16.11.2022

Имом Абу Ҳафс Кабир 2-қисм

Ривоят қилишларича, Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода биринчи бўлиб «ҳанафия» мазҳабига оид мадраса кўрдирган зотдирлар. Мадрасалари  ҳозирги «Пойи Калон» мавзеида жойлашган. Уйларидан мадрасага дарс бериш учун келаётганларида бозордан ўтардилар. Ундаги одамларнинг шовкин-сурони у зотнинг ҳайбатларидан тўхтаб коларди.

Ҳамадоний «Фаслул-Хитоб» номли китобида ривоят қилишларича, Бухорода Муҳаммад Толут исмли бир амир бўлган. Бир куни у ўз вазири Ҳашуяга: «Хожа Имом Абу Ҳафснинг зиёратига бориб, ул зот суҳбатига етишайлик»- деганда, Ҳашуя амирга: «Абу Ҳафс ҳузурларида бўлганда ул зотнинг салобатлари босиб, ҳеч бир сўз айтолмай колади киши»- дебди. Амир : «Ҳар нима бўлса ҳам бораман»,  деб вазири билан бирга Хожа Имом Абу Ҳафс олдига борган. У киши масжидда намоз ўқиш билан машғул экан. Пешин намозини тугатиб салом берганидан кейин вазир кириб «Амир келган эди, унинг киришига рухсат борми?» - деб сўраса : «Бор»,- деган. Абу Ҳафс қиблага қараб ўтирган экан, амир кириб унга салом бериб ўтирибди-ю, бирор сўз айта олмабди. Амир Ҳашуяни кўрганида у амирдан: «Хожа Абу Ҳафс қандай экан?» - деб сўраса, амир: «Сен айтгандек экан, унинг олдида бирор гап гапира олмай ҳайратга тушиб қолдим, неча марта халифа ҳузурига бориб у билан сўзлашганман, халифанинг ҳайбати мени сўзлашишдан тўхтата олмаган. Энди, бу ерда эса у кишининг салобатидан сўз айта олмай колдим», - деган екан. [1]

Абу Ҳафс Кабирнинг нафакат ўзлари, балки аҳли оилалари ва фарзандлари ҳам илмли эди. Шунинг учун у зот уйларининг олдидаги шаҳар дарвозаси «Дарвозаи ҳақроҳ» (ҳак йўл дарвозаси) деб номланган эди.

Имом Шамсуддин аз-Захабий ривоят қилишларича, Шайх Муҳаммад ибн Абу Ражо ал-Бухорий дедилар: «Аҳмад ибн Ҳафс бундай деганларини эшитганман:« Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни тушимда кўрдим. Олдиларида бир аёл йиғлаб турганди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:« Йиғлама, ҳали мен ўлганим йўқку!» Абу Ҳафс Кабир айтдилар: Менга Муҳаммад (Имом Бухорий)нинг отаси Исмоил ибн Иброҳимдан бошка ҳеч ким бу тушимни таъбир қилолмади. Бу тушни шундай таъбирладилар: Албатта суннат бундан кейин ҳам қоим бўлаверади.

Яҳё ибн Наср шундай деган: «Мен Хожа  Абу Ҳафс Кабирнинг ҳузурида бўлдим, у эрталабки намозни ўкиб бўлиб, қиблага караб ўтирар ва бир нарса ўқирдилар. Кун чиққач орқаларига қараган эдилар илм ўрганадиган қавм ҳали  келмаган экан. Ўринларидан туриб тўрт ракъат намоз ўкиди ва мана шу тўрт ракъат намозда Қуръондан Бакара, Оли Имрон, Нисо ва Моида сураларини қироат қилиб салом берганида ҳали ҳам жамоат ҳозир бўлмаган эди, у яна ўрнидан туриб ўн икки ракъат намоз ўқиди ва Қуръондан Раъд сурасигача қироат қилди.

