11.11.2022

БОҒИ БЎСТОНЛАРИ ЖАННАТГА ҚИЁС ЮРТ 2-қисм

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилмоқда. Бу лойиҳанинг узоқ йилларга мўлжалланганлиги, бунда мевали ва манзарали дарахтлар, бўталар экиш ва  яшил боғлар яратиш, шунингдек, уларни парваришлаш ва суғориш тизимигача алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳақиқатдан ҳам юртимизнинг жаннатмакон заминга айлантиришга қаратилган муҳим ва ҳаётий зарурат бўлган лойиҳа бўлди.

Лойиҳада дарахтзорларни кўпайтириш, уларни парваришлаш ва муҳофаза қилишга қаратилган қуйидаги муҳим жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мумкин бўлади:

  • дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш;
  • илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш;
  • кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш;
  • ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш;
  • дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш;
  • ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш;
  • дарахтларни шикастлантириш ва нобуд қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини янада ошириш.

    Фармонда белгиланган бу долзарб ва устувор вазифалар дарахтларни экишдан то уларни кейинги давргача сақлаш ва доимий парвариш қилиш ҳамда улар устидан қаттиқ назоратни ўрнатилганлиги ҳам бу лойиҳа шунчаки бир вақт қилиниб, кейин тугаб кетадиган эмас. Чунки бу лойиҳа замирида жамиятни фаровон қилиш, инсон қадрини улуғлаш ва уларнинг меҳнатига муносиб истироҳат олишларини таъминлаш каби буюк мақсадлар турибди. 

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимизнинг барча шаҳар ва туманлари кесимида амалга оширилиши белгилаб қўйилганлигидир. Лойиҳа асосида нафақат катта ва марказий шаҳарлар, балки бутун юртимиздаги шаҳар ва туманларнинг иқлими ва табиати ҳисобга олиниб, барчасида яшил боғларга асос солинади.

Юртни обод ва фарован бўлиши, уни боғлар ҳамда мевали дарахтлар билан таъминлаш борасида буюк аждодларимиз томонидан ҳам тарихда буюк ишлар амалга оширилган. 

Буюк соҳибқирон Амир Темир Самарқандда бир неча боғлар яратиб, шаҳарнинг кўркам ва обод этганлиги тарихдан маълум. Барпо этилган бинолар, яратилган боғлар ҳамда шаҳарнинг гўзал меъморий лойиҳаси ўлароқ, неча асрлар-ки, “Самарқанд – ер юзининг кўрки” деб эътироф этиб келинган. Шаҳарнинг машҳурлиги ва гўзаллиги ўрта асрлардаги буюк рассомларнинг миниатураларида ҳам акс этган. Амир Темир боғларини чорбоғлар, яъни яратилган боғлар ҳамда табиий бўлган дарахт ва чакалакзорлар таркибида ташкил этган. Боғлар яратилар экан албатта, уларда истироҳат масканлари, дам олиш саройлари, кўшк ва чодирлар ҳам бино қилинган.

Боғларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси учун ҳам қулай шароитлар яратилиб, уларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, боғларни барпо этишда хориждан кўплаб усталар, боғбонлар ва меъморлар жалб этилган. Амир Темир боғларини тарихчилар васф қилар экан уларни қуйидаги номларда бўлганлиги таърифланади: Боғи Баланд, Боғи Биҳишт, Боғи Давлатобод, Боғи Дилкушо, Боғи Жаҳоннома, Боғи Майдон, Боғи Нав, Боғи Чинор, Боғи Шамол каби боғлари бўлган. Бу боғларни яратишда Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа ҳудудлардан юксак истеъдодли меъморлар олиб келинган. Амир Темир бу боғларида қасрлар, саройлар қўрдирган ва давлат ишларини ҳам баъзида шу боғларда туриб бошқарган. Мисол тариқасида Боғи Дилкушо боғининг ҳар тарафи 900 м. узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган, 4 дарвозаси, марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Амир Темур томонидан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлардан лавҳалар тасвири қўйилган. Амир Темур Испания элчиси Руи Гонзалес Клавихони ана шу боғда қабул қилганлиги тарихий манбаларда қайд этилади.  

Тарихий манбаларда шаҳарда турли боғлар, оқар сувлар, турли мевали дарахтлар ҳамда чиройли иншоатлар бўлганлиги сабаб Самарқанд ер юзининг жаннати деб эътироф этилган. 

Машҳур муаррих Ибн Баттута Самарқанд шаҳрини шундай таърифлайди: “Самарқанд ўзининг чиройлилиги, яшил боғлари, хўштабиати ва мусоффо сувлари билан дунёда тенги йўқ шаҳардир”. 

Муаррих Мақдисий ҳам Самарқанд тўғрисида: “Самарқанд шундай минтақа-ки, у иқлими, оқар дарёлари, чиройли иморатлари, турли дарахт, мева ва боғлари билан ягонадир. Ёз фаслида шаҳар жаннатни эслатади” деб таъкидлайди.

Юртимизнинг яна бир минтақаси Кеш шаҳрининг боғлари, дарё ва дарахтлари ҳақида ҳам юксак эътирофлар келтирилади. Жумладан, муаррих Закариё ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Қазвиний “Асор ал-билод ва ахбор ал-иъбод”  (“Шаҳарлар ва кишилар ҳақидаги тарих”) номли асарида: “Кеш – Самарқандга яқин шаҳар бўлиб, унда боғу бўстонлар, ҳар хил мевалар мавжуд, мевалари Мовароуннаҳрнинг бошқа жойларига нисбатан анча олдин пишади. Шаҳарда йил давомида узлуксиз оқиб турадиган дарё бор, тоғларида хилма-хил доривор ўсимликлар кўп ўсади ва ундан бошқа ўлкаларга ҳам олиб кетилади. Кешда тузга айланадиган тошлар, фойдали қазилмалар ҳам мавжуд бўлиб, шаҳарнинг ўзи ҳам, ундаги иморатлар ҳам чиройи жиҳатидан гўзал бир шаҳардир”, – деб таъриф берган.

“Яшил майдон”  умуммиллий дастуридан мақсад ҳам тарихда эътироф этилиб, жаннатга қиёсланган юртни янада обод этиш, боғи бўстонлар яратиб Ватанни меъмор этишдир. Зеро, шундай экан бу заминни яшил боғга айлантириш ҳаракатида барчани бирлашиб ҳаракат қилиши, юртни обод этиб уни жаннатга айлантириши бугун шу юрт аҳлининг вазифасидир. Мазкур дастурда белгиланганидек, дарахтни фақат ўтқазиш эмас, уни суғориш, парваришлаш ва муҳофаза этиш тизими ҳам қамраб олинган. Бизда фақат буни ижросини таъминлаш, эккан ҳар бир дарахт учун дунёмизни обод этиб, бу гўзал амалимиз билан охириатда ҳам ажру мукофаатлардан насибадор бўлишлик бор. 

Аллоҳ таоло барчамизга бу икки дунёда ҳам манфаати бор бўлган савобли амални бажаришда кўч ғайрат ва олий ҳиммат бериб, юртимиз ободлигини зиёда ва тинчлигини бардавом қилсин!

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори

Ш.Умаров, тарих фанлари бўйича  фалсафа доктори.

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar