ундан фойдаланса, унга савоб келтириши таъкидланган ҳамда шу билан инсонлар дарахт экишга тарғиб этилган. 

Экилган дарахтнинг манфаати инсон тириклигида бўлгани каби вафотидан кейин ҳам экувчи учун то қиёматгача садақаи жория бўлиб етиб туради. Албатта, дарахт экилаётганда ихлос билан, уни кўкаришини ният қилиб, ундан ўзи ва ўзгаларга фойдаси етишини мақсад қилиш ҳам лозим бўлади. Дарахт экилгач, унга муносиб парвариш ҳам зурурий иш ҳисобланади. Имом Бухорийдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз умматларини деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга тарғиб этиб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса-ю, сизлардан бирон кишининг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни олдин экиб олсин”. Ҳадисдан фойда инсоннинг умри охирига етиб турибди ёки қиёмат бўлса аввал қўлидаги экиш учун олган дарахтни экиб олиши таъкидланган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дарахт экиш, уни парвариш қилишга ислом динида катта аҳамият қаратилганлигини кўришимиз мумкин бўлади. Бу амални нафақат дунё манфаати учун экиб қўйиш, балки охиратда ҳам унинг фойдасидан умидвор бўлиш лозим экан. Аждодларимиз ҳикматларида айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан фойдаландик. Энди эса, биз экамиз, ундан кейинги авлодларимиз фойдаланади”. Бугун олиб борилаётган яшил майдон яратиш ташаббуси доирасидаги ишлар ўзимиз ва келажагимиз учун катта манфаат келтиради.

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим 

муассасаси директори Ш.Умаров,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Izoh qoldirish

Izohlar