Йўлда юрмоқ одоби
Қўйидаги сатрларда исломда йўлда юрмоқ ва автоулов бошқариш одобларини эътиборингизга такдим этамиз:
-Аввало таҳоратли бўлиб яхши ният билан, йўл ҳақида ворид бўлган дуоларни ўқиб йўлга чиқиш мақсадга мувофиқдир. (Уйдан чиқаётганда ўқиладиган дуо): “Бисмиллоҳи, таваккалту алаллоҳи, ва лоҳавла ва лоқуввата илло биллоҳи”. (Автоуловга минганда ўқиладиган дуо): “Субҳоналлазий саххара лано ҳозо ва мо кунно лаҳу муқринийн ва инно ило Раббино ламунқалибун”. Йўлнинг ўнг тарафидан юриб, ўнг тарафида тўхташ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: “Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳаб (яхши)дир”, деганлар.
-Йўлни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.
-Йўл қоидаларига риоя қилган ҳолда қариялар, ёш болали аёллар шунингдек муҳтож йўловчиларга ёрдам бермоқ ҳам динимиздаги таълимотлардандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига уловига минишига ёрдам беришинг ёки унинг устига анжомини олиб беришинг ҳам садақадир», дедилар».
-Баъзан қор-ёмғир кунларда йўлларда кўл бўлган сув устида мошинани ҳайдаб юбориш сабабли пиёда кетаётган йўловчи ё бошқа машиналар устига сувни сачратиб юбориш, машина чироқларини вақтида ва жойида ишлатмаслик, ҳамда беҳуда огоҳлантириш овоз (сигнал) бермоқ ҳам мазкур йўловчини ҳаққини поймол қилиш билан бирга ўзимизни ҳам беҳурмат қилинишимизга сабаб бўлади.
-Йўлга учраган киши хоҳ таниш хоҳ нотиниш бўлсун салом бериш, агар у олдин салом берса алик олиш, йўлга ҳар томонга алангламай, ўз оёғига қараб юрмоқ, адашганларга йўл кўрсатмоқ ҳам йўл одобларидандир.
-Арабларда “Шошилишда надомат, оҳисталикда эса саломат бордир”деган мақол бор. Шунинг учун ноўрин шошилмасликка ҳаракат қилмок лозим. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто баъзан бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Охирида Ҳусайн воизи Кошифининг йўл одоби ҳақида савол–жавоб тариқасида ёзган тавсияларини келтиришни муносиб деб билдик.
Маълумки, инсон бирор иш юзасидан йўл юрмаслигининг чораси йўқ. Савол: Юрмоқда неча нарсага риоя қилмоғи керак? Жавоб: Юриш уч жойдан бирида воқеъ бўлади: 1. Шореъ (катта кўча, омма юрадиган йўл). 2. Бозор. 3. Маҳалла. Буларнинг ҳар бирида юрмоқнинг алоҳида одоблари мавжуд.
Савол: Шореъда юрмоқнинг одоби неча? Жавоб: Саккиздир. 1. Заруратсиз бу йўлга чиқмасин. 2. Ялангоёқ юрмасин. 3. Кибр, манманлик ҳолатида юрмасин. 4. Ўринсиз сўзламасин. 5. Туҳмат ва ғалвали жойлардан ҳазар қилсин. 6. Нопок ва нажас жойларга оёқ қўймасин. 7. Кўп юришни одат қилмасин, магар жамоат намози учун бўлса, мумкин. 8. Қадамини катта-катта ташламасин.
Савол: Бозорга бормоқнинг одоби неча? Жавоб: Еттидир. 1. Бировни елкаси билан итармасликка ҳаракат қилсин. 2. Бошқаларнинг орқасидан қарамасин. 3. Оғиз суви (хусусан носни) ҳар жойга ташламасин. 4. Узоқдан бир кишини чақирмасин. 5. Иши тушмаган дўкон олдида (эшигида) турмасин. 6. Сотиб олмайдиган нарсасининг қийматини сўрамасин. 7. Икки кишининг савдоси орасига кирмасин, магар ислоҳ ё муҳокама ниятида бўлса, майли.
Савол: Маҳаллада юрмоқ одоби неча? Жавоб: Ўн бир: 1. Ўнг ва чапга қарайвермасин. 2. Том усти, эшик ва деразаларга қарамасин. 3. Эшиги (дарвозаси) очиқ уйларнинг ичига қарамасин. 4. Бошқаларнинг йўлини тўсмасин ва тор қилмасин. 5. Бошқаларнинг боласи билан гаплашмасин, уларнинг бош ва юзидан ўпмасин. 6. Иши тушмаган маҳаллага бормасин. 7. Заруратсиз овозини баланд кўтармасин ва ашула айтмасин. 8. Бирор жониворни оёқости қилмаслик учун эҳтиёткорона қадам қўйсин. 9. Ўзидан ёши улуғ ва ё олим кишидан олдин юрмасин. 10. Иши бўлмаган уйнинг эшигида турмасин. 11. Аҳли туҳмат, иғво ва бўҳтон маҳалласига бормасин.
Мусулмон сифатида динимиз томонидан тавсия этилган мазкур одоб ва тавсиялар, шунингдек фуқаро сифатида роҳбарият томонидан буюрилган барча соҳадаги қонун ва қоидаларга амал қилиб итоатда бўлмоқ аввалан инсонийлик бурчимизни бажаришимиз билан бирга шарқона одоб-аҳлоқ ва маънавиятимизни камолга етказмоқ намунасидир. Шунингдек йўлда йўл ходимлари билан ҳусни муомалада бўлмоқ, уларни ҳурмат қилмоқ ва талаб этиладиган ҳужжатларни вақтида тайёрлаб қўйиш, қонунни ҳурмат қилиш ва ўзимизни ҳам ҳурматимизни сақлаб қолишимизга сабаб бўлади. Мазкур одоб ва тавсияларга амал қилиб яхши ниятлар билан йўлга чиққан барча йўловчиларимизни ҳамиша сиҳҳат ва саломат ўз манзилларига етиб боришларини Аллоҳ толо насиб айласин. Омин.
Фазлиддин Кароматуллоҳ - Сурхондарё вилояти
Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор”
жомеъ масжиди имом хатиби
Izohlar