16.11.2022

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

          Эътиқод (арабчадан олинган бўлиб) ишонч, имонли бўлиш маъноларини англатади. Кенг маънода эътиқод инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл-йўриқ ва мўлжал бўлиб хизмат қилувчи ҳолатдир. Билим ва ғоялар инсоннинг ҳам акли, ҳам қалби билан ўзлаштириб олинганидагина эътиқодга айланади. Умуман олганда, эътиқод гуруҳ ва оммани жипслаштирувчи, одамларни ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айлантирувчи омил ҳисобланади.

         Эътиқод инсон вояга етиши билан боғлиқ ҳолда тўпланган билимлар, ўзига хос эҳтиёж ва манфаатлар, ҳаётий тажриба асосида шаклланиб, мустаҳкамланиб боради ва шахс фаолиятининг изчил, мантиқий, мақсадли бўлишига олиб келади.

          Юқоридаги сифатий хусусиятлар билан бир қаторда журъатсизлик, қатъиятсизлик ва бефарқлик каби ҳолатлар ҳам мавжудлиги ва улар эътиқоднинг заифлигини кўрсатишини таъкидлаш зарур. Бундай кишилар кўпинча бошқаларга эргашиб ёки тақлид қилиб яшайдилар. Шароитга қараб гоҳ у, гоҳ бу томонга оғадилар. Бундай эътиқодий заифлик, бўшлик шахс камолотига салбий таъсир кўрсатади.

           Агар эътиқод мутаассиб, ирқий, миллатчилик, тор сиёсий ва иқтисодий манфаатлар билан чекланган бўлса, бундай ҳолда у бузғунчилик, беқарорликка хизмат қилади, ривожланишга тўсиқ бўлади. Тараққиёт, ҳурликка етакловчи ишонч ва эътиқод билан бузғунчи, алдамчи, адаштирувчи, ёлғон «эътиқод»ни фарқлаш жуда муҳим.

Ҳар қандай эътиқод диний бўлавермайди. Аммо дин ҳам эътиқоднинг ўзига хос кўриниши сифатида жипслаштирувчи хусусиятга эга. 

            Диний эътиқодда муайян тимсоллар (буюм, ҳаракат, сўз, матнлар) диний маъно ва мазмун касб этади. Уларнинг мажмуи диний йўналишнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатишини таъминлайди. Ҳар бир дин ёки диний конфессия (йўналиш)нинг собит ақидалари мавжуд.

Динларнинг келиб чиқиши бир, аммо башарият турли динларга эътиқод қилади, хатто бир халқ, миллатлар турли диний таълимотларга эргашадиган ҳоллар мавжуд. Барча динларда эзгулик ғоялари устувор, «яхшилик қил, ёмонлик қилма» демаган бирорта диний таълимот йўқ. Барча динларни, хатто энг қадимгиларини ҳам бағрикенглик руҳида ўрганмоқ зарур.

           Диний мавзуни ёритишда бағрикенглик (толерантлик), сабр-тоқатлилик, инсон, жамият, дунё хақидаги қарашларнинг ўзаро мубоҳасаси усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Диний ва нодиний дунёқараш шаклларининг ўзаро ўхшаш томонларига урғу бериш даркор. 

 Бугун Ўзбекистон диний бағрикенглик ва муроса борасида нафақат МДҲ давлатлари, балки бутун дунёга намуна бўлмоқда.  Албатта, халқимизга хос бу хислат бир зумда пайдо бўлган эмас, балки узоқ тарихий асосларига эга.

         IX-асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунна йўналишининг ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳаби қарор топди. Ҳанафийлик ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради. Бу таълимотни такомилга етказган ватандошларимиз — Абу Мансур Мотуридий, Абулмуъин Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг «аҳли сунна вал жамоа» йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. 

Хусусан, ўз даврининг рамзи бўлган Амир Темур эътиқод ва маънавиятнинг катта аҳамиятини тўғри идрок этган. Шарафиддин Али Яздий Соҳибқиронни ҳакли равишда эътиқоди комил инсон сифатида таърифлайди. Энг муҳими, Амир Темур «аҳли сунна вал-жамоа» эътиқодига содиқ, диний ақидапарастликка қарши қатъий бўлган, ислом динини мутаассибликдан холи, эркин тушунган. Унинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган ва шу жиҳатдан ҳам у нафақат ўз асри, балки ҳозирги замон кишиси учун ҳам намунадир.

          Мустақиллик йилларида кутилмаган воқеаларга ҳам дуч келинди. Халқаро терроризм билан уюшиб кетган диний экстремизм эндиликда умумбашарий муаммога айланди. Унинг ечими бир мамлакатнинг қўлида эмас, балки халқаро миқёсдаги саъй- ҳаракатларни талаб қилади.

          Ана шундай мураккаб вазиятда ҳам, Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормокда. Республикада ислом билан бир қаторда бошқа ноисломий конфессиялар ҳам эмин-эркин фаолият кўрсатмокда. Фуқароларга миллати, ирқи, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуклар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмокда.

             Шу нуқтаи назардан қараганда, халқимиз диний ва маънавий қадриятларининг ҳозирги демократик жамият қадриятлари билан уйғунлашиши республикамизнинг келажакда янада равнақ топиши, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

 

Хайрулла Мардонов – Имом Термизий ўрта

махсус ислом таълим муассасаси ўқув 

ишлари бўйича директор ўринбосари

Izoh qoldirish

Izohlar