ТЕРМИЗ ШАҲРИДА ИСЛОМ ВА ИСЛМОМ МАКТАБЛАРИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ
Термиз шаҳри Сурхондарё вилоятининг маркази ҳисобланиб, Амударёнинг ўнг соҳилида, Афғонистон чегарасига яқин жойда жойлашган. Ушбу шаҳар Ўзбекистонимизнинг шонли тарихидан гувоҳлик беради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу диёрда ислом ва унинг илмлари равнақ топиб, кўплаб уламоларни дунёга тақдим қилди. Сурхондарё ва унинг атрофида етишиб чиққан алломалар айнан “Термизий” нисбати билан танилди. Улар қолдирган бой илмий, маданий мерослардан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда.
Термиз шаҳри дейилганда кўз олдимизга Термизий уламолар келмасдан илож йўқ. Уларнинг шахсиятини ва қолдирган илмий меросларини ўрганиш биз кейингиларга лозим бўлган ишлардандир. Келинг, буюк Термизий уламолар билан қисқача танишиб чиқсак.
Марказий Осиёлик буюк мутафаккирлардан бири – машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳок Сулламий Термизий бўлиб, у 824 йилда Термизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди. Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб иқтидори билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган Термизий турли фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадина шаҳарларида яшаган.
Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан – илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимлари – машҳур муҳаддисларидан таълим олади. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Давуд, Қутайба ибн Саъид, Ишоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.
Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган. Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган.
Мусофирчиликдан қайтган Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонди ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди. У 892 йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.
Ўз ижодий ва илмий фаолияти даврида Термизий бир қанча асарларни ёздики, уларнинг аксарият қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада ислом уламолари орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари энг нуфузли ва мўътабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири – Имом Термизийдир.
Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-жомиъ” (“Жамловчи”), “Аш-шамоил ан-набавия” (“Пайғамбарга хос сийрат ва фазилатлар”), “Ал-илал фил-ҳадис” (“Ҳадисларни нақл қилишдаги нуқсонлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Ат-тарих” (“Тарих”), “Китоб аз- зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ул- асмо вал-куна” (“Исмлар ва унвонлар ҳақида китоб”) каби асарлар шулар жумласига киради.
Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, “Ал-жомиъ” бўлиб, пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда “Ал-жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Ал- жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”), “Жомиъ Термизий” (“Термизий тўплами”), “Сунан Термизий” (“Термизий суннатлари”) номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади.
Термизийнинг машҳур таълифларидан яна бири “Аш-шамоил ан-набавия” (“Пайғамбарга хос сийрат ва фазилатлар”) бўлиб, баъзи манбаларда “Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллаллоҳу алайҳи васаллам” номи билан ҳам келтирилган. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Термизий асарининг афзаллиги шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга солган ва яхлит бир китоб ҳолига келтирган. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётига доир муҳим манба сифатида “Аш-шамоил ан-набавия” азалдан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келди. Араб тилида ёзилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон, услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб ўтиш ўринлидир. Асарнинг форс ва турк тилларига таржима қилиниши ҳам унга бўлган қизиқишнинг катталигидан далолат беради.
Шундай қилиб, Абу Исо Муҳаммад Термизий бизга бой ва катта илмий мерос қолдирган.
Хайрулла Мардонов – Имом Термизий ўрта махсуc
ислом таълим муассасаси ўқув ишлари
бўйича директор ўринбосари
Izohlar