15.11.2022

Имом Абу Ҳафс Кабир 1-қисм

Абу Ҳафс Кабир куняси, Имом ҳожатбарор лақаби билан машҳур бўлган Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий 150 ҳижрий  (767 мелодий) йили Бухоро шаҳрининг Фагсодара маҳалласида туғилиб 216 ҳижрий (832 мелодий) йили ўша ерда вафот этган. Ҳозирги ҳазрати Имом мазейида дафн этилган.

Абу Ҳафс Кабир Бағдодга бориб, у ерда Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний билан учрашадилар ва ундан дарс ола бошлайдилар. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўзлаштириб, бошка диний илмларда камол даражасига етгандан кейин она шаҳри Бухорога кайтиб келадилар. Бухоро сарзаминида унга тенглашадиган бирор киши бўлмаган. У зот Бухоронинг мутааххир олимлар жумласидан бўлиб, ҳам зохид, ҳам олим эдилар. Бухоро ўша киши туфайли «Қуббат -ул Ислом» (Ислом динининг гумбази) деб аталган. Бухоро аҳолисининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг таркалиши ва имомлар, уламоларнинг ҳурматли бўлишларига у киши сабаб бўлганлар.

Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир купгина фақиҳларни тарбиялаб камолга етиштирган.  Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби асосида фиқҳ илмини сир – синоатларини Мовароуннаҳрда, Ўрта Осиёда биринчи маротаба таркалишида жонбозлик кўрсатган зотдир. Унинг оиласи, хусусан, ўғли Абдуллоҳнинг ҳам бу борада хизмати буюк бўлган. Шунинг учун ҳам уни Абу Ҳафс Сағир, яъни кичиқ Абу Ҳафс деб аташган.

Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати бутун Бухорога, колаверса, бутун ислом оламига таркалади, ҳатто, араб   диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишда кийналиб колишса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар экан.

Наршахийнинг айтишича, ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абу Ҳафс Кабирнинг ёнига келиб, ундан масала сўраган экан. Абу Ҳафс Кабир ҳайратланиб: «Узинг-ку Ирокдан келаяпсан, нима  учун Ирок олимларидан сўрамадинг?» - деганда,  у олим: «Бу масалада Ирок олимлари билан мунозара қилдим, лекин улар жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафс Кабирдан ёки унинг фарзандларидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини айтишади дейишди», деб жавоб беради. Ана шундан кейин Абу ҲафсКабир у масалага жавоб берган эканлар.

ХожаИмом Абу Ҳафс Кабир бир кеча –кундузда Қуръонни икки марта хатм қилар ва шу билан бирга, одамларга илм ўргатар эдилар. Имом Абу Ҳафс Кабир кексайиб заифлашгач, Қуръонни бир марта хатм  қиладиган бўлдилар. Яна ҳам  заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунга кадар, бир кеча - кундузда Қуръоннинг ярмини ўкийдиган бўлдилар. Аллоҳ  таоло уни узининг раҳмати ва ризосига ғарқ этсин!

Абу Ҳафс Кабир ёзган асарлари : «Фатовои Абу Ҳафс Кабир», «Китоб ул Иймон», Самъонийнинг айтишларича, Абу Амр Ахмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Моҳий : «Мен Абу Ҳафс Кабирнинг «Китоб ул- Иймон »деган китобларидан таълим олганман», деб айтган. Абу Ҳафс Кабир фиқҳнинг турли масалалари ёритилган «Ал-Ахвоъ вал ихтилоф» (Хавоий гаплар ва келишмовчиликлар), «Ар-Радду алал-Лафзия»(Юзаки қаровчиларга раддия) ва бошка асарларни ёзганлар.

Хожа Имоми Ҳожатбарор Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий. Бу кишини Хожа деб номланишларига сабаб, Бухородаэнг биринчи ҳожи акбар бўлганлар. Имом Шофеъий Абу Ханифанинг таърифларида: « Одамлар фиқҳда у зотнинг бокимандаларидир » деганларидек, Бухоронинг барча олимлари ҳам Абу Ҳафс Кабирнинг олдларида бутун умр қарздордирлар. Чунки буюк муҳаддис, ҳадис илмининг пешвоси  бўлмиш Имом Бухорий у кишининг шогирдларидан бўлиб ва жуда кўп Бухоронинг олимлари бу кишининг қўл остларида  таҳсил олишган.

Абу Ҳафс Кабирни ҳожатбарор деганликларига сабаб, Бухоронинг амири бўладими, оддий фукароси бўладими, қандай муаммо билан келса, уни ечиб, ҳал қилиб берар эдилар. Айниқса, муомалот ва ибодот масалаларини жуда аниклик билан ечардилар.

Ўша замонда Абу Ҳафс номли уламолар кўп бўлганлиги сабабли Аҳмад ибн Ҳафс хазратларини Абу Ҳафс Кабир деб номладилар. Юқорида зикр қилганимиздек, Абу Ҳафс Кабир Қуръонни бир кунда икки марта хатм қилардилар ва шу сабабли у кишининг ҳузурларига кирган одам Абу Ҳафснинг ҳайбату салобатларидан гапиролмай колганлар.

Ривоят қилишларича, Имом Бухорийнинг кўзлари ожизлашганда у кишининг  волидалари Абу Ҳафс Кабирнинг ҳузурига олиб келиб, дуо қилишларини сурайдилар. Абу Ҳафс Кабир у кишининг оналарига : «Менку дуо қиламан, лекин унинг бир шарти бор. Ўғлингизни кўзи яхши бўлгандан кейин уни Худо йўлида ҳадя  қилдим деб дуо қиласиз», деб айтадилар. Имом Бухорийнинг оналари шу шартга кўниб дуо қилдилар. Онанинг дуоси ижобат бўлиб Имом Бухорийнинг кўзлари соғаяди. Шунинг учун ҳам онаи муҳтарама ўзининг ўғлини мана шундай узоқ  жойларга бориб, илм олишига рози бўлди. Имом Бухорий ёшликларида Абу Ҳафс Кабирнинг олдиларида илм олди. Абу Ҳафснинг кароматларидан бири шу бўлдики, мана шу истеъдодли шогирдларини келажакда буюк илм соҳиби бўлиши ҳақида башорат бердилар ва яна қизиғи шундаки, Имом Бухорийни ҳадисларнинг саҳиҳини тўплашликка ундаган зот Абу Ҳафс Кабирдир. Абу Ҳафс Кабирнинг устозларидан бири Абул Ҳасан Нурий саҳиҳ ҳадисларни тўплашликка саъй қиладилар ва лекин умрлари етмайди, шундан сунг у кишининг васиятлари остида Абу Ҳафс ҳазратлари ҳам саҳиҳларни жамлайдилар, лекин у зот Бухорога келган даврларида у ерда ҳар хил фирқалар кўп эди. Шунинг учун ҳазрат фиқҳга кўпрок эътибор берадилар. Ниятларига етмаганликлари сабабли, ўзларининг кобилиятли шогирдлари Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий)га шу ишни охиригача етказишликка буюрадилар.

 

Низомиддинов Ҳошимжон-Ўзбекистон Халқаро 

Ислом Академияси докторанти. Имом Термизий 

ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.

Izoh qoldirish

Izohlar