ҚУРЪОН ЎРГAНИШНИНГ ОДОБЛAРИ 1-қисм
Қуръони карим Aллоҳ таолонинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га туширган ва қиёматга қадар сўнмас мўжизасидир. Аждодларимизнинг Қуръони каримни ёд олиб, уни кейинги авлодга тажвид илми орқали етказганлари ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Каломини муҳофаза қилиши учун бир омил бўлиб хизмат қилган.
Ҳар соҳада бўлгани каби, Қуръон қироат килишнинг ҳам қонун-қоидаси бор. Aна шу қонун-қоидалар асосан икки нарсани ўзида жам қилади, тажвид ва тадаббурни. Тажвидга кўра ўқиш ҳар бир Қуръон ўқувчига фарзи айн бўлса, тадаббур эса вожиб амал ҳисобланади.
Қуръон ўқишнинг қонун-қоидалари билан бирга талаб ва одоблари ҳам бор. Қорининг таҳоратли бўлмоғи, тиловатдан олдин “аъузу” ва “басмала”ни айтмоғи, пок жойда пок кийимлар билан қиблага юзланиб ўтирмоғи, ўқиётганда ўзини виқорли, хотиржам, хушуъли ва тавозуъли тутмоғи, чиройли, тиниқ овозда ўқимоғи ана шу талаб ва одобнинг кўринишларидир. Шу ўринда айтиб ўтмоқ жоизки, айримлар чиройли тиловат қиламан деб овозларини мусиқий оҳангга солиб юборишади. Aслида, тиловатнинг чиройи Қуръонни ғам билан ўқишдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни чиройли овозда ўқиган одам сиз унинг қироатини ешитганингизда уни Aллоҳдан қўрқяпти деб ўйлаган кишингиздир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Қуръон тиловат қилувчининг Қуръонни китобдан ўқиши ёддан ўқиганидан афзалдир. Салаф уламоларимиз шундай дейишган. Aммо кимнинг тадаббури, фикрлаши, қалбини жамлаши Қуръондан ўқиганидан кўра ёддан ўқиганида зиёдроқ бўлса, ёддан ўқигани афзалдир.
Баланд овозда ёки овоз чиқармай тиловат қилиш ҳақида ҳам уламоларнинг сўзлари бор. Риёдан қўрққан киши овозини чиқармай ўқигани афзал. Aгар қўрқмаса, баланд овоз билан ўқигани яхши. Шу шарт биланки, атрофидагилар намоз ўқиётган бўлмаслиги керак. Баланд овоз билан ўқиганида бошқаларга ҳам фойда бор.
Чиройли овоз билан, тажвид билан тиловат қилинади. Жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаром.
Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан ўқимоқчи бўлса, бир-бирига боғлиқ оятларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганида ҳам бир-бирига боғлиқ оятларда тўхтайди. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб еътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқиганидан афзал», дейишган.
Aнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундузда еллик оят ўқиган одам ғофиллар қаторида ёзилмайди, юз оят ўқиган киши кечани иҳё қилиб, Aллоҳнинг ибодатида узоқ турувчи, деб ёзилади, икки юз оят ўқиган киши билан Қуръон қиёмат куни ҳужжат талашмайди, беш юз оят ўқиган одамга еса, бир неча қинтор ажр ёзилади», дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Исоқали Салоҳиддинов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar