12.11.2025

МИСЛИ КЎРИЛМАГАН ҚАҲРАМОНЛИК

Бану Жумаҳ уруғидан ҳисобланган Умайя ибн Ҳалаф  ўз қули Билол ибн Робаҳ розияллоҳу анҳуни исломга киргани учун азобларди. Мақсади буюк саҳоба, Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ муаззини, Билол ибн Робаҳ розияллоҳу анҳуни шу йўлдан қайтариш эди. Умайя ибн Халаф бу йўлда Билол ибн Робаҳга азоб бериш учун, у зотни бўйинларига арқон боғлаб ёш болаларга бериб қўяр, улар эса буюк саҳобани Маккани тоғлари бўйлаб тортқилаб юрарди. Арқон у зот розияллоҳу анҳуга шу қадар азоб берардики, ҳатто бўйинларида ўз изини қолдирарди. Бу азобларнинг энг қаттиғи, Умайя ибн Халаф ўз шериклари билан кун қаттиқ исиган вақтда Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуни қизиган қумлоққа олиб чиқиши, ва у зотни чалқанча ётқизиб, кўксига катта тошни қўйиш эди. Бу азоблар мингдан бири эди. Чунки Умайя ибн Халаф Билол розияллоҳу анҳунинг бошига мисли кўрилмаган азобларни соларди. Лекин Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ муаззини “Аҳад, Аҳад” деб такрорлашдан нарига ўтмасди. 

 Бу азоблаш кундан кунга шиддатлашиб борарди. Бир кун азобланаётган Билол ибн Робаҳ розияллоҳу анҳунинг ёнидан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. Ҳамда Умайя ибн Халафга “бу бечорани нега бунчалар қийнайсан?” деди. Шунда Умайя “буни бузган ўзингсан энди уни ўзинг қутқар” деб жавоб берди. Шу вақтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Билол ибн Робаҳ розияллоҳу анҳуни ўзининг бақувват хабаший қўлини эвазига (баъзи ривоятларда 5 ёки 7 увқия[1]кумуш) сотиб олиб, озод қилиб юборди. 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сотиб олиб озод қилиб юборган қуллар рўйҳати Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу билан тугаб қолмади. Чунки Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жами бўлиб 7 та қулни сотиб олиб, озод қилиб юборган.

Шу вақтларда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни бу ишларидан хабардор бўлиб юрган отаси Абу Қуҳофа (бу вақтда мусулмон эмас эди) розияллоҳу анҳу “нимжон қулларни озод қиляпсан экан, ундан кўра бақувват қулларни озод қилмайсанми?” деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса “бу ишларни Аллоҳнинг розилиги учун қиляпман” деб жавоб берди.

Шу ўринда Аллоҳ таоло Лайл сурасининг охирги оятларини нозил қилди. Бу оятларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва у зотга ўхшаганларнинг саҳоватини мақтаб, Умайя ибн Халаф ва унга ўхшаган дин душманларига ўзининг аламли азобини эслатиб ўтди. 

 فَأَنذَرْتُكُمْ نَارًا تَلَظَّىٰ 

Бас, Мен сизларни (алангаси авж олиб турган) ўтдан огоҳлантирдим.

 لَا يَصْلَاهَا إِلَّا الْأَشْقَى 

У(ўт)га бадбахтдан бошқа ҳеч ким кирмас.

 الَّذِي كَذَّبَ وَتَوَلَّىٰ 

Ўша ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган эди.

 وَسَيُجَنَّبُهَا الْأَتْقَى 

Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади.

 الَّذِي يُؤْتِي مَالَهُ يَتَزَكَّىٰ 

У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди.

 وَمَا لِأَحَدٍ عِندَهُ مِن نِّعْمَةٍ تُجْزَىٰ 

Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди.

 إِلَّا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِ الْأَعْلَىٰ 

Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қилади.

 وَلَسَوْفَ يَرْضَىٰ 

Ва у албатта тезда рози бўлади.

  (Layl surasi 14-21- oyatlari)

 

Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] 1 uqiya kumush 40 diramga teng. Kumushda zakot nisobi 200 dirham. Shunda 5 uqiya 200 dirham hisoblanadi. Ya’ni Abu Bakr roziyallohu anhu o‘sha vaqtda Bilol roziyallohu anhuni eng kamida bir zakot nisobiga sotib olgan ekan. 

Izoh qoldirish

Izohlar