      Зоҳид ва олим киши бўлган Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан ривоят қилишларича, у қуйидагиларни айтган эмиш:«Тушимда пайғамбаримиз (с.а.в.)ни Бухоронинг Ҳаркон бозорида кўрдим, (Ҳаркон бозори Муғлар кўчасининг бошидан то дехконлар кўчасигача бўлган жой, уни қадим вақтларда Ҳаркон бозори дер эдилар) пайғамбаримиз (с.а.в.)ни  қўрдимки, у зотнинг олдиларида кўп халқ туришиб пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг келганлигига хурсандчилик қилишар ва пайғамбаримиз (с.а.в.)ни қаерга туширамиз?» -дер эдилар, шунда уни марҳум Хожа Имом Абу Ҳафснинг уйига туширдилар. Мен Хожа Абу Ҳафсни кўрдим, у пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳузурида ўтириб китоб ўқир эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)  уч кун унинг уйида бўлдилар. Абу Ҳафс китоб ўқир, пайғамбар (с.а.в.) тинглар эдилар, шу уч кун ичида пайғамбар (с.а.в.) унга қеч эътироз билдирмадилар ва (уқиганларининг) ҳаммасини тўғри топдилар».

“Аллоҳ таоло кимгаики яхшиликни ирода этса, дин илмида Фақиҳ қилиб қўяди.”, - деган Жаноб Саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари мавжудлиги барчага аён. Жумладан, мазкур зот Имом Абу Ҳафси Кабир ушбу башорат билан васф этилган алломалардан бўлганлар.

       Бизга маълумки Бухоро ўз бағридан бутун ислом олами учун фойда келтирадиган алломалар етиштириб берганлиги боис бир қанча улуғ номлар билан тилга олинган. Жумладан, Бухорои  Шариф, Баҳрул Улум, Қуббатул Ислом деган юксак маънодаги номлар билан аталаган.

        Қуббатул Ислом – айнан мана шу баҳо Имом Абу Ҳафси Кабирнинг жидду жаҳдлари билан Бухоро шахрига берилган унвон бўлди.

Ҳазрат Абу Ҳафс хонақолари собиқ иттифоқ замонида жамоа ҳўжалиги омборхонасига айлантирилган. Ҳовуз ахлатлар билан кўмилиб, унинг мармартошлари ўғирланган еди. Хонақоҳ кун чиқар томонидаги ҳужралар,таҳоратхоналар ярим вайрона ҳолига келтирилган еди.

      Истиқлол шарофатидан хонақоҳ асл ҳолига келтирилиб, намозхонлар ихтиёрига берилди. Ҳовуз, ҳужра, таҳоратхона, минора таъмирланди. «Ҳазрат Абу Ҳафси Кабир » китоби нашр қилинди ва Ўтмишдаги алломаларнинг бебахо мероси кўринди.[2] Муҳтарам юртбошимиз «Юксак маънавият - енгилмас куч» асарларида «Ўтмишдаги алломаларнинг бебаҳо мероси қанчадан - қанча авлодларнинг маънавий, руҳий онгини ва турмуш тарзини шакллантирган эди ва у ҳамон таъсир кўрсатмоқда», дейдилар. 2009- йил ташаббуслари билан Ҳазрат Абу Ҳафси Кабир зиёратгоҳида янги улкан мақбара, янги жомеъ масжид, дарвозахона, ошхона, меҳмонхона, гўзал боғ ва бошқа иншоотлар барпо етилди. Ушбу табаррук зиёратгоҳ Бухоро шаҳри Абу Ҳафси Кабир кўчасида жойлашган.

 

[1]“Бухоро тарихи” Наршахий 131-бет.

[2]Садриддин Салим Бухорий Ҳазрат Абу Ҳафси Кабир. « Бухоро » нашриёти, 2006.

 

Низомиддинов Ҳошимжон- Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.

Izoh qoldirish

Izohlar